Россия: муҳожирларга қарши кампания миқёси кенгаймоқда

Ҳуқуқ фаоллари жамлоқдаги шароитларни танқид қилишмоқда

Сурат манбаси, RIA Novosti

Сурат тагсўзи, Ҳуқуқ фаоллари жамлоқдаги шароитларни танқид қилишмоқда

Москва шарқида ноқонуний муҳожирлар учун барпо этилган чодирли жамлоққа олиб борилганлар сони 600 дан ошиб кетган. Уларнинг орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Айни пайтда муҳожирларга қарши ов Россиянинг бошқа минтақаларига ҳам ёйилган.

Бугун полиция Москва вилояти, Курск ва Хабаровскда рейдлар ўтказгани ҳақида хабарлар олинган.

Хабаровск бозорида олиб борилган рейд чоғида 200 нафар ўзбек, қирғиз, турк ва ҳинд фуқаролари ушлангани айтилади.

Муҳожирларни ҳибсга олиш тўлқини 2 август куни полиция Москвада, асосан вьетнамликлар ишлаб келган бир неча яширин тўқув цехларини аниқлаши ортидан бошланиб кетган эди.

Таҳлилчилар жорий кампанияни Москва шаҳар ҳокимлигига сайловлар билан боғлашади.

Айни пайтда Россиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Владимир Лукин чодирли жамлоқдаги шароитлардан хавотир билдирган.

Москвадаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари марказининг "Муҳожирлик ва ҳуқуқ" тармоғи раҳбари Светлана Ганнушкина Би-би-си билан суҳбатда Россия расмийларини муҳожирларга қарши кампания олиб боришда айблади.

Унинг сўзларига кўра, ноқонуний муҳожирлар учун барпо этилган махсус жамлоқнинг ҳеч қандай ҳуқуқий мақоми йўқ.

Светлана Ганнушкина: Биринчидан, шуни айтишни истардимки, ҳибсга олинганлар фақатгина ноқонуний муҳожирлар эмас. Уларнинг орасида қонуний муҳожирлар, хали Россияда яшаш ва ишлаш учун рухсатномасининг муддати тугамаган муҳожирлар ҳам анчагина. Уларни фарқлаб ўтиришмаган. Ҳаммасини ёппасига босиб, чодирларга олиб келиб, тиқишган. Менинг ўзим икки марта, жума куни ва якшанба куни куннинг иккинчи ярмида бу лагерда бўлдим. Хусусан, якшанба куни у ерда хали рухсатномаси тугамаган бизнинг собиқ ватандошларимиз- Ўзбекистон ва тожикистонлик меҳнат муҳожирларини кўрдим. Бундан ташқари, бир сурияликни кўрдим, қўлида хали уч ойлик визаси бор. У бечорани эрталаб югуришга чиққан пайти спорт кийимида олиб кетишган. Қарорда эса, "лагердан топиб олдик", деб ёзилган. Қандай қилиб лагердан топиб олиш мумкин?. Судлар уларнинг мақомини аниқлашга нафақат етарли вақт сарфлаган, балки умуман, вақт сарфламаган. Суд қарорларида уларни ҳуқуқбузарлар, деб атаб, жаримага маҳкум этиб, Москвадаги хориж фуқаролари сақланадиган марказга жўнатиш айтилган. Аммо ўрнига палаткали лагерга олиб келишган. Бу мутлақо ноқонуний бир амал, муҳожирларга қарши кампаниячиликдан бошқа нарса эмас.

Би-би-си: У ердаги яшаш шароитлари ҳақида нима дея оласиз?

Светлана Ганнушкина: Биласизми, яшаш шароитлари, эҳтимол, мени энг кам безовта қилаётган нарса. Асосий масала бу лагернинг мақоми. Гарчи 50 метрлик бир палаткада 40 та одамни сақлашни ҳеч қандай шароит деб атаб бўлмайди. Тиқилинч, иссиқ ва ноқулай. Тиззагача сув, ичимлик суви йўқ. Якшанба куни биз у ерда бўлганимизда, мобил алоқаси ишламаётган, телефон қилишнинг имкони йўқ эди. Биз суҳбатлашган вьетнамликлар яқинларига хабар бера олмаётганликларини айтишди. Яқинлари эса уларнинг тақдиридан хавотир олиб, элчихонага қўнғироқ қилишган. Улар нима учун ўзларига дўст бир давлатда қанақадир лагерга тиқиб қўйилганликларини тушунолмай ҳайронлар. Умуман, лагер сўзи улар учун урушдан қолган қўрқинчли бир нарсани англатади. Қисқаси, муҳожирлар орасида қўрқув, ваҳима...

Би-би-си: Виза ва рухсатномаси тугамаган муҳожирлар маҳкаманинг қароридан бирон жойга шикоят қилишлари мумкинми?

Светлана Ганнушкина: Йўқ, албатта. У ерда қоғоз-қалам йўқ. Вьетнамликлар эса умуман рус тилида гапиришмайди. Қандай қилиб шикоят қилиши мумкин?. Биз ҳозир бир афғон ва икки суриялик муҳожирлар учун ҳимоячиларни юбордик. Улардан бири бошпана сўраган, сурияликларга эса хатто ҳужжатларини олишга ҳам руҳсат беришмаган. Суд қарорида эса, "лагерда ҳужжатсиз юрганини аниқладик", деб ёзишган. Бизнинг ҳимоячиларимиз уларга маҳкама қарори устидан шикоят қилишга ёрдам беришаяпти. Аммо қолганлар нима қилишади, мен билмайман. Муҳожирлар учун палаткали лагер, бу - мутлақо ноқонуний ва ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга бўлмаган бир кўринишдир.

Би-би-си: Аммо Федерал муҳожирлик хизмати бунга ўхшаш лагерлар Оврўпода ҳам борлиги ва Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам бу каби жамлоқлар қурилишини айтаяпти. Бунинг учун махсус қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган экан...

Светлана Ганнушкина: Биласизми, мен Оврўподаги жамлоқларда бўлганман. Аммо улар палаткали лагерлар эмас. Мен Олмонияда бўлганман. У ерда турли кўринишдаги жамлоқлар мавжуд ва улар инсоннинг яшаши, тирик организмнинг фаолият юритишига мослаб қурилган. Ва асосийси, у ердан одамларни ташқарига чиқаришади. У ерда одамларни қўриқлаб ўтиришмайди ва бемалол телефон қила оладилар. Россияда эса, одамларни ҳеч қандай ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган бир ҳудудда, қўриқчилар назоратида ҳибсда ушлаб туришибди.

Би-би-си: Бу жамлоқда муҳожирларни қанча муддатгача ушлаб туриш мумкин? Расмийлар нима дейишаяпти?

Светлана Ганнушкина: Мени аминманки, расмийларнинг ўзлари бундан кейин нима бўлишини билишмайди. Бизда ҳокимият аввалига ниманидир бошлаб қўяди-да, кейин "Нима қилмоқ керак?" деган саволни сўрайди. Муҳожирларнинг яна қанча туришларини ҳеч ким билмайди. Бу амалиётнинг ҳаммасига полиция бошчилик қилаяпти. ОМОН назорат қилмоқда. Яъни полиция ўзига хос бўлмаган ижтимоий ходим вазифасини бажаряпти. Ҳозир бу кампания бутун Россия бўйлаб ёйилмоқда. Бошқа шаҳарлардан ҳам муҳожирларнинг ушлангани ҳақида хабарлар келяпти. Умуман, вазият аянчли ва ҳеч ким юзага келган ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришга шошилмаяпти. Назаримда, бу фақат Москва ҳокимлигига сайловлар билан боғлиқ эмас, балки ундан кенгроқ миқёсдаги бир сиёсий кампанияга ўхшаб туюляпти.