Расмийлар муҳожирлар жамлоғида касаллик тарқаганини рад этишмоқда

Сурат манбаси, AFP
Россиянинг бош санитар врачи Геннадий Онищенко Москвадаги муҳожирлар сақланаётган чодир жамлоқда касаллик тарқагани ҳақидаги хабарларни рад этган.
Интерфакс агентлигининг жаноб Онищенкодан иқтибос келтиришича, "Роспетребнадзор" мутахассислари Гольяноводаги лагерда санитария-эпидемиология нормалари бузилиши билан боғлиқ қатор ҳолатларни аниқлашган, аммо муҳожирлар орасида инфекцион касалликлар аниқланмаган.
Аввалроқ муҳожирлардан 30 нафарининг шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарлар олинган.
Улар, асосан, въетнамликлар экани айтилади.
Чодир жамлоқда бўлган Би-би-си журналисти Соҳиба Ҳайитбоеванинг айтишича, жамлоқдаги шароитларнинг ёмонлиги ва берилаётган овқатлар сифатининг пастлиги боис кўпчилик муҳожирлар ошоқозон-ичак касалликлари билан оғришган.
"Муҳожирлар битта кийимда олиб келинган ва ўша кийимда юришибди. Ҳаво кундузи иссиқ, кечаси салқин бўлгани учун уларнинг соғлиғига путур етиши табиий", - дейди Москвадаги ҳамкоримиз.
Жамлоқ кўчирилади
Айни пайтда Гольяноводаги муҳожирлар лагерининг бошқа жойга кўчирилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлган, аммо Федерал Муҳожирлик Хизмати бу борада ҳеч қандай ахборот бермаган.
Журналистларга кўра, жамлоқни кўчириш қарори расмийларнинг танқидларга жавоби бўлиши мумкин.
Жамлоққа биринчи муҳожирлар олиб келинган 5 августдан буён Москва ва бошқа йирик шаҳарлар, шунингдек, вилоятларда яна минглаб ноқонуний муҳожирларнинг ушлангани хабар қилинган.
Уларнинг қаерда сақланаётгани номаълум.
ФМХ Россия бўйлаб ноқонуний муҳожирлар учун 43 та махсус марказлар ташкил этилишини айтган.
Ҳам жарима, ҳам депортация
Жума куни шунингдек, ноқонуний муҳожирлар учун жариманинг янги миқдори ҳақидаги тартиб кучга кирган.
Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари ҳамда ҳар икки вилоятда амал қиладиган янги тартибга мувофиқ, муҳожир Россияга кириш ёки муҳожирлик қайди билан боғлиқ амалдаги тартибларни бузгани тақдирда, у 7 минг рубл миқдорида жаримага тортилади.
Ҳозирга қадар бу миқдор 2 минг рублни ташкил этган.
Шу кунгача депортацияга тобеъ муҳожирлар жаримага тортилмас эди.












