Президентнинг фарзанди "вице" бўлса ҳам, барибир президент...

- Author, Хайрулло Файз
- Role, Би-би-си, Лондон
Тожикистон Президентининг ўғли мамлакат Футбол Федерациясининг вице-президенти этиб тайинланиши билан айрим кузатувчилар Рустам Раҳмоннинг ҳозиргача эгаллаб келган ва эгаллаётган лавозимларини санашга тушдилар.
"Депутат", "директор", "раҳбар" каби залворли сўзлардан кўра, ҳарна " вице"си бўлса ҳам, "президент" деган сўз қудратлироқ жаранглайди.
"Яхши ният ярим давлат" деган мақол ҳам бор.
Хуллас, Тожикистон Президентнинг 22 яшар ўғли Рустам Раҳмон мамлакат Футбол Федерациясининг вице-президент этиб тайинланди.
Рустам Давлат мулк ва сармоя қўмитасида ҳам раҳбарлик курсиларидан бирини эгаллаган.
Душанбе шаҳар кенгашида депутат.
Ўз отасининг партиясида ёшлар масалалари бўйича маъсуллардан бири...
Мамлакатнинг "Истиқлол" аталмиш футбол жамоасида тўп суриш билан бирга, хабарларга кўра, ана шу жамоанинг ҳомийси ҳамдир.
Шунча лавозиму маъсулият эндигина йигирмани ҳатлаган йигитни чарчатиб қўймасмикан деган истиҳола қанчалик ўринли бўлиши мумкин, буни билмадим, аммо билганим шарқона "анъаналар" тобора илдиз отаётган Марказий Осиёнинг ҳеч бир "истонида" бугун арбобларнинг босган қадамини ўлчаб туриш орзу ҳам қилиб бўлмайдиган амалдир.
Бир томондан арбобларнинг фарзандлари ҳам арбоб бўлишга интилаётганида ҳеч бир қусур йўқдай кўринади.
Ҳофизлар, ўқитувчилар, олимлар ва ҳатто қассоблар сулолалари борлигини биламиз.
Унда гап нимада?

Гап яна "анъаналар"да... Ҳеч ким катта кичик арбобларнинг фарзандларини "имтиҳон" қилишга ботинмайди.
Тасаввур қилинг, ҳофиз Шерали Жўраевнинг фарзанди Шоҳжаҳон иқтидорсиз бўлса, рубоб чалишни, куйлашни билмаса нима бўлар эди?
Қассобнинг фарзанди ишини ҳалол бажаролмаса-чи?
Иккаласининг ҳам бозори касодга учраши табиий...
Арбобларнинг фарзандлари ўзини "ўтга чўққа " уриб қолса-чи?
Санамаймизми ўша "ўтга чўққа" муваффақиятсиз ва ё ўртамиёна урилишлару уринишларни?
1. Тўп суриш
2. Маслаҳатчилик
3. Президентликни орзуси
4. Қўшиқ " куйлаш"
5. Зеб зийнат безаш
6. Шоирлик даъвоси
7. Меҳрибон "ҳомийлик"
8. Моделлик
9. "Маза" мамлакатларга элчилик
10. Бизнесмену вуменлик
11............
Бу рўйхатни ҳали анча давом эттириш мумкин, шундай эмасми? Шимолий Кореядаги арбобу арбобзодаларнинг халқ билан "муттасил муҳаббат" тарихига назар ташласангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бутун бир мамлакат фуқаролари ўз олий раҳбарини шунақа ҳам севадики, шунақа ҳам севадики таърифга тил ожиз. Аслида ўзимизнинг "истон"ларимизда ҳам вазият тубдан фарқ қиладиган эмас.
Бояги гап шунда эдики, Президентнинг фарзанди тўп сураман деб қўшни мамлакат жамоаси билан курашда дарвозасига беш олтита голни қарсиллатиб солдириб қўйса, ҳеч қурса қўшни мамлакатдагилар " эй ўргилдим" деб оғзида масхара қилиши, ватандагилар эса " оёғинг синсин" деб ичида оғриниши мумкин...
Қўшиқ куйлайман деб йигирмата иқтидорли овоз созловчини йиққанида ҳам тўйда хизмат қилолмаслигига ўзи алал оқибат амин бўлиши ҳам бор гапда...
Шоирликнику гапирмайлик, айниқса бу "шеърлар"ни "салфеткалар" ва бошқа қоғозга ўхшамаган қоғозларга ёзиб қолдириш одати бўлса... бу ҳам бир эркалик, ўтиб кетадиган эркалик.
Лекин... президент бўламан деб қолса -чи! Отам президент, отам хўжайин, ман ҳам хўжайин бўламан деб хархаша қилса-чи?
Унда нима қиламиз?
Сайлов деганлари "истонлар"даги арбоблар учун ҳар беш - олти йилда бир ғарбдагиларнинг ёқимсиз танқидларига уч-тўрт кун чидаб бериш, халқ учун эса бемаъни, аммо "чироқ ўчмайдиган" кундан бошқа ҳеч нарсани англатмаса, бир ўйланг, нима қилиш мумкин?
Эҳтимол, ҳеч нарса қилмаслик керакдир? Ахир, арбоб бўлиш учун ширали овоз, қаттиқ тўп тепиш ( шунисига амин эмасман ) ва ё шеър ёзиш шарт қилиб қўйилмаган...
Арбоблик иқтидорини қандай ўлчаймиз? Сиз нима дейсиз?












