HRW: 'Лопес Туркманистонда олган пулини ҳайрия қилсин!'

Лопеснинг вакили унинг Туркманистондаги аҳволдан бехабар бўлганини айтган
Сурат тагсўзи, Лопеснинг вакили унинг Туркманистондаги аҳволдан бехабар бўлганини айтган

Human Rights Watch ташкилоти америкалик таниқли қўшиқчи ва актриса Женнифер Лопесни туркман президентига куйлагани учун олган ҳақни Туркманистондаги сиёсий репрессиялар қурбонлари учун ҳайрия қилишга чақирган.

Нью Йоркда жойлашган инсон ҳуқуқлари ташкилоти чоршанба куни тарқатган баёнотда айтилишича, Лопес хоним олган пулларини Front Line инсон ҳуқуқлари ташкилоти, Марказий Осиёдаги ҳуқуқ фаоллари ёки БМТнинг "Қийноқ қурбонларига ёрдам жамғармаси" сингари ташкилотларга бериши мумкин.

"Туркманистон ҳукумати шафқатсиз қийноқлар қўллаши ва ҳуқуқ фаолларининг овозини ўчириб келиши билан маълум", - деб айтган Human Rights Watch ижрочи директорининг ўринбосари Керол Богерт.

"Женнифер Лопес ҳайрия қилиш билан ўз хатосини тузатиши мумкин", - деган ташкилот вакили.

29 июн куни Туркманистоннинг Каспийбўйи истироҳатгоҳидаги концертда иштирок этган америкалик таниқли актриса ва қўшиқчи Президент Гурбангули Бердимуҳамедовни туғилган куни билан табриклаган.

Концерт Хитойнинг давлат нефт ва газ ширкати China Petroleum томонидан молиялангани айтилади.

'Бехабар'

Лопес хонимнинг концерт учун 1 миллион АҚШ долларига яқин ҳақ олгани хабар қилинган.

Унинг сўзчиси Женнифер Лопес Туркманистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволидан бехабар бўлганини айтган.

"Женнифер у ердаги вазиятдан хабардор бўлганида Туркманистонга бормас эди", деб айтган қўшиқчининг агенти Жэй Ло.

Унинг сўзларига кўра, Женнифер Лопесдан "Туғилган кунингиз билан, мистер Президент!" номли қўшиқни ижро этишни энг сўнгги дақиқада сўрашган ва Лопес хоним "илтифот юзасидан бунга рози бўлган".

Женнифер Лопесни биринчи бўлиб Инсон Ҳуқуқлари Федерацияси танқид қилиб чиққан.

"Лопес Туркманистон президенти базмида қатнашиб, Amnesty International ташкилотининг ҳимоячисидек унвонни обрўсизлантирди", - деб айтган ташкилот 30 июн куни тарқатган баёнотида.

Жаноб Бердимуҳамедовнинг 56 ёшга тўлиши муносабати билан Каспий бўйидаги "Овоза" оромгоҳида уюштирилган дабдабали концертда Женнифер Лопесдан ташқари, Россиядан Филипп Киркоров, Сати Казанова, Ани Лорак, шунингдек, Туркия ва Ливандан санъаткорлар иштирок этишган.

Human Rights Watch ташкилоти Туркманистон дунёдаги энг репрессив тузумлардан бири эканини айтади.

Бироқ Женнифер Лопес жаҳон миқёсида танқидларга тутилган илк юлдуз эмас.

2010 йилда британиялик таниқли қўшиқчи Стинг Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг тадбирида қўшиқ куйлагани учун ғарб матбуотида "иккиюзламачи" дея айбланган.