Дунёдаги энг баланд байроқ Душанбеда ўрнатилади

Тожикистон байроғи
Сурат тагсўзи, Тожикистонда 24-ноябр - "Миллий байроқ куни"
    • Author, Мустаҳкам Тангриёрова
    • Role, Би-би-си, Душанбе

Президент Имомали Раҳмон Тожикистон пойтахти Душанбеда қад кўтарадиган байроқ устуни пойдеворига тамал тошини қўйган.

Давлат матбуот хизматига кўра, бу дунёдаги энг баланд байроқ тутқичи бўлади ва пойтахт марказидаги Миллат саройи чап томонида ўрнатилади.

Устуннинг баландлиги 165 метр бўлиши режалаштирилган. Байроқнинг узунлиги 60, эни эса, 30 метр бўлиши айтилмоқда.

Манбанинг хабар қилишича, байроқ 2011 йилнинг Наврўз тантаналари кунларида бу ишда тажриба ва имкониятларга эга халқаро "Trident Support" ширкати мутахассислари томонидан ўрнатилади.

Байроқ устуни асосидаги қурилиш-монтаж ишларига "Талко" давлат унитар корхонасига қарашли "Алюминсохтмон" корхонаси жалб этилган. Бу корхона ҳозирда устун пойдеворини темир мосламалар билан мустаҳкамламоқда.

Мухолифатдаги Тожикистон Социал-демократик партияси раиси ўринбосари Шокиржон Ҳакимовга кўра, иқтидордаги партия миллий байроқ куни баҳонасида ўзини тарғиб қилишга уринади. Унинг айтишича, давлат раҳбарияти маҳаллий телевидениелар орқали ўз сиёсий дастурлари ҳақида гапиришга ва 90-йиллар воқеаларини эслатишга ҳаракат қилмоқда.

- Бошқа партиялар давлат бошқарувидаги усул ва идора тарзидан камми-кўпми норози бўлсалар, бу улар миллий байроқ, миллий рамз, Тожикистон сиёсий истиқлоли ёки Тожикистон давлат тилига қарши дегани эмас, деб ўйлайман. Ана шундай тантаналарда мухолиф партиялар четлатиб қўйилади. Аслида шу айёмлар баҳонасида бошқа партиялар вакиллари билан давлатчилик равнақи ҳақида суҳбатлар ўтказиш, мамлакатдаги ривожланиш ҳақида фикрлар алмашиш ўрнига ана шундай муносабат кузатилади,- дейди жаноб Ҳакимов.

Имомали Раҳмон жорий йилнинг октябр ойида Миллат саройи ўнг томонида барпо этилаётган Тожикистон Миллий герби пойдеворига ҳам тамал тошини қўйганди.

Бу йил "Миллий байроқ куни" Тожикистонда иккинчи марта нишонланмоқда. 2009 йилнинг 11 ноябрида мамлакат парламенти "Байрам кунлари" ҳақидаги қонунга ўзгартириш киритиб, ҳар йили 24-ноябрда "Миллий байроқ куни" нишонланишини белгилаганди.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124