Тошкент осмонўпар биноларини 60 тонна оғирлаштиришмоқчи, янги иситиш мавсуми ва пойтахт ҳавоси сифати, 1303 нафар авария қурбони

Сурат манбаси, gazeta.uz
Тошкент шаҳрининг энг таниқли осмонўпар бинолари яшовчилари ўзлари яшаб турган уй янада оғирлашиши ва зилзилага бардошлилиги кучсизланишидан хавотир билдирмоқдалар.
Пойтахтнинг Ҳамид Олимжон майдони атрофидаги тўртта 18 қаватли бино яшовчилари биноларнинг усти шиша билан ёпилишидан огоҳлантирилдилар.
Тошкент шаҳар ва Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани расмийлари мантиғига кўра, ҳозир бу биноларнинг кўриниши хунук, шунинг учун ташқи кўринишини қора шиша билан ўраб замонавийлаштиришга қарор қилинган.
Ўзбекистондаги gazeta.uz веб-нашри ўрганишига кўра, кўп қаватли уйларнинг яшовчиларига биноларнинг ташқи кўринишини қандай ўзгартирмоқчи бўлаётганлари лойиҳаси кўрсатилгани йўқ.
Яшовчилар Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Бош Прокуратураси ва Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасига мурожаат қилганлар, бинолар ташқарисини шишалаштиришни тўхтатишни илтимос қилганлар, тасдиқланган лойиҳа ва сметани тақдим этишни сўраганлар.

Сурат манбаси, .
Кўп қаватли уйлар яшовчиларининг қурувчилар билан суҳбатлардан кейин қилган ўзларининг хомаки ҳисоб-китобларига кўра, ҳар бир бинонинг оғирлиги 60 тоннага оғирлашади.
Биноларнинг тўрт томони эмас, фақат Мустақиллик шоҳ кўчасига қараган икки тарафи усти қора шиша билан ёпилиши оқибатида 60 тоннали оғирлик бутун бинонинг бир томонга оғишига олиб келиши мумкин.
Расмийларнинг сўзларига кўра, лойиҳа тўлиқ тасдиқланган, оғирлик унча катта бўлмайди.
Ўзбекистонда тўққиз ой мобайнида 1303 инсон ЙТҲ қурбони бўлди

Сурат манбаси, gazeta.uz
Ўзбекистонда 2025 йилнинг январидан сентябригача расман 5895 та йўл-транспорт ҳодисаси рўй бергани қайд этилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов маълум қилди.
Сенатор маълумотларига кўра, оқибатда 1303 инсон ҳаётдан кўз юмган.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 6127 та йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.
2025 йил тўққиз ойидаги кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 232 тага ёки 3,8% га кам.
Жабрланганларнинг сони 3,5% камайган — 4759 тадан 4592 тага. Ҳалок бўлганлар сони ҳам 4,8% га камайган — 1368 тадан 1303 тага (-65).
Пиёдалар иштирокидаги ЙТҲлар сони 5,8% га камайган — 2855 тадан 2689 тага.
Сенат қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов таъкидлашича, бу натижаларга ҳайдовчилар ва пиёдалар орасида йўлларда ҳаракатланиш қоидаларига риоя қилиш маданиятининг ошиши, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими такомиллашаётгани, шунингдек, йўл ҳаракатини ташкил этишни тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган ҳуқуқий базанинг яратилиши орқали эришилган.
Ўтган 2024 йили Ўзбекистонда жами 9364 та ЙТҲ содир бўлган.
Оқибатда деярли 9000 киши жабрланган, 2203 киши ҳалок бўлган.
Янги иситиш мавсуми ва Тошкент шаҳри ҳавоси сифати

Сурат манбаси, instagram.com/inkuzart
Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 3 ноябрдан кескин ўзгариши ва тунда 0 даражадан ҳам совиши, айрим ҳудудларда қор ёғишини башорат қилдилар об-мутахассислари.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги ижтимоий объектларда марказлаштирилган иситиш 3 ноябрдан, кўп қаватли уйларни иситиш 5 ноябрдан бошланишини хабар қилди.
12 ноябрдан Ўзбекистон пойтахтида иситиш ва иссиқ сув баҳоси аҳоли учун 15%, юридик шахслар учун 40 фоиз ошириладиган бўлган.
Ўтган йиллари айнан иситиш мавсуми бошланганидан кейин Тошкент шаҳри ҳавосининг янада ифлосланиши кузатилган.
3 ноябр куни Тошкент ҳавоси сифати 167 - носоғлом деб баҳоланди.
Инсон саломатлигига зарарли PM2.5 заррачалари Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти тавсия этадиган меъёрдан 15,8 баробар юқори деб кўрилди.
Шу куни ўзбекистонлик рассом Inkuzart ўзининг пойтахт ҳавоси ифлосланишига бағишланган янги кўча граффитисини эълон қилди.
Суратда ифлос ҳаводан ўзларини противогаз билан ҳимоялаб йўлда бораётган ўзбек эркак ва аёллари акс этган.
31 октябр дайжести: Орол тубига дронлар экин экади, Қирғизистонда янги олтин омбори, ёш болали шахматчи оналар Ўзбекистондаги олимпиадада иштирок этишади

Қозоғистонда Орол денгизининг тубига дронлар ёрдамида экин экиш лойиҳаси бошланди.
Қирғизистон энди олтинларни ўзида сақламоқчи.
Ёш болали шахматчи оналар Ўзбекистонга келишади.
Қозоғистон Орол тубини дрон билан обод қилмоқчи
The Times of Central Asia вебсаҳифсининг хабар беришича, Қозоғистоннинг Қўрқит Ота Қизилўрда Университети АҚШдаги Калифорния Университети билан ҳамкорликда Орол денгизининг тубига дронлар ёрдамида экин экиш лойиҳасини бошлади.
Лойиҳа Орол денгизининг қуриб қолган қисмини жонлантириш мақсадида Калифорния Университети томонидан ишлаб чиқилган турли ўсимликлар уруғини янги технологиялар ёрдамида сепишни назарда тутади.
Дронлар табиатда чириб кетиши осон бўлган материалларга ўралган уруғларни денгиз туби узра сепиб чиқишади. Шу йўл билан ўсимликлар ўсиб чиқиши тезлаштирилиб, омон қолиш эҳтимоли кўпроқ бўлади. Қўл меҳнатидан камроқ фойдаланилади.
Ҳозирда Орол денгизи жаҳондаги энг йирик экологик фожиалардан бири сифатида кўрилади. Бугунги кунда денгизнинг фақатгина 10% сатҳида сув қолган. Қуриб қолган қисмида йиғилиб қолган заҳарли моддалар пестицидлар билан биргаликда ён атрофдаги сув, тупроқ ва ҳавога тарқалиб минтақа аҳолисининг соғлиғи ва озиқ-овқат таъминотига хавф солиб келмоқда.
Лойиҳанинг амалга оширилиши бу хавфларни камайтиришида муҳим роль ўйнашига умид қилинмоқда.
Ушбу ташаббус Қозоғистон ҳукуматининг Оролни Сақлаш жамғармаси қўллови билан амалга оширилмоқда.
Собиқда орол денгизи тубига саксовул экиш лойиҳаси ҳам амалга оширилганди.
Қирғизистонда янги олтин омбори

Сурат манбаси, Reuters
Яна The Times of Central Asia веб-саҳифасига кўра, Қирғизистон халқаро стандартларга мос ва 1000 тонна олтин сақлаш сиғимига эга бўлган янги омбор қурилишини бошлаган.
Шу вақтгача Қирғизистон олтин захираларини хорижда сақлаб келган. Олтин омбори қурилиши ҳақида президент Садир Жапаров Қирғизистон Миллий Банкининг янги биносини очиш маросимида маълум қилган.
Жаноб Жапаров мамлакат эндиликда олтин сақлаш хизматини хориж давлатларига ҳам таклиф қилиш имконига эга бўлишини айтган.
Қирғизистон Миллий банкига кўра, мамлакат олтин захираси қиймати энг юқори даражага чиқиб, 7.55 миллиард долларга етган.
Ёш болали шахматчи оналар Ўзбекистондаги олимпиадада иштирок этишади.

Сурат манбаси, EPA
Халқаро шахмат федерацияси ФИДЕ Ўзбекистонда келгуси йил ўтказилажак шахмат Олимпиадасида ёш болали оналар яна иштирок этиш имконига эга бўлишларини эълон қилди.
Бу ташаббус илк бор Будапештда 2024 йили ўтказилган Олимпиадада амалга оширилганди. Мақсад яқинда она бўлган профессионал шахматчи аёлларга оналик билан бирга ўз фаолиятларини давом эттириш учун имкониятлар яратишдир.
Федерация ёш болали шахматчи аёлларга фарзандлари ва энагалар билан бирга мусобақаларга келиш учун молиявий қўллов таклиф қилади.
Ўзбекистондаги Олимпиадага фарзандларининг ёши 2 гача бўлган оналар ушбу ташаббус доирасида келиб, иштирок этишлари мумкин.












