Ироқ насронийлари, ИШИД ва Исо пайғамбар амри ҳақида

Ироқдаги насроний жангарилар раҳбари Раян ал Килданий
Сурат тагсўзи, Ироқдаги насроний жангарилар раҳбари Раян ал Килданий
    • Author, Оуэн Беннет Жоунс
    • Role, Би-би-си

Ироқдаги бир гуруҳ насронийлар бирлашиб, ИШИДга қарши курашишга аҳд қилганлар.

Вавилон бригадасининг раҳбарига кўра, ИШИД насронийларни нишонга олганидан кейин улар иложсиз қолишган.

Деворга осилган суратда кичик қишлоқ манзараси акс этган.

Қишлоқ йўли чеккасида ҳар юз қадамда биттадан баланд хоч тикланганини кўрса бўлади.

"Мосул яқинидаги насронийларнинг қишлоғи”, дейди жангарилардан бири.

Биз Ироқ Насронийларининг Қаршилик гуруҳига тегишли қароргоҳдамиз.

Қароргоҳ Бағдодда жойлашган.

Улар ўз сафларида 100 000 кўнгилли жангари борлигини даъво қилишади.

Бу жангари гуруҳнинг тузилишидан мақсад ИШИДга қарши курашиш бўлган.

2014 йилда ИШИД ҳатто Бағдодга ҳам хавф солган, ҳукумат армияси деярли яксон бўлган, аммо бу жангарилар мардонавор туриб беришганди.

Зотан, бу гуруҳда жангариларнинг аксарияти шиа мусулмонларидир.

Улар орасида бир неча сунний ва ёлғиз насроний бор.

Гуруҳнинг номи – Вавилон бригадаси.

Деворга Вавилон Бригадаси раҳбарининг бир неча суратлари ёпиштирилган.

Вавилон Бригадаси рамзи
Сурат тагсўзи, Вавилон Бригадаси рамзи

Мен Раян ал Килдани билан учрашишга келганман.

Ниҳоят, у атрофида бир неча киши билан кириб келади.

Улардан фақат бир ёш йигит ҳарбий кийимда,холос.

Мен Килданийни қанчалар жиддий қабул қилиш кераклигини билмас эдим.

Ҳукуматпараст жангарилар марказий ҳукуматдан йилига қарийб 1 ярим миллиард доллар олишади.

Килданий каби жангарилар учун бу ойида 600 АҚШ доллари деганидир.

Бу эса яхшигина маблағ.

Бағдодда айримлар турар жойни ижарага олиб, бир неча одам тўплаб, кейин ҳукуматга келиб маблағ талаб қилганлари ҳақида турфа ҳикоялар мавжуд.

Мен Килданийдан қанча аскарингиз бор деб сўрайман, у “бу ҳарбий сир”, деб жавоб беради.

Ростданми? Мен яқинда бошқа бир жангарини кўрдим ва у қанча одами борлигини очиқ айтди.

У ўзининг Лондон шимолидан эканини айтар экан, инглиз тилини рисоладагидай билмаслигидан узр сўради. Бундан ҳайратланмай бўладими?

"Ростдан ҳам Уэмблиданмисиз? Стадион ёниданми?”

"Ҳа, менинг турмуш ўртоғим ва болаларим ҳамон ўша ерда туришади”.

У ўзининг қанча аскари борлигини ҳеч яшириб ўтирмаган эди.

Мен яна Килданийни қистовга оламан.

"Юзлабми ёки минглабми аскарларингиз?”

"Кўп".

"Қуроллар ҳам борми?"

"Ракеталар, ўртачалари…Бу уруш. Урушда фақат милтиқ билан жангга кириб бўлмайди”, дейди у.

"Яъни, сиз насроний жангариларни бошқарасиз, шундайми?”

"ИШИДнинг насронийлар бошига солаётган кунлари даҳшатлидир. Улар шайтонлардир”.

"Жангариларингиз урушга кирганми?”

"Биз мусулмонлар билан ёнма-ён туриб жанг қилмоқдамиз, Ироқ тарихидаги илк насроний кучмиз”, дейди у.

Кейин эса давом этади:"Биламан, Инжилда бир юзингизга уришса, иккинчисини тутинг дейилади. Аммо биз яхшигина ҳимоя кучига эга бўлдик. Ҳеч ким насронийларни хафа қилишга журъат қилаётгани йўқ. Айрим насронийларнинг уйларини тортиб олишганди. Мен ўзим бориб уларни тортиб олинган уйлардан қувиб чиқардим. Насронийлар рўшнолик кўришди, азобли кунлар ортда қолди”.

Унинг тўртта телефонидан бири жиринглаб қолди. У рақамга бир қарадию, ижирғаниб, бошқа бир одамга берди.

"Инжилда “ўлдирманг” деган амр бор, биласизми?”

ИШИД

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, ИШИД

"Сиз насрониймисиз?”

У менга ишонқирамай қарайди.

"Англия Черкови...”

Килданий гўё менинг жавобим унга ниманидир тушунишга ёрдам бергандай бошини силкиб қўяди.

Килданий менга қараб, “биз жанг қилишимиз керак, ўзимизни ҳимоя қилишимиз лозим”, дейди.

Кейин мени ҳайратга солиб, “Исонинг ўзи бизга агар қиличингиз бўлмаса, бориб битта сотиб олинг, деб айтган”, дейди.

Мен мактабда Инжилдан олган сабоқларимни миямдан “титиб” кўраман, аммо ҳеч ҳам Исонинг қуролланиш ҳақида айтганларини эслолмайман.

"Исо ростдан ҳам шундай деганми?”

"Инжилда бор”, деб туриб олади Килданий.

Бошқа бир киши "Матто” дейди, яна бири эса “Луқо” деб луқма ташлайди. Мени шубҳа тарк этмайди.

Килданий телефонида ўйнаб ўтирган одамларидан бирига тез бу амрни топиш ҳақида буйруқ беради.

Ёш йигит қўлидаги телефонида Луқо Инжилидан арабча битилган парчани кўрсатади.

Луқо Инжили, 22/36: Исо уларга шундай деди: Бироқ энди кимнинг ҳамёни бўлса, ўзи билан олсин. Кимнинг тўрваси бўлса, ёнида кўтариб юрсин. Бўлмаса, кийимини сотиб қиличга алмаштирсин.

Кейин билишимча, диншунослар айни шу нуқтада асрлар давомида баҳс қилиб келишар экан. Яъни, Исо ҳақиқий қилични назарда тутганми ё рамзий? Килданий бу масалада шубҳа қилмайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг