Туркия: Беш кунда мингдан ортиқ ҳибс, бу яқин ўн йилда кўрилмаган тартибсизлик – оммавий намойишлар тинмаяпти, ўзбекистонликлар эса огоҳлантирилди

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
Сўнгги бир неча кундан буён тинмаётган оммавий намойишлар манзарасида Туркия ҳукумати янги рақамларни эълон қилди.
Расмий маълумотларда айтилишича, ўтган беш кун ичида мингдан зиёд одам ҳибсга олинган.
Туркия ҳукумати одамлар намойиш қилиш ҳуқуқини суиистеъмол қилишаётганини айтган, "кўчаларда ҳаммани қўрқувга солишга тоқат қилинмаслиги" билан огоҳлантирган.
Туркия ички ишлар вазири намойишчиларни "жамоат тартибини бузиш"га уринишдан огоҳлантирган.
Туркия 2013 йилдан буён бу каби кўламдаги намойишларга саҳна бўлмагани айтилмоқда.
"Франс-Пресс" ахборот агентлиги маълумотларига кўра, намойишлар Туркиянинг 81 вилоятидан 55 таси ёки мамлакатнинг учдан икки қисмидан кўпроғида бўлиб ўтган.
Туркия дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп саноқли давлатларидан бири бўлади.
Сабаб ва оқибат

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images
Саноқли кунларнинг ўзидаёқ бутун мамлакат бўйлаб ёйилишга улгурган оммавий намойишлар чоршанба куни Истанбул мэри Экрем Имамоғлунинг қўлга олиниши сабаб бўлган.
Расмий хабарларда унинг коррупцияга оид тергов иши доирасида ушлангани айтилган, унга қарши яна қатор айбловлар илгари сурилаётгани ҳам англашилган, якшанба куни эса, расман ҳибсга олинган.
Хабарларга кўра, Экрем Имамоғлуга, "жиноий ташкилот тузиш ва бошқариш, пора олиш, товламачилик, шахсий маълумотларни ноқонуний ёзиб олиш ва тендер ўтказишда сохталаштириш" каби айбловлар қўйилган.
Экрем Имамоғлу президент Режеп Таййиб Эрдоғаннинг энг кучли сиёсий рақибларидан бири бўлади.
Туркиянинг мухолифатчи мэри ўзига қарши айбловларнинг сиёсий важларга асосланганини айтаётир, аммо Туркия президенти буни рад этиб турибди.
Мамлакатда президент сайловини 2028 йилгача ўтказиш белгиланмаган.
Ҳибсга олинганига қарамай, асосий мухолифат партияси бўлган Республика Халқ партияси Имамоғлуни расман 2028 йилги президент сайлови учун номзод қилиб танлади.
Кеча, якшанба кунги рамзий овоз беришдан сўнг ўзининг партияси номидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди.
Ҳибсга олиниши Имамоғлунинг номзод бўлиши ва президентликка сайланишига тўсқинлик қила олмайди.
Бироқ агар ўзига қўйилган айбловлардан бирортасида айбдор, деб топилса, у сайловда қатнаша олмайди.
Экрем Имамоғлуи орада Истанбул мэри лавозимидан четлатилган, якшанба тунни ҳам қамоқда ўтказган ва энди маҳкамага юз тутиши керак.
Акс-садолар

Сурат манбаси, Reuters
Экрем Имамоғлу "ҳеч қачон бўйин эгмаслиги"ни таъкидлаган, ижтимоий тармоқлардаги постларида ўзининг ҳибсга олинишини "демократиямиздаги қора доғ", деб танқид қилган, суд тартиб-қоидаларига риоя қилинмаётганини айтган, бутун мамлакат бўйлаб одамларни намойишларга қўшилишга чақирган.
Унинг ҳибсга олинишига жавобан Туркия ўтган тун мамлакатда бу яқин ўн йилликда кузатилмаган энг ёмон тартибсизликларга саҳна бўлган, намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқлар ҳам ишга солинганига оид хабарлар олинган.
Ўтган тун намойишчиларнинг полиция билан тўқнашганликлари ҳам айтилмоқда.
Имамоғлунинг партияси эса, ҳукумат ундан қўрқишини айтди.
Экрем Имомўғли бошчилигидаги Республика Халқ партияси (ЧП) расмийларининг баён қилишларича, Туркияда "сохта демократия"ни қабул қилишмайди.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған кейинги намойишларни қоралади ва Имамоғлу партиясини "тинчликни бузиш ва халқни қутблаштиришга" уринишда айблади.
Адлия вазирлиги ҳам Эрдоғанни ҳибсга олишлар билан боғлаганларни танқид қилиб, суд мустақиллигини таъкидлади.
Имамўғлу партиясининг лидери эса, Туркия президентини биргина Имамоғлу эмас, миллионлаб туркияликларга даъват билан чиқиш, шунингдек, ҳукуматни "тўнтариш уюштиришга уриниш"да ҳам айблади.
Европа Комиссияси Туркияни ҳам Европа Кенгаши аъзоси, ҳам Европа Иттифоқига аъзо бўлишга номзод давлат сифатида "демократик қадриятларни ҳимоя қилишга" чақирди.
Туркиядаги воқеаларнинг сўнгги ривожига ўзи ягона мусулмон аъзоси бўлган НАТО ёки Туркий давлатлар ташкилотининг муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.
Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, Туркия президенти ҳукумат йиғилишидан сўнг телевидение орқали чиқиш қилган.
Reuters ахборот агентлиги иқтибосича, Режеп Таййип Эрдоған сўнгги беш кун ичида мамлакатни ларзага келтирган норозилик намойишларида "моддий зиён" ва полиция ходимларига етказилган ҳар қандай "зарар" учун Туркиянинг асосий мухолифат партияси жавобгар эканлигини айтган.
Агентликнинг таржимасига таянилса, Туркия президенти қамоққа олинган Истанбул мэрини қўллаб-қувватлаган намойишлар "зўравонлик ҳаракати"га айланганини айтган.
Эрдоған мухолифатни фуқароларни "гижгижлаш"да айблаб, уларни тўхтатишга чақирган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат манбаси, EPA

Сурат манбаси, EPA
Вазият танг - баҳо
Барбара Таш
Вазиятни жонли ёритиб бораётган BBC мухбири

Сурат манбаси, Reuters
Президент Режеп Таййип Эрдоған йирик сиёсий рақибининг қўлга олиниши ва бунинг ортидан бутун мамлакатни ўз забтига олган намойишлар манзарасида Туркияда вазият танглигича қолмоқда.
Истанбул мэри Экрем Имамоғлу ҳозир Мармара қамоқхонасида сақлаб турилибди.
Якшанба куни Туркия бу яқин ўн йилликда кўрилмаган энг ёмон тартибсизликларга гувоҳ бўлди, намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқлар қўлланилди.
Киритилган тақиқларга қарамай, ўтган дам олиш кунларида юз минглаб одамлар кўчаларга чиқаркан, мамлакатда бу намойишларнинг яна давом этиши кутилаётир.
Бундан бор-йўғи бир неча соат олдин Туркия полицияси Истанбул ва Измирга уюштирган тонгги рейдлари чоғида яна бир қанча сиёсатчи, ҳуқуқшунос ва журналистларни қўлга олди.
Kiritilgan taqiqlarga qaramay, o‘tgan dam olish kunlarida yuz minglab odamlar ko‘chalarga chiqarkan, mamlakatda bu namoyishlarning yana davom etishi kutilayotir...
Туркия, Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар

Сурат манбаси, NURPHOTO
Туркия дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп саноқли давлатларидан бири бўлади.
Ўзбекистон ҳали 20 март куни ўзининг Туркиядаги фуқароларини эҳтиёткорликка чақирган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ўзбекистонликларга мурожаат билан чиққан.
Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари ижтимоий тармоқларда "провокацион постлар" жойлаштирган 261 кишини аниқлагани ва 37 кишини ҳибсга олганлигини факт тариқасида келтириб, уларни ижтимоий тармоқларда ҳар қандай хабар ёки фикр билдиришга жуда эҳтиёт бўлишга чақирган.
Ўзининг мурожаатида Ўзбекистон фуқаролари хавфсизликларини таъминлаш учун нималарга риоя қилишлари кераклигини ҳам бирма-бир санаб ўтган.
Шу жумладан, уларни ҳар қандай норозилик намойишлари, митинглар ва оммавий йиғинлардан узоқроқ бўлишга ундаган.
Расмий хабарларга эътибор бериш ва вазият бўйича янгиликларни кузатиб боришни сўраган.
Улар фавқулодда ҳолатларда Бош консулхона билан боғланишлари учун манзили ва телефон рақамларини ҳам илова қилинган.
Сўнгги беш кун ичида бирор бир ўзбекистонликнинг фавқулодда ҳолат сабаб, консулликка мурожаат қилган-қилмагани ҳозирча маълум эмас.
Туркия Ўзбекистоннинг халқаро саҳнадаги энг муҳим сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ҳамкори, стратегик шериги ва яқин иттифоқчиларидан саналади.
Ўн минглаб Ўзбекистон фуқаролари учун энг йирик меҳнат бозорларидан бири сифатида ҳам муҳим.
Туркияга турли иш, юмуш илинжида келаётганлари эса, асосан айнан мамлакатнинг уч асосий йирик шаҳри - пойтахт Анқара, Истанбул ва Измирнинг ҳисобига тўғри келади.
Туркия, бундан ташқари, дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар ҳам саёҳат ва ҳам тижорат мақсадида йўл солаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Икки давлат ўртасидаги авиапарвозлар деярли жаҳоннинг бошқа бирор бир мамлакати билан бўлмаганчалик бир даражада серқатнов экани билан ҳам ажралиб туради.
Туркия яна Ўзбекистон билан бирга дунёнинг энг йирик туркий тилли иккита давлатидан биттаси бўлади.
Туркиядаги воқеаларнинг сўнгги ривожига ҳозирча минтақа давлатлари пойтахтларининг муносабатлари кўзга ташланмайди.
20 март. Туркияда намойишлар: Турклар Экрем Имамоғлу ҳибсидан норози. У қанчалик муҳим шахс ўзи?

Сурат манбаси, Getty Images
Чоршанба куни Истанбул ва Туркиянинг бошқа шаҳарларида мухолифат етакчиларидан бири ва Истанбул шаҳри мери бўлмиш Экрем Имамоғлунинг ҳибсга олинганига норозилик сифатида кенг кўламли намойишлар бошланиб кетди. У келаётган президентлик сайловида Туркия етакчиси Ражап Таййип Эрдоғаннинг асосий рақиби бўлади, деб ҳисобланаётган эди. Имамоғлу турк жамияти учун қанчалик муҳим шахс ўзи?
Намойишлар Истанбул вилояти губернатори кейинги тўрт кун давомида оммавий тадбирларни тақиқлаб қўйгани ҳамда шаҳарнинг турли ҳудудларига кўплаб полиция ходимлари ташланганига қарамай бошланиб кетган.
Полиция мерия биносини қуршаб олиб, баъзи йўлларни ҳамда шаҳар марказидаги Таксим майдонини ёпиб қўйган.
Намойишчилар мерия биноси, Имамоғлу сақланаётган полиция бўлими, Истанбул университети ва бошқа ҳудудларда тўпланишган.
"Рўй берган воқеа давлат тўнтаришига уринишдир. Бу ерда Экрем Имамоғлу президентликка номзод бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилинаётгани йўқ, балки миллатни сайлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишяпти", деган Республикачилар халқ партияси етакчиси Ўзгур Ўзел мерия биноси олдида тўпланганларга қилган мурожаатида.

Сурат манбаси, Getty Images
Туркиянинг энг йирик шаҳри бўлмиш Истанбулда норозилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юзага келгани ҳақида хабарлар бор.
Reuters ахборот агентлиги тарқатган видеода полиция Истанбул университети олдида тўпланган оммани тарқатиш учун кўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланаётгани кўринади.
Мерия биноси олдига йиғилган одамлар "Эрдоган, диктатор!" ва "Имамоғлу, сен ёлғиз эмассан!" дея ҳайқиришган.
Ҳукумат оммавий тадбирларни чеклашга ҳаракат қилаётган бўлсада, норозилик намойишлари давом этиши кутилмоқда.
Истанбулдаги кўплаб кўчалар транспорт ҳаракати учун ёпиб қўйилган, айрим метро йўналишлари ҳам ўз фаолиятини тўхтатган.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Имамоғлу ижтимоий тармоқлар орқали полиция унинг уйининг олдида эканлиги пайтида ўзи тасвирга олган видеони тарқатган.
"Туркия халқи ва бутун дунёда демократия ҳамда адолатни ҳимоя қиладиганлар учун қатъий туришда давом этаман", ваъда берган у видеода.
Ҳибсга олинганидан кейин Имамоғлунинг Х'даги саҳифасида у ёзган қўлёзма хат эълон қилинган. Хатда Истанбул мери ўзига нисбатан бўлаётган "ёлғон, фитна ва тузоқлар"га нисбатан Туркия халқи "жавоб қайтариши"ни таъкидлаган.
Британияда жойлашган Netblocks интернет-мониторинг ташкилоти чоршанба куни Туркияда Х, YouTube, Instagram ва TikTok каби ижтимоий тармоқларга кириш жиддий равишда чеклаб қўйилганини маълум қилган.
"Бўлғуси президентимизга қарши тўнтариш"
Дунёвий кайфиятдаги Республика халқ партияси (CHP)дан бўлган Экрем Имамоғлу Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг энг кучли сиёсий рақибларидан бири сифатида эътироф этилади.
Прокурорлар уни коррупция ва террорчи гуруҳни дастаклашда айбламоқда.
Имамоғлуга боғлиқ тергов иши доирасида сиёсатчилар, журналистлар ва тадбиркорлардан иборат 100 нафар шахс ҳибсга олинган.
Бу ҳибсга олишлар сўнгги ойларда бутун Туркия бўйлаб амалга оширилаётган кенг кўламли босимлар кузатилаётган бир паллага тўғри келмоқда.
Ҳукумат охирги пайтда мухолифатдаги сиёсатчилар, маҳаллий ҳокимият вакиллари, журналистлар ва шоу-бизнес соҳасидаги шахсларни нишонга олиб келаётган эди.
Истанбул мерининг ҳибсга олинишидан сўнг, Туркиянинг авторитар тузум томон силжиётгани ҳақидаги хавотирлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган.

Сурат манбаси, Getty Images
Баъзи фикр билдирувчилар "адолатли ва демократик сайлов ўтказиш имконияти энди қолмаган"ини таъкидлаб, яқинлашиб келаётган президентлик сайловини бойкот қилишга чақириб чиққан.
"Бу ҳибсга олиш бизнинг навбатдаги президентимизга қарши тўнтаришдир", дея кескин фикр билдирган Республика халқ партияси.
Бу баёнот мухолифат тарафдорларининг кўпчилиги томонидан ҳам маъқулланган.
Бироқ Туркия адлия вазири президент Эрдоған Истанбул мери ва унинг иши доирасидаги ҳибсга олинишларга алоқадор эканини даъво қилганларни танқидга тутган.
22 йилдан буён ҳокимиятда қолаётган Эрдоған ва унинг партияси ҳам бу айбловларни инкор этиб, Туркия суд тизими мустақил эканини таъкидлаган.
Ўтган йили Истанбул мерлиги учун сайловда Имамоғлу иккинчи муддатга ғалаба қозонган, CHP партияси эса Истанбул ва Анқарадаги маҳаллий сайловларда пешқадам бўлган эди.
Бу Эрдоған ҳокимиятга келганидан бери шахсан унинг ўзи учун катта зарба бўлган ҳамда унинг партияси илк бор мағлубиятга учраши эди.
CHP яқинлашиб келаётган президент сайлови учун ўз номзодини якшанба куни танлаши керак эди. Номзодликка ҳозирча фақат Имамоғлу даъвогарлик қилмоқда.
Эрдоғанни "синдирган" мухолифат етакчиси
1970 йилда Трабзон вилоятининг Қора денгиз соҳилидаги Ақчаабат шаҳарчасида туғилган Имамоғлу ўсмирлик чоғида Истанбулга кўчиб келган, у ерда бизнес соҳасини ўрганиб, кейинчалик қурилиш соҳасида фаолият юритган.
Гарчи унинг оиласи марказ-ўнг кайфиятдаги консерватив қарашларга эга бўлган бўлсада, Имамоғлу "университет даврида ижтимоий-демократик қадриятларни қабул қилгани"ни айтади.
Имамоғлу ёшлик пайтида ҳаваскор футболчи бўлиб тўп сурган ва Трабзонспор жамоасига мухлислик қилиши билан танилган.
Бизнес фаолиятидан сўнг – 43 ёшида сиёсатга қадам босган Имамоғлу, CHP'дан Истанбулнинг ўрта қатлам аҳоли яшайдиган Бейликдузу туманига мер этиб сайланган.
Бироқ у 2019 йилда Истанбул мерлиги сайловларида президент Эрдоған ва унинг Адолат ва тараққиёт партияси (АК) учун катта ҳайратга сабаб бўлган гаъалабасига қадар унчалик таниқли эмас эди.

Сурат манбаси, Getty Images
Имамоғлунинг ғалабаси дарҳол мушкулликларга дуч келган – АК партияси сайлов жараёнида қоидабузарликлар бўлганини таъкидлаб чиққач, сайлов комиссияси натижани бекор қилиб, овоз бериш жараёнини қайта ўтказишга қарор қилган.
Қайта сайлов эълон қилингач, Имамоғлу улкан митингда ўз тарафдорларига мурожаат қилган, костюм ва галстугини ечиб, енгини шимарган ҳолда нутқ сўзлаган ва йиғилганларга яна ғалаба қозониш учун бор кучини сафарбар этишга ваъда берган.
"Ҳаммаси яхши бўлади," деган у ўшанда. Кейинроқ бу жумла унинг сайловолди шиорига айланиб кетган.
Натижада, Имамоғлу қайта сайловда 54 фоиз овоз олиб, президент учун яна бир катта сиёсий зарба берган.

Сурат манбаси, Reuters
У, шу тариқа, ҳукмрон партия ва унинг исломчи сиёсий авлодлари 25 йил давомида бошқариб келган шаҳар – Истанбулда АК партиясини икки бор мағлуб этган.
Истанбул Эрдоғаннинг ўзи улғайган, 1970 йилларда сиёсатга қадам босишдан аввал симит нон сотиб тирикчилик қилган, кейинчалик мер, бош вазир ҳамда президент бўлишига замин яратган шаҳар.
Шу сабаб таҳлилчилар бу шаҳарни қўлдан бой бериш Туркия президентини шахсан жиддий ранжитган бўлиши мумкинлиги тахмин қилади.
Яна кўплаб кузатувчилар 2024 йилда иккинчи маротаба Истанбул мерлигига сайланишга муваффақ бўлгач, Имамоғлу Эрдоғаннинг энг жиддий сиёсий рақибига айланганини айтади.
Эрдоған 2023 йилги президентлик сайловида учинчи муддат учун ғалаба қозонган, аммо конституцияга кўра, 2028 йилдан кейин унда бу лавозимда қолиш ҳуқуқи йўқ.
Бироқ танқидчилари Эрдоған кейинги муддат учун ҳам номзодини илгари суриш мақсадида конституцияни ўзгартириши мумкинлигини таъкидлайди.
Кейинги сайлов 2028 йилга белгиланган, лекин у аввалроқ ўтказилиши эҳтимолдан холи эмас.
Жозибадор мухолифат етакчиси

Сурат манбаси, EPA
Сиёсий кампанияларда Имамоғлу ўзининг юмшоқ, ҳазил-мутойибага асосланган ёндашуви билан эътибор қозонган.
Бу Туркиянинг кескин қутблашган сиёсий муҳитида унинг бошқа рақибларидан кескин ажралиб туришини таъминлайди.
У CHP'нинг дунёвий электорати чегараларидан чиқиб, аввал АК партиясига овоз бериб келган диний-консерватив қарашдаги сайловчиларни ҳам қисман жалб этишга муваффақ бўлган.
Масалан, у сайлов кампанияларида масжидларга борган, яқинда эса Истанбулнинг Каракой туманидаги тарихий масжидни қайта таъмирлашини эълон қилган.
Истанбул мерининг рафиқаси Дилек Имамоғлу ҳам ижтимоий тармоқдаги фаоллиги, ногиронлар учун қилаётган хайрия ишлари ва сайловолди кампанияларида эрига ҳамроҳ бўлиши орқали омма назарига тушган.
Туркиянинг асосий мухолифати 23 март куни 2028 йил президентлик сайлови учун ўз номзодини танлаши керак – бунга Имамоғлу ягона даъвогар эди.
Аммо унинг ҳибсга олингани ҳамда "таҳсил жараёнидаги қоидабузарликлар" важи билан Истанбул университетидан олган дипломи бекор қилингани ортидан Имамоғлунинг номзодлик масаласи гумон остида қолмоқда.
Туркия конституциясига кўра, президент бўлиш учун шахс олий маълумотга эга бўлиш шарт.















