Ўзбекистон-Германия: Штайнмайер Мирзиёев ислоҳотларини қўллаб-қувватлади

Prezident Matbuot Xizmati

Сурат манбаси, Prezident Matbuot Xizmati

Ўқилиш вақти: 2 дақ

"Бугунги ташрифим Ўзбекистондаги янги сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлашимизнинг ифодасидир. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги, истиқболи порлоқ босқичнинг остонасида турибмиз, - дея Франк-Вальтер Штайнмайернинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Германия матбуоти аввал-бошдан Штайнмайер Ўзбекистонга Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун бораётгани ҳақида ёзган.

Ташриф арафасида Германия раҳбарини Президент Мирзиёевни янада кўпроқ ислоҳотларга ундашга чақирган Human Rights Watch ташкилотига кўра, жаноб Штайнмайер ўзи ислоҳотар йўлида деб ишонган давлатларга сафар қилишни яхши кўради.

Штайнмайер Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён Ўзбекистонга ташриф буюрган энг юқори мартабали ғарб сиёсатчисидир.

Ўзбекистонга жўнаб кетишидан олдин Берлиндаги Глобал Медиа Форумда чиқиш қилган Штайнмайер замонавий дунёда ижтимоий медиа ёки тармоқларнинг аҳамияти ҳақида гапирган.

Унга кўра, айнан ижтимоий тармоқлар боис дунёда тобора кўпроқ одамлар сиёсатдан хабардор бўлмоқда.

"Сиёсий янгиликлардан бохабар бўлиш учун ижтимоий тармоқларга юз бураётган одамлар сони ошди", - деб айтган Штайнмайер.

Айни пайтда у ижтимоий тармоқлардаги сиёсий баҳслар оҳангидан хавотирда эканини ҳам айтган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Германия президентига кўра, кўпинча томонлар воқеъликни оқ ва қора шаклида кўради ва муросага интилмайди.

"Бошқача нуқтаи назарга эга одамлар кўпинча мухолиф ёки душман деб кўрилади", дея таассуф изҳор қилган Штайнмайер.

Унга кўра, дунёдаги сиёсий жараён ва баҳсларда ижтимоий медианинг "масъулияти катта".

Сиёсий диалог

Штайнмайернинг Президент Мирзиёев билан музокаралар чоғида матбуот эркинлиги масаласини кўтаргани ҳақида бирон маълумот йўқ.

Аммо Германия расмийлари сўз ва матбуот эркинлиги Берлин ва Тошкент ўртасида бошланган янги сиёсий диалогнинг бир қисми эканини айтишади.

Ташриф арафасида Ўзбекистон ҳукумати қатор хорижий ва мустақил сайтларга қўйилган тўсиқларни олиб ташлаган.

Шунингдек, Ўзбекистон Олий Суди Прагадаги "Озодлик" радиоси журналистлари, ака-ука Бобожоновларнинг Урганчдаги уйларини қайтариб берган.

Ўзбекистонга ташрифи давомида Штайнмайернинг Урганчга сафари ҳам режаланган.

Германия Президенти Урганч давлат университети талабалари билан учрашиши айтилади.

Сешанба кунги музокаралар натижасида ахборот алмашиш ва уни ҳимоя қилиш, парник газлари чиқарилишини камайтириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш, «Volkswagen» компанияси билан ҳамкорликда тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш тўғрисида ва бошқа ҳужжатлар имзолангани маълум қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek