Туркия сайловлари: Мухолифат ғалабаси Президент Эрдўған ҳокимиятининг ниҳоясими?

Сурат манбаси, Umit Bektas / Reuters
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўған ва унинг ҳукмрон АК партияси якшанба куни бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда кутилмаган зарбага учради. Йирик шаҳарлар устидан назорат йўқолганини ҳисобга олсак, бу драматик мағлубият Эрдўған учун нимани англатади?
«Anadolu» агентлиги хабарига кўра, асосий мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси (ЖХП) бутун мамлакат бўйлаб 37,8 фоиз, Адолат ва тараққиёт партияси (АК) эса 35,5 фоиз овоз олган.
Кўпчилик экспертлар бу сайловни "Эрдўғаннинг энг оғир мағлубияти" деб атади.
ЖХП нафақат Президент Эрдўған 21 йил аввал ҳокимиятга келганидан буён биринчи марта бутун мамлакат бўйлаб ҳукмрон АК партиясини мағлуб этди, балки ўн йилликлардаги энг юқори натижага эришди. Нега шундай бўлди?
Иқтисодий муаммолар: гиперинфляция ва аҳоли норозилиги
Туркиядаги чуқур иқтисодий инқироз ҳукмрон партиянинг мағлубиятида асосий омил бўлди.
2022 йилда Украинадаги уруш сабабли нархлар кўтарила бошлаган кўплаб бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Туркиянинг ҳозирги муаммолари 2018 йилда бошланган. Инфляция 65 фоиздан ошди, миллий валюта лира эса беш йил ичида ўз қийматини 80 фоиздан кўпроқ йўқотди.
Жаноб Эрдўған бошқарувидаги Туркия ҳукумати кўпинча оддий одамлар оғир аҳволини тушунмасликда айбланмоқда.

Сурат манбаси, Umit Bektas / Reuters
"Ҳукмрон АК партияси иқтисодий инқирознинг ҳалокатли оқибатларини кеч англади", дейди пойтахт Анқарадаги Хожи Байрам Валий университети сиёсатшунослик профессори Ҳ. Баҳадир Турк Би-би-сига.
Унинг қўшимча қилишича, 2023 йилги президентлик сайловларидаги ғалаба Режеп Таййип Эрдўған ва унинг АК партиясини "инқирозни ҳал қилиш борасида ҳаддан ташқари оптимистик" қилиб юборган эди.
"Менимча, бу АК партияси ва Эрдўғаннинг энг катта хатоси бўлган", дейди профессор Турк.
Мухолифатнинг сайловолди кампаниясида қимматчиликлар муҳим ўрин тутди.
АК номзодига қарши қайта сайланмоқчи бўлган Истанбулнинг амалдаги ҳокими Экрем Имомўғлининг шиори "Бу давлат камбағал бўлишга лойиқ эмас" бўлди. Якшанба кунги ҳал қилувчи ғалабадан сўнг у яна беш йил ўз лавозимини эгаллашга муваффақ бўлди.
ЖХП номзоди Имомўғлу Эрдўғанни "иқтисод қоидаларини остин-устун қилишда" айблади.
2023 йилда президент Эрдўған иқтисодиётни тиклаш ваъдалари билан учинчи муддатга қайта сайланганди. Аммо 2024 йилги маҳаллий сайловларда, экспертлар фикрича, сайловчилар Эрдўғоннинг шахсан ўзи эмас, балки бутун ҳукмрон партияга сигнал беришни хоҳлашди.
"Сайловчилар ўз етакчилари билан ҳиссий алоқалардан воз кечишлари қийин. Маҳаллий сайловларда улар етакчи [Эрдўған] учун эмас, балки партия учун овоз беришлари керак эди. Бу маҳаллий сайловларда улар АКга [норозилик] сигналини беришди", деди Истанбулдаги Ўзйегин университети сиёсатшунослик профессори Эврен Балта Би-би-сига.
Мухолифатнинг ортиб бораётган жозибаси
Асосий мухолифат партияси ЖХП (Жумҳурият Халқ партияси) Туркиянинг энг йирик шаҳарлари, жумладан, Истанбул, Анқара ва Измирда ҳокимиятни сақлаб қолди ва яна бир қанча шаҳарларда, жумладан, тўртинчи йирик шаҳар Бурсада ҳам назоратни қўлга киритди. У анъанавий консерватив марказий Туркияни ҳам эгаллади.

Сурат манбаси, ERDEM SAHIN/EPA-EFE
1923 йилда замонавий Туркиянинг асосчиси Мустафо Камол Отатурк томонидан асос солинган ЖХП дунёвий ва миллатчи партиядир. Унинг асосий қўллаб-қувватловчилари шаҳар ўрта синфидир.
Замонавий Туркия Республикаси ташкил топганидан бери консерваторлар ва диндор мусулмонлар ЖХПни ўзларининг тўғрилик ва диний садоқат қадриятларига таҳдид сифатида кўришарди.
ЖҲП, ўз навбатида, кўпинча консерватив сиёсий гуруҳларни, жумладан, АК партиясини мамлакатни исломлаштиришда айблади. Диний ва дунёвий жамоалар ўртасидаги қутбланиш ўнлаб йиллар давомида Туркия сиёсатида ҳукмронлик қилиб келмоқда.
Аммо сўнгги йилларда ЖХП ўз базасини янада консерватив ва диндор аудиторияни қамраб олган ҳолда кенгайтирди ва бу сўнгги сайловда ғалабага ҳисса қўшди.
"2017 йилдан буён Туркияда 2016 йилги давлат тўнтаришига уриниш ортидан ЖХП консерваторлар билан муроса қилиш бўйича сиёсий стратегияни амалга оширмоқда", дейди профессор Балта.
Истанбулда ЖХП номзоди Имомўғлунинг қайта сайланишида асосий омиллардан бири курдлар тарафдори ДЕМ партияси сайлов бюллетенида бўлишига қарамай, курд жамиятининг қўллаб-қувватловини олгани бўлди.
Профессор Балтанинг айтишича, курд электорати стратегик тарзда овоз берган.

Сурат манбаси, Chris McGrath / Getty Images
"Бир тарафда уларни "террорчи гуруҳ" деб атайдиган жиддий рақиб - Адолат ва тараққиёт партияси бор. Бошқа томондан, курдларга тенг ҳуқуқли фуқаролар сифатида қарайдиган ЖХПдан Имомўғлу бор. Шунинг учун улар жаноб Имомўғлуга овоз бериб, оқилона танлов қилишди", дейди у.
Бу сайловларда мухолифатга ёрдам берган яна бир омил - сайловолди ташвиқоти давомида ўз позициясини сайловчиларга етказа олиши бўлди. Туркиядаги аксарият оммавий ахборот воситалари ҳукуматпараст идоралар томонидан назорат қилинса-да, бу назорат мутлақ эмас.
Танқидчилар кўпинча президент Эрдўғанни оммавий ахборот воситалари монополиясида ва авторитар бошқарув ўрнатишда айблайди. Бироқ Истанбулдаги Ўзйегин университети профессори Балта авторитаризм турли даражада намоён бўлиши мумкинлигини айтади.
"Туркияда оммавий ахборот воситалари ёки сиёсий партиялар устидан назорат ҳеч қачон Россиядагидек бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Бу ерда ҳали ҳам жиддий сиёсий рақобат ва қарама-қаршилик мавжуд. Уларда халқ билан мулоқот қилиш учун восита ва имкониятлар ҳам бор".
Бу Президент Эрдўғаннинг ниҳоясими?
Эрдўған ва АК партияси сезиларли мағлубиятга учраганига қарамай, таҳлилчилар унинг сиёсий етакчилиги тугади дейишга ҳали эрта, дейди.
Эрдўғаннинг президентлик ваколати 2028 йилда тугайди. 31 март куни бўлиб ўтадиган сайловдан бир неча ҳафта олдин, у бу сафар президентлик муддати сўнггиси бўлишига ишора қилди.

Анқарадаги Ҳожи Байрам Валий университети профессори Турк, "Бу сайловлар мухолифат учун муҳим бўлганини тан олса ҳам, жаноб Эрдўған ҳамон Туркия сиёсатида ҳукмронлик қилмоқда ва унинг таъсири муҳимлигича қолмоқда", дейди.
"Унутмаслигимиз керакки, Туркиядаги кўпчилик сайловчилар учун у ҳали ҳам ўрнак бўладиган ҳурматли ва суюкли шахс".
Профессор Туркнинг айтишича, АК партияси муваффақияти "жаноб Эрдўғаннинг харизматик ҳокимияти ва партиянинг бюрократик фаолияти" ўртасидаги уйғунликка асосланган.
"Аммо, менимча, бу уйғунлик аста-секин бузилиб бормоқда ва маҳаллий сайлов натижалари бунинг кўрсаткичидир".
Истанбул ҳокими этиб қайта сайланган Экрем Имомўғли ҳозирча президентликка кучли даъвогар сифатида кўрилмоқда, ваҳоланки, у ҳали расман ўз номзодини қўйишини эълон қилмаган. Профессор Балтанинг фикрича, Имомўғли Истанбул мэри лавозимини сақлаб қолиш орқали ўз имкониятини мустаҳкамлади.
Президент Эрдўғаннинг йигирма йиллик ҳокимият даврида унинг сиёсий таъсири Туркия чегараларидан ташқарида ҳам кенгайди. У Россия ва Украина ўртасида асосий воситачи бўлиб, 2022 йилда йирик дон экспорти бўйича музокаралар олиб борди; Туркиянинг Африка ва Осиёдаги кўплаб мамлакатлар билан савдо алоқаларини кенгайтирди ва Яқин Шарқда муҳим шахсга айланди.
Таҳлилчиларга кўра, маҳаллий сайловлардаги бундай йирик мағлубият "унинг глобал легитимлигига" таҳдид солиши мумкин.
"Жаноб Имомўғлу ҳақиқий демократияни ваъда қилмоқда. Мухолифатнинг жаҳон кучлари билан молиявий, маданий ва сиёсий алоқаларини мустаҳкамлаётганини ҳам кўришимиз мумкин", дейди профессор Балта.
Бу сайлов Эрдўғаннинг етакчилигига чек қўймаган бўлса-да, унинг ҳокимиятига жиддий муаммо туғдирди. Президентнинг сўзларига кўра, "31 март биз учун якун эмас, балки бурилиш нуқтасидир".
Эрдўған ўз тарафдорларининг содиқлигини қайтариш учун бор кучини ишга солишга ваъда бермоқда. Бироқ сўнгги сайлов натижаларидан руҳланган мухолифат фурсатдан фойдаланиб, ўз таъсирини ўз муниципалитетлари доирасидан ташқарига кенгайтириб, муқобил сиёсий кучга айланади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













