Қирғизистонда контрабандачиларнинг сув ости "ароқ йўли" топилди

Қозоғистон Божхона Иттифоқига қўшилгач, мамлакат маҳсулоталрини қўшни давлатларга контрабанда йўли билан олиб чиқиш кучайди
Сурат тагсўзи, Қозоғистон Божхона Иттифоқига қўшилгач, мамлакат маҳсулоталрини қўшни давлатларга контрабанда йўли билан олиб чиқиш кучайди

Қирғизистон чегара хизмати мамлакатга спиртли ичимликларни контрабанда қилишнинг ғайриодатий усулини аниқлаганлар.

Контрабандачилар алкоголни Қозоғистонга сув ости қувур йўли билан ўтказишгани ошкор бўлган.

Кичик қувурча Қозоғистон ва Қирғизистонни ажратиб турувчи Чуй дарёси тубидан ўтказилган экан, дейди Қирғизистон Чегара Хизмати матбуот Котиби Гулмира Бўрибоева.

"Резина шлангнинг узунлиги беш юз метрдай, эни 20 сантиметрларча бор. Бизга ушбу қувур орқали Қозоғистондан Қирғизистонга спирт ўтказилган экан. Бизнинг чегарачилар топилган қувур борасида қозоқ ҳамкасбларига хабар беришди. Улар ҳам қазиш ишларини бошлашди. Охири спирт ўтказиш йўли топилди", - дейди Гулмира Бўрибоева.

Қирғиз чегарачилари гумонига кўра, ушбу сув ости қувури орқали мамлакатга "минглаб литр" спиртли ичимлик киритиб турган.

Аммо, "кашфиётчи-контрабандачилар"ни ушлашнинг имкони бўлмаган.

Спиртни ноқонуний йўллар билан Қирғизистонга олиб кириш илк бор кузатилаётгани йўқ.

Шу йил бошида Чуй дарёси остидан ўтган "ёғ қувури" аниқланганди.

Дунёнинг энг йирик буғдой экспорчиларидан ҳисобланган Қозоғистонда спирт жуда арзон туради.

Ўтган йили Қозоғистон Божхона Иттифоқига қўшилгач, спиртни қўшни давлатларга олиб чиқиш тақиқланганди.

Натижада қўшни давлатларда, жумладан Қирғизистонда спирт баҳоси қимматлади, Қозоғистондан контрабанда йўллари билан спирт олиб чиқиш уринишлари эса кучайди.