Нега Британ Бош вазири Девид Кэмерон Қозоғистонни танлади?

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 1 дақ

Британия бош вазири Девид Кэмерон Афғонистон ва Покистондан кейин Қозоғистонга сафар қилмоқда.

Бу иқтидордаги Британ бош вазирининг умуман Марказий Осиёга биринчи расмий сафаридир.

Буюк Британия нефтга бой Қозоғистон иқтисодига ётирим киритиш бўйича учинчи йирик сармоядор мамлакат саналади.

Ҳозирги сафар давомида ҳам яна бир неча қўшимча янги тижорий шартномалар имзоланиши кутилмоқда.

Қозоғистон Британиядаги таҳлил ва билимга ҳам эҳтиёжманд.

Масалан, Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блейр Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевга маслаҳатчилик ҳам қилади.

Энди эса иқтидордаги Британия бош вазирининг Қозоғистонга келиши жаноб Назарбоев ва Қозоқ ҳукумати учун фахрли воқеликдир, деб хабар қилади Би-би-си мухбири Раёҳон Демитри.

Девид Кэмероннинг икки кунлик сафари давомида унга кўп сонли Британия тижорат ҳайъати ҳам унга ҳамроҳлик қилади.

Улар Каспий денгизи бўйидаги жуда катта нефть кони ва у ердаги амалга оширилаётган улкан лойиҳани бориб кўришади.

Қозоғистондаги шундоқ ҳам бир неча Британия йирик ширкати фаолият юритади.

Эндиликда янада кўпроқ Британ тижоратлари Қозоқлар билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаши кутилмоқда.

Айни дамда, Афғонистондан олиб чиқилаётган Британия асбоб-ускуна ҳамда техникаларини Қозоқ темир йўллари орқали олиб ўтиш бобида ҳам Лондон расмийлари келишувларга эришмоқчи.

Аммо инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Девид Кэмеронни танқид қилишлари эҳтимоли катта.

Хусусан, қандай қилиб Британия бош вазири бугун демократия бобида орқада қолаётган мамлакат раҳбари билан апоч-чапоқ бўлаяпти, деган танқидлар янграши мумкин.

Уларга кўра, Қозоғистондаги демократия ва инсон ҳуқуқларига оид ҳолат бу мамлакатнинг иқтисодий ютуқлари билан солиштирганда, жуда орқада қолмоқда.

Қудратдаги Британ бош вазирининг Марказий Осиёга илк сафари нега фақат Қозоғистон билан чекланиб қолмоқда?

Бу биргина иқтисодий манфаатларга боғлиқми?

Не боис минтақадаги геостратегик жиҳатдан Ғарб учун энг муҳим аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон эмас, балки Қозоғистон танланган?

Би-би-си ушбу савол билан Франциядан сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди.