Қозоғистон айрим меҳнат муҳожирларининг фаолиятини қонунийлаштирди

- Author, Шодиёр Сайф
- Role, Би-би-си, Олма-ота
Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев мамлакатга келиб ишлайдиган бир тоифа меҳнат муҳожирларини қонунийлаштиришга қаратилган қонунга имзо чеккан. Энди ўзига тўқ қозоғистонликлар 5 нафаргача меҳнат муҳожирини қонуний равишда уй юмушларида ишлатиши мумкин. Бунинг учун давлат ғазнасига ойига 22 доллар атрофидаги солиқ тўланса кифоя.
Президент Назарбоев “Қозоғистон республикасининг меҳнат муҳожирлари тўғрисидаги айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги” қонунга имзо чекди.
Қонунда шунингдек, бармоқ изларини олиш орқали меҳнат муҳожирлари устидан назорат оширилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Остонадан иқтисодчи Сапарбой Жубаев ушбу қонун Қозоғистоннинг Божхона иттифоқидаги фаоляти ва ташкилот томонидан қўйилган талаблар асосида қабул қилинганини айтади.
“Божхона иттифоқининг ҳам умумий талаблари асосида янги қонун қабул қилинди. Иқтисодий томондан жуда катта ўзгариш бўлмайди. Лекин келадиган одамлар рўйхатга олиниш шарти билан тартибга солинади. Масалан, қишлоқда уй соладиган бўлса, уйига чет элдан беш одамни жалб қилиши мумкин. Шу вақтгача ҳам ишлатилган, лекин кўп ҳолатда улар рўйхатга олинмасдан, бор қонунларни айланиб ўтиб ишлатаверса бўларди”.
Қонун лойиҳаси қабул қилингунга қадар муҳокамаларга сабаб бўлган. Парламент уни ёзги таътилга чиқиб кетишдан олдин сенатга юборганди. Аммо сенат қайта ишлаш учун яна парламентга қайтарди. Натижада бир неча ўзгартиришлар ортидан қонун қабул қилинди.
Ушбу қонун муҳокамасида фаол иштирок эксперт Акбар Ҳусаинов қонун бир тоифа меҳнат муҳожирлари учун яхши хабар бўлганини айтади.
“Бу қонунни бизнинг бир қисм мигрантлар учун ютуқ деса бўлади. Аммо тўлиқ ҳолатда ютуқ деб бўлмайди. Бу ғалабаларнинг бошлиниши бўлиши мумкин. Охиригача етиш учун вақт керак”.
Акбар Ҳусаиновга кўра қонуннинг асосий мақсади ноқонуний юрган меҳнат муҳожирларини қонунийлаштириш ва давлат ғазнасига пул тушириш бўлган. Бироқ ушбу қонун фақат жисмоний шахсларга белгиланган ишларни бажартириш учун мигрантларни жалб қилиш имконини беради. Унда ишчиларнинг сони ҳам чекланган бўлиб 5 тадан ортиқ бўлмаслиги керак. Аммо Қозоғистонда асосий меҳнат муҳожирлари қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаши айтилади.
“Лекин афсуски, мигрантларнинг орасида мана шундай ишларга жалб қилинадигани 10 -15 фоиз чиқиши мумкин. Асосий қисм қурилиш ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинади. Афсуски, қонунда бу соҳалаорга доир тушинтиршлар йўқ. Қурувчи бўлиб келаман деса қонунда бунга рухсат йўқ,” – дейди Акбар Ҳусаинов.
Ҳусаиновга кўра, қонун қабул қилингани билан унинг ишлаш механизми ҳали ишлаб чиқарилмаган ва уй юмушлари билан шуғулланмоқчи бўлган мигрант рухсатномани қайси мутасадди органдан олиши мумкинлиги кўрсатилмаган.
Қонун бўйича меҳнат муҳожирига 1 ойдан 3 ойгача Қозоғистонда юриш ва ишлаш рухсати берилади. Ушбу рухсат қозоғистонлик иш берувчининг аризаси асосида 1 йилгача чўзилиши мумкин.
Ҳозир Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонда узоғи билан 2 ойгача юриши мумкин. 2 ойдан сўнг мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур ёки домий яшаш учун ҳужжатларни тўғрилаши керак.
Шу билан бирга ушбу қонунга қарши томонлар ҳам бор, шулардан бири қозоғистонлик эксперт Марат Шибутов мигрантларнинг фаолияти қонунийлаштирилиши ортидан бир неча салбий ҳолатлар пайдо бўлишини тахмин қилади.
“Бизда 2,5 миллион атрофида ўз ўзини иш билан таъминлаган аҳоли борлигини инобатга олсак, хорижликларнинг ишлашини қонунийлаштириш катта муаммо келтириб чиқаради. Бу одамлар доимий маош олмайди, иш тополмайди. Қурувчи ёки уй ишларида ишлашади”, - дейди Марат Шибутов.
Таҳлилчига кўра агар қонун кучга кирса бу одамларнинг кўпчилиги ишсиз қолиши, улар эгаллаб турган иш ўринларига арзон ишчи кучи бўлган меҳнат муҳожирлари эгаллаши мумкин.
Бироқ иқтисодчи Сапарбай Жубаев бу фикрларга қўшилмайди. Унга кўра, мигрантларнинг қонунийлаштирилиши меҳнат бозоридаги рақобатни оширади.












