Янгиликлар. Туркия ва рейдлар: Ўзбекистонликлар энди қўрқмаса ҳам бўладими? Turkiya O‘zbekiston Мирзиёев Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
Эрдоған яна нима деди? Янги тафсилотлар.
Алоқадор мавзулар:
- Мирзиёев Ўзбекистонда Каримовдан қолган диктатурани йўқотди
- 'Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовдек тоталитар эмас': Ўзбекистон-Туркия алоқаларининг истиқболига назар
- Тошкент: Туркия Ўзбекистонга ҳарбий жиҳатдан яқинлашмоқчи - бу нима дегани?
- Туркия-Сурия: Ўзбекистон, президент Мирзиёев энди нима қилмоқчи?
- Туркия: Вазият хавотирлими, ўзбеклар нима дейди? Ўзбекистон ва миграция
Туркия президенти шу кунларда Ўзбекистон ва кўпчилик ўзбекистонликларнинг ҳам диққат-эътиборида бўлган масалага тўхталди.
Режеп Таййип Эрдоған Туркия кимларни ушлаётгани, депортация қилаётгани, кимларга тегмаслиги ва яна кимларга эшиклари очиқ эканини очиқлади.
Унинг пойтахт Анқарада янграган бу сўзлари Туркиянинг иқтидордаги янги ҳукумати ноқонуний миграцияга қарши сиёсатини кескинлаштирган, мамлакатнинг йирик шаҳарларида полициянинг махсус рейдлари кучайган, бундан қўрқув ва хавотирда бўлган ўзбекистонликларнинг ҳам озмунча эмаслиги кўрилган бир манзарада янгради.
Туркия дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп давлатларидан бири бўлади, улар учун энг йирик меҳнат бозорларидан бири вазифасини ўтаб келади.
Саёҳат баробарида тижорат учун ҳам энг жозибадор.
Президенти дунёнинг ўзбекистонликларга катта виза енгилликларини берган оз сонли мамлакатларидан бири.
Ўзбекистонликлар Туркияда уч ой визасиз юришлари мумкин.
Ноқонуний меҳнат муҳожирлиги эса, Туркияда турли иш ва юмушда банд ўн минглаб ўзбекистонликларга ҳам хос муаммо бўлади.
Эрдоған яна нима деди?

Сурат манбаси, AFP
Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг маълум қилишича, сўнгги икки ойнинг ўзида 36 мингта ноқонуний муҳожир ушланган.
Улардан 16 минг нафари эса, аллақачон Туркиядан депортация ҳам қилиб бўлинган.
"Қолганларининг суд жараёнлари ҳали давом этмоқда", - дея қўшимча қилган Туркия президенти.
Шундай деркан, Режеп Таййип Эрдоған бу масалани маданиятлари, эътиқодлари, қонунлари ва адолатлари асосида ҳал қилишларига ҳам умид қилиб қолган.
Туркия президенти бу ҳақда куни-кеча пойтахт Анқарада, Полиция касб-ҳунар коллежларининг битирув маросимида қилган чиқиши чоғида тўхталиб ўтган.
Туркияда сўнгги икки ой ичида қўлга олинган, депортация қилинган ва иши кўриб чиқилаётган ўн минглаб ноқонуний муҳожир орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги ноаён қолган.
36 мингта ноқонуний муҳожир қўлга олинганини айтган Режеп Таййип Эрдоған уларнинг айнан қай бир давлат фуқаролари эканликларига ойдинлик киритмаган.
Ўзбекистон томони ҳам ҳозирча бу хусусдаги маълумотларни расман очиқламаган.
Аммо ноқонуний мигрантларга қарши Туркияда кучайган "махсус рейдлар" манзарасида ҳам Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ва ҳам Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонликларга мурожаат билан чиққан.
Бош консуллик мурожаатида сўнгги вақтларда Туркия полицияси томонидан Истанбул ва бошқа йирик шаҳарларда "махсус рейд" тадбирлари амалга оширилаётгани айтиларкан, Туркия қонунчилигини бузган хорижликлар, шу жумладан, Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳам тегишли чоралар кўрилаётгани тилга олинган.
Консуллик бунинг ортидан Туркияда турли сабабларга кўра бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан маҳаллий қонунларга тўлиқ риоя этишлари, ўзлари билан шахсини тасдиқловчи ва Туркияда яшаш рухсатини берувчи ҳужжатларини олиб юришларини ҳам сўраган.
Туркия энди кимларга очиқ?

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Туркиядаги асли ўзбекистонлик айрим экспертлар ҳам ўз эътиборларини мавжуд вазиятга эътибор қаратишаркан, "мигрант ови жуда жадаллик ва шиддат билан кетаётгани"ни таъкидлашган.
Ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги постларида "Ўзбекистон расмийлари бу борада Туркия билан тезда бирор келишувга эришиши керак", деган фикрда эканликлари, ўзбекистонликлар айни пайтда "қонуний ва руҳий ёрдамга муҳтож" экани ҳақида ёзишган.
Уларга кўра, "Туркияда йиллар давомида ишлаётган, оиласига, мамлакатига пул жўнатаётган ва ўз ишининг пири бўлиб кетган ўзбекистонликлар ҳам жуда қийин вазиятга тушиб қолаяпти".
Агар, худди шу каби постларда келтирилган изоҳларига таянилса, бу каби ўзбекистонликлар Туркияда ноқонуний қолиб, "нотўғри қилаётганликлари"ни эътироф этишади, аммо "иш берувчилар ва қонунлар ҳам бу борада ўзларига енгиллик бермаётгани учун аросатда юрганликлари"ни айтишади.
Айнан меҳнат миграцияси, мигрантларнинг ҳар томонлама ҳимояси Ўзбекистоннинг яқинда ўзининг янги ваколати ижросига киришган президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида эътибор қаратган энг муҳим масалалардан бири бўлади.
Мирзиёев мусофир юртда, турли қийинчилик ва машаққатларга чидаб, ҳалол меҳнат қилиб, нон топаётган ўзбекистонликларни "ҳақиқий қаҳрамон", деб атаган.
Ўзбекистон ва Туркия президентларининг телефон мулоқотларига оид шу кунларда олинган расмий хабарда уларнинг икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама этиб олишгани айтилган.
Туркия Эрдоған бошқаруви остида Ўзбекистон билан стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаган, Ўзбекистон билан ҳар томонлама алоқаларини янада кенгайтириш, мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлган давлат.
Ўзбекистонга қардош, тилдош ва диндош.

Сурат манбаси, .
Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг пойтахт Анқарадаги сўнгги чиқишида айтишича, Туркияга сайёҳлик, сармоя, таълим олиш, даволаниш мақсадида келганлар ёки вақтинча ҳимоя илинжида бўлганларга салбий муносабат ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
"Туркия ва Туркия иқтисодига ҳисса қўшганларга ҳам эшиклари очиқ".
"Жиноятга қўл урганлар, жамият тинчлигини бузганлар, Туркияда ноқонуний бўлганлар эса, депортация қилинади".
Шу йил май ойида Туркия президенти этиб қайта сайланган президент Режеп Таййип Эрдоған яқинда ўзининг 20 йиллик бошқаруви давомида кузатилмаган баёнот билан чиққан.
Президент Эрдоған НАТОнинг Литвадаги сўнгги саммитида туркияликлар "ноқонуний мигрантлар масаласида сезиларли ўзгаришларни тез орада ҳис этишлари"ни баён қилган.
Бу хусусда шахсан президент ўзининг баёнот бериши эса, Туркия мазкур масалани энди давлат сиёсати даражасига кўтарганининг далолати, деган талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Сурия, Афғонистон ва Украинадаги урушлар боис, Туркия сўнгги йилларда йирик қочқинлар оқими қаршисида қолган.
Туркия ҳозир юз тутиб турган иқтисодий муаммолар ҳам мамлакатнинг бу яқин тарихида кўрилмаган.
Ўзи нималар бўлганди?

Сурат манбаси, Getty Images
Янгиликлар. Туркия: Эрдоған кескин кетди, энди ўзбекистонликларга қийин бўладими?
Хабарлар кутилмаган. Қўрқув ва хавотирлар кучайган....
Туркияда нималар бўлмоқда?
Алоқадор мавзулар:
- Мирзиёев Ўзбекистонда Каримовдан қолган диктатурани йўқотди
- 'Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовдек тоталитар эмас': Ўзбекистон-Туркия алоқаларининг истиқболига назар
- Тошкент: Туркия Ўзбекистонга ҳарбий жиҳатдан яқинлашмоқчи - бу нима дегани?
- Туркия-Сурия: Ўзбекистон, президент Мирзиёев энди нима қилмоқчи?
- Туркия: Вазият хавотирлими, ўзбеклар нима дейди? Ўзбекистон ва миграция
Сиёсат кескинлашдими?
Туркия дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп давлатларидан бири бўлади.
Туркияда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони ўн мингларга нисбат берилади.
Уларнинг орасида ноқонуний меҳнат муҳожирларининг ҳам оз эмаслиги айтилади.
Биз сўз билан айтганда, Туркия ўзбекистонликлар учун энг йирик меҳнат бозорларидан бири.
Сўнгги ҳафталарда эса, Туркиянинг иқтидордаги янги ҳукумати миграцияга оид сиёсатини кескинлаштирганига оид хабарларнинг сони ортган.
Туркияда ноқонуний меҳнат муҳожирларини ушлашга қаратилган рейдлар ниҳоятда фаоллашгани, четдан келганларнинг ишлаш, яшаш рухсатномасини олиш ниҳоятда қийинлашганига оид гап-сўзлар кучайган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи, бошқа томондан, яқинда қайта сайланган президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг Литвадаги сўнгги НАТО саммити чоғида туркияликлар тез орада "ноқонуний мигрантлар масаласида сезиларли ўзгаришларни ҳис этишлари"га оид баёноти ортидан кузатилгани билан ҳам минтақадаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган, уларнинг қўрқув ва хавотирларига ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Меҳнат миграцияси минтақада аҳолиси энг йириги бўлган Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга молик.
Агар, расмий ҳисоб-китобларга таянилса, бугунги кунда мамлакат аҳолисининг сони 36 миллиондан ортади.
Улардан аксарияти эса, ишсизлик ва камбағаллик ҳануз жиддий муаммолигича қолаётган чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади.
Четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағ, йилларки, мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб келаётган йирик молиявий манбалардан бири бўлади.
Мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий тангликни юмшатиб, ҳукумат учун муҳим ижтимоий муҳофаза камари вазифасини бажариб келади.
Камбағаллик ва ишсизлик муаммосининг, таъбир жоиз, энг имконли ечими экани кўрилади.
Бу каби хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин? Ёки шунчаки гап-сўзми? Агар, рост бўлса, буларнинг барчаси ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун нимани англатади? Бу уларни қандай танлов қаршисида қолдиради ва бунинг оқибатлари ўзбекистонликлар учун нима бўлади?

Сурат манбаси, .
Фазлиддин Мадиев
Халқаро сиёсий-иқтисод магистри, Анқара, Туркия
Аввало бу борадаги гаплар фақат бугуннинг гапи эмас.
Мен Туркияни 2007 йилдан бери кузатаман ва Туркияда миграция билан боғлиқ саволлар тез-тез Туркия матбуоти ёки оғиздан оғизга ўтиб юрадиган хабар тури ҳисобланади.
Бундай хабарларнинг бир қанчаси ҳақиқатга яқин бўлса, кўпи шунчаки қулоқдан-қулоққа ўтиб юрган, миграция ёки ноқонуний ишлаш қоидаларини тўғри тушунмаслик ва нотўғри талқинидан келиб чиққан.
Лекин бу сафар бундай янгиликни шахсан Туркия энг биринчи одамининг ўзи айтиши олдингиларидан мутлоқо фарқ қилади ва шуниси билан ажралиб турибди.
Негаки, миграция, айниқса, ноқонуний мигрантлар борасида шахсан Туркия президентининг ўзи гапиргани ("сезиларли ўзгариш" борасида) жуда ҳам кам кузатилган баёнотлардан бири бўлди.
Бунинг сабабларини қуйидагича очиқлаш мумкин:
Биринчидан, Туркия ноқонуний миграция ҳамда қочоқларни қабул қилиш бўйича Европа давлатларининг ичида асосан вақтинчалик лагер муҳитини бажарадиган давлатлар қаторига кириб қолди.
Туркия бундай ҳолатларга йиллар давомида дош бериб, (ўта инсоний муносабатда бўлиб) бу масаладаги муаммоларга кўз юмиб келаётганди.
Лекин, минг афсуски, бундай бағрикенглик Туркияда инсон савдоси, фоҳишабозлик, контрабанда, орган савдоси, стандартсиз спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик, чегара хавсизлиги, вазиятдан фойдаланиб қолаётган турли хил гуруҳларнинг пайдо бўлиши ва ҳк. каби турли-туман салбий ва жиноий ҳолатларнинг ошишига олиб келди ва келмоқда.
Туркия ҳукумати мана шу ва бундан бошқа турли факторларни ҳисобга олган ҳолда, ноқонуний миграция ва ноқонуний ишчилик борасида кескин рейдлар бошлаган ҳамда катта шаҳарларининг аксар туманларига чет элликларни қайд қилишни тўхтатган ҳам.
Шунинг учун ҳам амалдаги ҳукумат Туркия Миграция Бош марказига янги раҳбар тайинлаган ва у тамоман ўзининг янги гуруҳи билан иш бошлаган.
Бунга собиқ раҳбар даврида миграция марказларида турли ноқонуний ҳаракатларнинг авж олиб кетганлиги, бу ишни кимлардир ноқонуний даромад манбаига айлантириб олганлиги ҳақидаги гап-сўзлар ҳам сабаб бўлган.
Қисқа қилиб айтганда, янги раҳбар ва гуруҳга бу борада кескин, аммо қонунга мос бўлган ўзгариш қилиш масъулияти юкланган деса ҳам бўлади (бу борада шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, янги раҳбарият келгандан кейин миграция ҳуқуқи ва қонунлари бўйича жиддий ўзгаришлар ва қаттиққўллик ҳамда турлича ўзгаришлар тез-тез кузатила бошлади).
Яна шуни қўшимча қилиши мумкинки, бу Туркия ҳукумати ва Миграция Маркази учун осон бўлмайди.
Негаки, бу жуда катта маблағ ва ресурс талаб қилинадиган иш.
Аммо Туркия ҳукумати ноқонуний ишлаш ва миграция борасида "сезиларли ўзгариш" қилишга қаттиқ бел боғлаганлиги ва бу ишни давлат сиёсати даражасига кўтарганини шахсан Президент берган баёнотдан ҳам билиши мумкин.
Буни содда тил билан айтганда тўлиқ тўхтатиш ва тугатиш бўлмаса-да, "сийраклатиш" ёки "тартибга солиш" амалиёти деса ҳам бўлади.
Сабаб нима?

Сурат манбаси, AFP
Кузатишларимдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, ноқонуний муҳожирлик борасида Туркияда вазият ҳақиқатан ҳам тартиб ва тизимга муҳтож бир заруратга айланган.
Айниқса, Яқин Шарқ (Туркия учун Ўрта Шарқ), Африка, Афғонистон, Сурия ва кейинги пайтларда Украина ҳамда Россиядан келаётган ноқонуний муҳожирлик Туркияда жиддий иқтисодий ва ижтимоий муаммолар манбасига айланмоқда.
Бу муаммодан Туркия расмийлари ҳатто ўзларининг сиёсий пропаганда ишларида ҳам восита сифатида фойдаланаётгани учун маҳаллий халқда ноқонуний муҳожирликка қарши жиддий салбий қараш ҳам вужудга келган.
Бундан ташқари, маҳаллий халқда бундай вазиятнинг олдини олиш бўйича ҳукуматга қилаётган босим ҳам ортиб бораяпти.
Бунинг яна бир жиддий омилларидан (балки энг асосийларидан бири), албатта, Туркиядаги иқтисодий вазият ҳамдир.
Чунки ноқонуний муҳожирликда ишлаётган ишчилар ўзлари яшаётан ишжойларида рўйхатдан ўтмаган ҳолда меҳнат қилаётгани учун давлат ғазнасига тушум келмайди.
Негаки, улар солиқ тўловчилар рўйхатига кирмай қолади.
Лекин иш излаб юрган оддий аҳоли эса, йиллар давомида ишсизлик мақомида бўлиб қолмоқда.
Бу, ўз навбатида, иқтисодга тўғридан-тўғри таъсир қилиши турган гап.
Бунинг яна бир жиҳати Туркияда қачондир пайдо бўлган, лекин бир турли изга тушмаётган давлатга тўланиши керак бўлган солиқ ва давлат божларини тўлашдан қочиш тенденциясининг одат бўлиб қолганидир.
Негадир Туркиядаги иш эгалари ва ишчилар давлатга солиқ тўлашдан қочиши кўп кузатиладиган ҳодисалар қаторига киради.
Давлат мана шу камчиликни тўғрилаш устида доим бош қотиради.
Туркия расмийлари бераётган баёнотлар асоссиз эмас, лекин бу борада амалдаги иқтидорнинг ҳам ўз вақтида йўл қўйган жуда катта хатолари мавжуд.
Бу хатоларни ва қўйилган имзоларни қайтиб олишнинг имкони бўлмагани сабабли, ҳукумат бу муаммога кескинроқ чора кўриш орқали вазиятни юмшатиш ва ундан чиқишга ҳаракат қилмоқда.
Айниқса, бу муаммонинг турли ташвиқот манбаси сифатида сиёсий қурол сифатида мухолиф партиялар томонидан қўлланилаётгани мамлакатда сабрсизлик даражасининг ошишига ҳам сабаб бўлмоқда.
Бу эса амалдаги бошқарув учун яна қўшимча босим дегани.
Ўзбекистонликларга нима бўлади?

Сурат манбаси, NURPHOTO
Умуман, Ўзбекистон (ва Марказий осиёлик) муҳожирлар мавзуси (айниқса, хотин-қизларимиз) Туркия матбуотида тез-тез тилга олиниб турадиган мавзу.
Туркия томони бошлаган ноқонуний миграцияга оид кескин чоралар, албатта, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ҳам жиддий таъсир қилмоқда.
Кейинги пайтларда бу ерда ноқонуний ишлаётган ватандошларимизнинг миграция марказининг қайтариб жўнатиш бўлимларида кўпаётгани ҳам бунга далил бўлиб турибди.
Туркия учун ўзбекистонлик ноқонуний меҳнат муҳожирлари (айниқса, аёллар борасида) муаммоси анча жиддий.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Туркия меҳнат муҳожирлиги статистикасида энг бошда келадиган давлатлар орасида ўзбекистонликлар доимо биринчида туради.
Лекин бунга парадокс шаклида Туркияда уй-хизмат ишлари учун энг кўп талаб айнан ўзбекистонлик хотин-қизларгадир.
Менимча, бу борада Туркия ҳукумати ечимни ўша уй ишларида ишлайдиган меҳнат муҳожирларини қонунийлаштиришда деб билмоқда, шу борада чоралар кўриб, улар ишга олган уй эгаларини меҳнат шартномаси билан ишга олишга ундамоқда.
Албатта, бундан иккала томоннинг ҳам манфаати бор. Лекин бу қанчалик амалга ошади - буёғи вақт масаласи.
Чунки Туркия ҳукуматида уйма-уй кириб, буни амалга оширишга имкон йўқ.
Аммо кейинги пайтларда синовдан ўтган ва уй эгалари билан яхши келиша олган хотин-қизларимизни меҳнат шартномаси билан уй ишларига жалб қилиш тизими ҳам тез-тез мавзу бўлаётган масалага айланди ва бунинг амалга ошаётгани мисолларини ҳам кўраяпмиз.
Бу ерда асосий масала яна ўша солиқ тўлашга бориб тақалмоқда.
Бунга рози бўлаётганларни ҳам, аксинча, истамаётганларни ҳам кўриш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, ўзбекистонлик хотин-қиз ишчиларга Туркияда доим талаб бор.
Бундан ташқари, ишлаш мақсадида келиб, Туркияда турмушга чиқиб кетаётган ўзбекистонликлар сони ҳам кам эмас.
Танлов-чи?

Сурат манбаси, NURPHOTO
Миграция борасида олиб борилаётган бундай сиёсат, албатта, ўзбекистонликларнинг (Туркияда ишлаётган) кайфиятига жиддий салбий таъсир қилмасдан қолмаяпти.
Улар илк келганларида Туркияда уч ойлик эркин қола олиш муддатидан фойдаланган ҳолда, Миграция марказларига Туркияда кўпроқ қолиш учун (туристик ёки иш) қилган мурожаатларига рад жавоби олаётганлари уларни яна чорасиз ҳолга солмоқда ва ноқонуний меҳнат муҳожири бўлиб қолишига сабаб бўлаяпти.
Айниқса, яқин бир йилдан бери янги келганлар учун қисқа муддатли туристик қолиш (бир йилдан икки йилгача) муддатига ҳам рад жавоби берилаётгани ватандошларимиз учун мураккаб вазиятни келтириб чиқараяпти.
Лекин олдинроқ келган, аниқ яшаш манзилига эга бўлган ватандошларимиз ўз яшаш рухсатномаларини узайтиришга рухсат олаётган бўлса ҳам, бир йиллик муддат 4 ойдан 9 ойгача қисқариб кетаётгани яна қўшимча саволларни ўртага чиқараяпти.
Чунки тўланган тўловлар исталган муддат, яъни бир ёки икки йилга тўланаётган бўлса ҳам, рухсат берилган муддат камайиб бормоқда.
Аслини олганда, Туркияда Марказий осиёликлар шу пайтгача муаммо деб қараб келинмаган.
Ҳатто айтиш мумкинки, Туркияда бу ҳолдан мамнулик кайфияти ҳам йўқ эмас эди.

Сурат манбаси, .
Лекин кейинги пайтларда, юқорида айтиб ўтганимиздек, Ўрта Шарқ, Африка, Афғонистон, Эрон ва Араб давлатларидан келган ва келаётган тартибсиз муҳожирлик бу борада Туркияда кескин рейдлар ўтказишга сабаб бўлмоқда.
Бу, айниқса, Истанбул, Анқара, Измир каби катта шаҳарларда шиддат билан амалга оширилмоқда.
Менинг ўзим ҳам шахсан узоқ қариндошимизнинг шундай ҳолга тушиб қолганидан хабар топиб қолганим учун уни жўнатиш учун борганимда, қайта жўнатиш марказларида асосан юқорида зикр қилинган мамлакатлардан келган кишиларни кўрдим. Яъни, ўзбекистонлик ёки Марказий Осиёдан битта мен эдим у ерга қариндошидан хабар олишга борган.
Бундан ташқари, рейд давомида қўлга тушган меҳнат муҳожирлари агар кўнгилли равишда кетмоқчи бўлса, уларни кетиш учун билетлари олиниб, қўлига 100 евродан сал кўпроқ маблағ ҳам ёрдам сифатида берилаётгани ҳақида маълумотга эга бўлдим.
Агар, Ўзбекистондаги вазият (айниқса, иш борасида) ўзгармайдиган бўлса, Туркия барибир ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун манзил бўлиб қолаверади, деган фикрдаман.
Туркия ва хорижий ишчи кучи?..
Туркия ўрта даражада ривожланган давлатлар қаторига киради.
Бундан ташқари, Туркия ишчи импорт қиладиган эмас, экспорт қиладиган давлатлар қаторида туради.
Лекин бу ерда бундай механизм бошқача ишлайди ва туркияликлар бориб ишлайдиган мамлакатларда уларнинг ҳимоя ва ҳуқуқлари қаттиқ таъминланади.
Туркия асосан завод ва фабрикаларда, бундан ташқари, туризм соҳасида четдан меҳнат муҳожирлари олишга эҳтиёж сезади.
Шунинг учун ҳам туристик ва меҳмонхона бизнесида ишлаётганларни кўпроқ кўриш мумкин.
Қўшимча равишда Қора денгиз ҳудудларида чой етиштирадиган плантацияларда ва фундук ёнғоғи тўплашда мавсумий ишчиларга эҳтиёж сезилаётгани кўринмоқда.
Бу ерда ишлайдиган ишчилар асосан Ўрта Шарқ ва Африка мамлакатларидан келганлар бўлаяпти.
Хорижой ишчи кучига эҳтиёж борасида Туркияда тартибга тушмаган тизим бор ва шунинг учун ҳам жиддий муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Масалан, асосан чорва билан шуғулланадиган ҳудудларда чўпонларга катта талаб бор. Лекин чўпонлик қиладиганларни топиш қийин.
Эҳтиёжи бор бўлган кишилар ҳам бу ишни бошлаганларидан маълум вақт ўтиб, шаҳардаги таниш-билишлари орқали шаҳардаги ишларга (завод-фабрикаларга) кетиб қолишмоқда.
Иқтисодий зиёнларни компенсация қилиш кўпинча давлат чиқарадиган қонунлар ёки субсидиялар орқали амалга ошиб келмоқда.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















