"Исломий давлат" 300 язидийни қатл этган

Сурат манбаси, AP

"Исломий давлат" жангарилари бир неча юз язид асирларини 1 май куни қатл этган, деб хабар беради Ироқ расмийлари ва язидийлар вакиллари.

Ўлдирилган диний озчиликларнинг сони 300 экани хабар қилинмоқда.

Ироқ Вице-президенти Усома ал-Нужайфий қотилликни "жирканч ва ёввойилик" деб атаган.

Минглаб язидийлар ўтган йили жангарилар қўлига тушганлар.

Уларнинг қай тарзда ва айнан нега шу пайтда ўлдирилганлари номаълум, дейди Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича мухбири Алан Жонсон.

Язидларнинг аксарияти 2014 йилда «Исломий давлат» жангарилари Ироқнинг шимоли ва ғарбий қисми, Суриянинг шарқий ҳудудларини босиб олган пайтда асирга олинганлар.

Сурат манбаси, AFP

Ўзларини сунний мусулмонлар деб биладиган "Исломий давлат" жангарилари язидийларни диндан қайтганлар деб билади ва шафқатсиз муносабатда бўлади.

Язидийлик динида қадимги ҳиндлар ва оташпарастларнинг урф-одатлари, насронийлик ва мусулмонликнинг унсурлари бўлиб, уларга мажусийлар деб қаралади.

Ўтган йил баҳорида яшаб турган ҳудудлари «Исломий давлат» жангарилари томонидан босиб олингач, минглаб язидийлар курдлар назорати остидаги шимолий Ниневия туманига қочиб ўтганлар.

Юзлаб одамлар ўлдирилган, кўплаб аёллар жинсий зўрлангани ва қул қилинганлари ҳақида хабарлар тарқалган.

Ҳозир ҳам катта ҳудудлар «Исломий давлат» назоратида бўлсада, курд қўшинларининг ҳарбий амалиётлари «Исломий Давлат» қўлидан анча ҳудудларни тортиб олиш имконини берди.

Сурат манбаси, AFP

Синжар тоғи аторфида жангарилар қамалида қолган минглаб язидлар курд кучлари томонидан озод қилинган.

Хабарларга кўра, Шанба куни Бағдоднинг шиалар истиқомат қиладиган Каррада туманида автомобил портлатилиши натижасида камида 13 киши қурбон бўлган.

Ғарбий Анбар вилоятининг Гарма шаҳрида ҳам миналаштирилган автомобил портлаб, олти Ироқ аскари ҳалок этилган.

Shafaq News курд сайти хабар қилишича, жума кунги қотилликни кескин қоралаган Язид Тараққиёт партияси Ироқ кучларини исломий жангарилар қўлида қолаётган язидийларни озод қилишга чақирган.

Сурат манбаси, AP

Январ ойида Киркук шаҳри яқинида қарийб 200 кекса язидийлар курд расмийлари воситачилигида озод этилганлар.

Охирги ойларда жангарилар бир қадар орқага чекингани кузатилмоқда.

Бироқ ҳали ҳам кўплаб туманлар жангарилар назорати остида экани айтилади.

Декабр ойида Курд кучлари Ироқ шимоли ғарбида жойлашган Синжар тоғида минглаб язидийларни жангарилар қамалидан қутқаришга эришганлар.

Ироқ ҳукумати Эрон кучлари ёрдамида апрел ойида Тикритни қайта ўз назоратига олганини билдирганди.

Маълумотларга қараганда, дунё бўйлаб 500 мингга яқин киши Язидийликка эътиқод қилади.

Язидийларнинг катта қисми Ироқнинг Ниневия туманида яшаб келишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio