Президент Порошенко БМТ тинчликпарвар кучларини жойлаштиришни сўради

Сурат манбаси, Reuters

Президент Пётр Порошенко Украина шарқида ўт очишни тўхтатиш келишувини таъминлаш мақсадида Бирлашган Миллатлар ташкилотининг тинчликпарвар кучлари жойлаштирилишини сўраган.

18 феврал тунида Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг фавқулодда йиғилиши ўтказилган.

Бу йиғилишда Президент Порошенко айтишича, БМТ тичликни таъминлаш кучлари “тинчлик ваъдаси бажарилмаётган шароитда” хавфсизликни кафолатлашга ёрдам беради.

Жаноб Порошенконинг сўрови хавфсизлик ва мудофаа кенгаши томонидан маъқулланган.

“Бу масала муҳокама қилинди ва Украинада тинчликни таъминлаш ва хавфсизлик амалиётларини йўлга қўйиш мақсадида БМТ ва Оврўпо Иттифоқига мурожаат қилиш қарори қабул этилди”, деб айтган хавфсизлик кенгаши котиби Олександр Турчинов.

Расмий Киевнинг ушбу қарори Украина ҳукумат қўшинлари стратегик муҳим Дебалцево шаҳрини тарк этиши ортидан қабул қилинди.

Сурат манбаси, BBC World Service

18 феврал куни охирги ҳафталарда қуршовда қолган ва қақшатқич жангларга саҳна бўлган Дебалцеводан Украина армияси кучлари олиб чиқиб кетилди.

Президент Пётр Порошенко айтишича, қарийб 2500 Украина аскари Дебалцевони тарк этган.

Украина президентига кўра, қўшинни олиб чиқиб кетиш олдиндан режаланган бўлган ва сўнгги жангларда олти Украина аскари ҳалок бўлган, 100 дан ортиғи яраланган.

Бундан олдин Украина ҳарбийлари Дебалцево учун кечган сўнгги уч кунлик жангларда 22 ҳарбий ҳалок бўлганини хабар қилганлар.

Россияпараст бўлгинчи исёнчиларга кўра, бундан кўп Украина аскари ҳалок бўлган.

Расмий Киев исёнчиларнинг бу хабарларини рад этади.

Ўтган ҳафта Беларус пойтахти Минскдаги музокаралар якунида 15 февралдан ўт очишни тўхтатишга келишилган, бироқ Дебалцево учун жанглар тўхтамаган. Россияпараст исёнчиларнинг Дебалцево учун жангларни тўхтатмагани халқаро миқёсда қораланди, исёнчилар ҳамда Россияни оташкесим келишувини бузишда айбламоқдалар.

Бироқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров айтишича, Дебалцево учун исёнчиларнинг жанглари Минскдаги оташкесим битими бузилганини англатмайди, чунки келишув имзоланган пайтда шаҳар исёнчилар назоратида бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02