Россия Тергов Қўмитаси: '5 нафар ўзбек муҳожирининг ўлими текширилмоқда'

ЎЗбекистонликларнинг кўпчилиги қурилиш иншоотларида меҳнат қилишади

Сурат манбаси, RIA Novosti

Сурат тагсўзи, ЎЗбекистонликларнинг кўпчилиги қурилиш иншоотларида меҳнат қилишади

Санкт Петербург шаҳар тергов қўмитаси заҳарланишдан вафот этгани тахмин этилаётган 5 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ўлимини текшираётганини маълум қилган.

Россия матбуотининг хабарларига кўра, 23 январ куни Россия шимолий пойтахтининг Пушкин тумани "Славянка" мавзейида барпо этилаётган иншоотлардан бирида беш эркакнинг жасадлари аниқланган.

Дастлабки хабарларда уларнинг барчаси Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирлари экани айтилади.

Сешанба куни Санкт Петербургдаги 100 ТВ телеканали Россия Тергов Қўмитасига иқтибосан заҳарланиш натижасида ҳалок бўлгани тахмин этилаётган муҳожирларнинг ўзбекистонликлар экани ҳақида хабар тарқатган.

Хабарда айтилишича, Федерал Муҳожирлик Хизмати Санкт Петербургдаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида текширув ўтказган.

Ҳозирга қадар ҳалок бўлган муҳожирларнинг қонунийми ёки ноқонуний муҳожирлар бўлгани номаълум.

Расмийлар ҳалок бўлганларнинг жасадларида зўравонлик ёки қасддан ўлдирилганлик белгилари бўлмаганини айтишмоқда.

Регнум хабар агентлигининг Россия Тергов Қўмитасидан иқтибос келтиришича, ҳодиса юзасидан бир қатор фаразлар кўриб чиқилмоқда.

"Жумладан, сифатсиз озиқ-овқат маҳсулоти ёки таркибида спирт бўлган суюқликдан заҳарланиш билан боғлиқ фаразлар ҳам текширилаяпти", - деб айтган Тергов Қўмитаси вакили.

Россия матбуотига кўра, меҳнат муҳожирларининг бахтсиз ҳодиса натижасида ҳалок бўлиши ҳодисаси биринчи марта содир бўлаётгани йўқ, аммо бу каби катта сондаги меҳнат муҳожирларининг бирданига ўлими илк бор кузатилаяпти.

Санкт Петербугдаги ўзбекистонлик муҳожирларнинг "Умид" ташкилоти раҳбари Алижон Ҳайдаровнинг Би-би-сига айтишича, "Славянка"да фақат ўзбеклар эмас, балки бошқа марказий осиёликлар ҳам меҳнат қилишади.

Федерал Муҳожирлик Хизматига кўра, 2011 йилда Санкт Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида 12 мингга яқин меҳнат муҳожирларининг ноқонуний яшаб келганлари аниқланган.

Жиноий жавобгарлик

Федерал Муҳожирлик Хизматига кўра, 2011 йилда Санкт Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида 12 мингга яқин меҳнат муҳожирларининг ноқонуний яшаб келганлари аниқланган.

Сешанба куни Россия Федерал Муҳожирлик Хизмати раҳбари Константин Ромодановский унинг идораси муҳожирлик тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш масаласини кўриб чиқаётганини айтган.

Жаноб Ромодановскийнинг баёноти Бош вазир Владимир Путиннинг "Независимая газета"да чоп этилган сайловолди мақоласидан сўнг янграган.

Мақолада март ойидаги президентлик сайловида учинчи муддатга номзодини илгари сурган жаноб Путин муҳожирлик тартиби ва рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этишни таклиф қилган.

У шунингдек, муҳожирлар нафақат рус тили, балки рус адабиётидан ҳам имтиҳон топширишлари мақсадга мувофиқ эканини айтган.

Россиялик меҳнат муҳожирларининг аксариятини Марказий Осиё ва қафқосликлар ташкил этишади.

2009 йилда Россиядаги меҳнат муҳожирларининг чорак қисмини ўзбекистонликлар ташкил этган.

Ўзбек меҳнат муҳожирларининг сони 2 миллиондани кам эмас, деб ишонилади.

Ўтган йилнинг охирги чорагида ўзбек меҳнат муҳожирлари уйларига юборган маблағлар 2 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этган.

Мустақил тадқиқотчиларга кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши сўнгги йилларда 10 фоизни ташкил этган.