Имомали Раҳмоннинг яна бир қизи ишли бўлди

Президент Раҳмон оиласи билан

Сурат манбаси, Internet/official

Сурат тагсўзи, Президент Раҳмон оиласи билан

Президент Раҳмоннинг қизи - Рухшона Раҳмонова Ташқи ишлар вазирлигида лавозимга эга бўлган.

Бу ҳақда мухолифатга ҳайриҳоҳ саналган Payom.net қатори бир неча хабар нашрлари ёзишган.

Имомали Раҳмоннинг учинчи қизи Рухшона Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигида халқаро ташкилотлар бўйича бошқарма бошлиғининг ўринбосари этиб тайинланган.

Аммо Payom.net нашри нафақат президент Раҳмоннинг қизларидан бири Рухшона, балки ҳукумат лавозимларида бўлган бошқа қариндош-уруғларининг ҳам рўйхатини келтирган.

Президент Раҳмоннинг тўққиз фарзанди бор. Аксарият тожикистонликлар унинг ҳамма етти қизи ва икки ўғлини номма-ном санаб беришлари мумкин. Лекин улардан икки нафари айниқса машҳур - қизи Озода ва ўғли Рустам Имомали.

Рўйхатда келтирилган 20дан ортиқ номларнинг барчаси ҳақида аниқ маълумот олиш мушкул, аммо улар орасида энг таниқлилари Раҳмоннинг қизи Озода Раҳмон ва ўғли Рустам Имомалидир.

Озода Раҳмон президент маъмуриятининг раҳбаридир.

Рустам Имомали эса коррупцияга қарши кураш агентлигини бошқаради.

Озоданинг турмуш ўртоғи Жамолиддин Нуралиев эса Миллий Банк раисининг ўринбосари экани айтилади.

Ушбу ҳолат Тожикистондаги мухолифатнинг баъзи раҳбарларини ғазабини қўзғайди.

"Мамлакатнинг 50 фоиздан ортиқ иқтисодий имкониятлари ва объектлари биргина шу оилага қарашли", деб айтади Социал демократик партиянинг раҳбари Раҳматулла Зоиров. "Улар уни бошқариб, эгалик қилиб олишган. Бу жуда ҳам кўпдир".

"Ҳозирда Тожикистон "мустақиллигининг асосчиси" деган яна бир унвонга эга Имомали Раҳмон ўз қудратини тобора мустаҳкамлаб бориш, алал-оқибатда эса президентликни ўғли Рустам Имомалига "топшириш" ниятида", дейди душанбелик журналистлардан бири.

Уруш, тинчлик ва тарих сабоқлари?

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Тожикистонда турли гуруҳлар ҳокимият учун курашга киришдилар, бу эса фуқаролар урушига олиб келди.

Айни урушда айрим давлатлар, жумладан қўшни мамлакатлар ҳукуматлардан баъзилари ҳукуматни, баъзилари эса мухолифатни дастаклашди.

Уруш якунида сиёсий фирқалар ҳамда қудратли шахсларнинг иттифоқидан тузилган Бирлашган Тожик мухолифати Президент Раҳмон билан тинчлик келишувини имзоладилар.

Бунда Исломий Уйғониш партиясини асосий ролни ўйнаганди.

Ўша келишувга биноан Ислом Уйғониш партияси ва бошқа мухолифат гуруҳлари қонуний деб тан олинган ҳамда жаноб Раҳмон улар билан қудрат бўлашишга рози бўлган.

Ҳукуматдаги ўринларнинг учдан бир қисми мухолифатга берилиши лозим эди.

Аммо вақт ўтиши билан Бирлашган Тожик мухолифати аъзолари ҳукуматдан сиқиб чиқарилдилар.

Босим ва таъқиблардан қўрққан мухолифатнинг етакчи сиёсатчилари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдилар - лекин хорижда ҳам таҳдидларга дуч келдилар.

Россияда бўлган сиёсатчи Маҳмадрўзи Искандаров ўз истагига қарши равишда 2005 йили Тожикистонга олиб борилди ва терроризмда айбланиб озодликдан маҳрум этилди.

Яна бир фаол Умарали Қувватов номаълум шахс томонидан 2015 йили Туркияда отиб ўлдирди.

Президентга қарши чиққан бошқалар ҳам қатор қийинчиликларга дуч келдилар.

Зайд Саидов собиқ саноат вазири ва Тожикистондаги энг бой одамлардан бири эди. У 2013 йили янги мухолиф партия фаолиятини бошлаш режасида эканини эълон қилишидан кўп ўтмай ҳибсга олинди.

2013 йилги президентлик сайловига мухолифатнинг ягона номзоди сифатида илгари сурилган ва қудратдаги президент учун ҳақиқий таҳдидни пайдо қилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ойниҳол Бобоназарованинг айтишича, уни президентлик пойгасидан чиқиб кетишга мажбур этганлар.

Бобоназарова хоним ўз номзодини рўйхатдан ўтказиш учун етарли имзо тўплай олмаган, бунда у полицияни ўз дастакловчилари ва кампанияси фаолларига босимлар қилишда айблайди.

Афтидан танқидчилар президент Раҳмон ҳокимиятни ўзи ва яқинлари қўлида ушлаб туриш ниятида собит дер экан, кўп ҳам адашишаётгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.