Яна бир бошпана изловчи Ўзбекистонга экстрадиция қилинган

Расул Раҳмоновга Олма ота миграция департаменти томонидан қочқинлик мақоми берилмагач, комиссия устидан маҳкамага мурожаат қилган.
Аммо, прокуратура маҳкама жавобини кутиб ўтирмасдан Раҳмоновни Ўзбекистонга бериб юборган.
Расул Раҳмонов 10 ноябрь куни экстрадиция қилингани ҳақида хабар чиққан, аммо Олма ота прокуратураси ушбу хабарни жума куни тасдиқлади.
Қочқинлар иши билан шуғулланувчи юрист Денис Живаганинг айтишича, бу ҳаракат қонунларнинг яққол бузилганидан дарак беради.
- Албатта бу жуда қўпол хато. Улар қочқинлар ишини кўриб чиқадиган ташкилотларнинг ўзгараётганини сабаб қилишмоқда. Бошпана изловчиларга қочқинлик мақоми бериш билан шуғулланувчи Миграция департаментида ўзгаришлар бўлди, миграция полицияси эса бошпана изловчиларни ҳали қабул қилмаган. Аммо бу ҳеч оқлаш бўла олмайди. Чунки, ўзгаришлардан олдин департамент унинг ишини қабул қилдику, дейди Денис Живага.
Расул Раҳмонов Олма ота ҳибсхоналарида сақланаётган 28 бошпана изловчининг бири эди. Бошқалардан фарқли равишда очиқда юрган вақти Олма ота миграция қўмитасига бошпана сўраб мурожаат қилмаганди.
Аммо, ҳибсдалигида вақти хат орқали мурожаат қилган ва комиссия бошқалар сингари унга ҳам рад жавобини берган. Комиссия хулосасидан норози бўлиб, маҳкамага берган аризасига ҳали жавоб келгани йўқ эди.
Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ва қонунга риоя қилиш халқаро бюроси ушбу экстрадиция сабабларини очиқлаб бериш учун бош прокуратурага ариза ёзган. Аммо, афсуски бу ҳаракатлар билан қочқинни ортга қайтариб бўлмайди дейди, ташкилот юристи Денис Живага.
Ушбу ишга яқин бўлган манбааларнинг айтишича, Расул Раҳмонов Ўзбекистонда босқинчилик каби иқтисодий жиноятда айбланган.
Раҳмонов Қозоғистондан бошпана сўровчилар ичида Ўзбекистонга экстрадиция қилинган учинчи шахс бўлди.
Бугунга келиб, ушбу бошпана изловчининг ҳимоясини сўраганлар ичида бўлган 27 киши Олма ота ҳибсхоналарида ётибди. Уларнинг тақдири ҳануз номаълумлигича қолмоқда.
Бунгача яқинларининг иддоа қилишича, бирор марта ҳам Ўзбекистонда бўлмаган қирғизистонлик Хуршид Комилов ва тожикистонлик Умарали Абдураҳмонов Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.
BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124












