Ироқда язидийларнинг оммавий қабри топилган

Синжарда аввалроқ топилган оммавий қабр

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Синжарда аввалроқ топилган оммавий қабр

Шимолий Ироқда камида 110 язидийларнинг жасадлари кўмилган оммавий қабр топилган.

Бу ҳақда Ироқ мулозимлари хабар қилишган.

Оммавий қабр Синжар яқинидан топилган.

Бу шаҳарча аввалроқ ўзини “Исломий давлат” деб атайдиган жангари гуруҳ унсурларидан тозаланган эди.

ИД жангарилари Синжарни 2014 йилнинг август ойида босиб олишган ва тез орада Ироқда озчиликлар қаторида бўлган язидийларни қирғин қилишгани, хотин-қизларни эса жинсий зўрлашгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Айни оммавий қабр шу минтақада топилган олтинчисидир.

Ироқ мулозимларига кўра, бу оммавий қабрнинг атрофига портловчи ускуналар ва миналар жойлаштирилган.

Ҳали қабрда қазиш ишлари бошлангани йўқ.

У ердаги жасадлар сони ва оммавий қатллар ҳақида эса гувоҳлар айтишган.

Синжар ҳокими Маҳма Халилнинг Би-би-сига айтишича, бу минтақада ҳозирга қадар топилган энг йирик оммавий қабрдир.

Аммо, унинг айтишича, вақт ўтиши билан бу каби қабрлар кўплаб топилиши мумкин.

Маҳма Халил халқаро ташкилотларга мурожаат қилиб, бу қирғинлар бўйича ҳужжат ва далиллар тўплашда кўмак беришлари ва уларни Халқаро Жиноий Маҳкамага оширишда ёрдам сўраган.

Унинг таърифида ИД гуруҳининг язидийларни қатлиом қилгани жазосиз қолмаслиги керак.

Язидийлар кимлар?

Синжардан қочаётган язидийлар

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Синжардан қочаётган язидийлар

Язидийлар тарихи бўйича мутахассис Диана Даркенинг изоҳлашича, язидийлар жамоасининг сони тахминан 70 мингдан 500 минггача дея кўрилади.

Дунёқарашларининг ўзгачалиги туфайли уларни аксар ҳолларда "иблисга сиғинувчилар" дея адашиб талқин қиладилар. Улар аксар ҳолларда кичик-кичик жамоа бўлиб, Ироқ шимоли-ғарбида, Сурия шимоли-ғарбида ва Туркия жануби-шарқидаги ҳудудларда яшайдилар.

Минтақадаги друз ва алавий мазҳаблари сингари, язидийликни ҳам қабул қилиш мумкин эмас, фақатгина ўша жамоада туғилганларгина язидий ҳисобланадилар.

Лондондаги Озчиликлар Ҳуқуқлари Гуруҳи раҳбари Марк Латимернинг айтишича, язидийларнинг диний қарашлари қатор бошқа динлар чатишмасидан келиб чиқади.

"Язидийлар Ироқдаги кўплаб диний озчиликлардан атиги бири,холос. Улар мазҳабларини ташқи дунёдан анчайин махфий тутишади. Мазҳабнинг келиб чиқиши ҳақида турли қарашлар бор.

Баъзилар язидийликнинг илдизи қадимий форс зардуштийлигига бориб тақалади дейишса, язидийларнинг ўзлари анчайин ўзгача талқин беришади. Умумиятла айтсак, язидийлик қатор диний дунёқарашларнинг чатишмасидир. Лекин ўзига ҳос маданият ва диний ақидаги эгалар. Бир нарса аниқ, улар Ироқда ўнлаб йиллар мобайнида тазйиқларга учраб келганлар ва мана ҳозирда яна энг катта хавф остида бўлган диний гуруҳ бўлиб қолмоқдалар".

Язидийларнинг энг муқаддас қадамжолари Бағдоддан 430 км шимоли-ғарбда жойлашган Лалеш ибодатгоҳидир.

Марк Латимер язидийларнинг расм-русумлари ҳақида: Мутахассиларга кўра, язидийларнинг Синжар тоғлари ёнбағридаги яшаш ерларида бошқа гуруҳлар томонидан тазйиққа тутилишлари ортида жамоа номининг нотўғри талқин қилиниши ётади.

Язидийларнинг ишонишларича, руҳ турли шаклдаги танага ўтиши мумкин.

Руҳнинг тозаланиши ана шу каби "қайта-қайта" туғилиш орқали имконлидир ва жаҳаннамни бартараф қилади.

Язидийлар учун энг олий жазо ўз жамоаларидан бадарға қилинишидир. Чунки бу бадарға қилинганнинг руҳи қайта тиклана олмаслигини англатади.

Лекин, бу каби ўзгачаликка қарамай, Марк Латимернинг айтишича, язидийлар асрлар мобайнида аксар аҳолиси мусулмонлар бўлган мамлакатларда нисбатан тотувликда яшаб келганлар.

"Улар мусулмонлар билан Ироқдаги бошқа диний озчиликлар каби асрлар мобайнида аҳил яшаб келганлар. Аслида Ироқ тарихининг аксар қисмида кўплаб гуруҳ ва мазҳаблар ёнма-ён тинч яшаб келганлар. Фақатгина зўравонлик ва тазйиқлар кучайган алоҳида даврларда уларга ҳам тазйиқлар кузатилган. Лекин язидийларга нисбатан камситувчи муносабат асрлар мобайнида мавжуд бўлиб келганлиги ҳам маълум. Язидийлар энг қашшоқ бўлган гуруҳлардан бири ҳам. Ироқдаги бошқа озчиликлар, масалан насронийлар анчайин таниқли ва обрўли вакилларга эга бўлсалар, язидийлардан бу каби ҳолатларни деярли учратмайсиз. Лекин ҳозиргидагидек каби ўта хавфли вазиятга улар 80 йиллар охирлари Саддам Ҳусайннинг мажбурий араблаштириш кампанияси давридан бери юз тутмаган эдилар. Улар мавқеининг сабабларидан бири улар курдлар ва араблар ўртасида баҳсли, стратегик жиҳатдан ўта муҳим кўрилган ҳудудларда яшашларидир. Уларни камситиш, "иблисга сиғинувчилар" дея талқин қилишлар ортида аслида улар яшайдиган ерларга даъво ётади".

Асрлар мобайнидаги камситишларга қарамай язидийлар ўз эътиқодларидан воз кечишмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio