Украин миллатчилари Степан Бандерани хотирлашди

Сурат манбаси, EPA

Украин миллатчилари Иккинчи Жаҳон Уруши пайтида Советларга қарши курашган Степан Бандера шарафига Киев бўйлаб юриш қилдилар.

Маршда сўз олган ўта ўнг қанот "Свобода" партияси раҳбари Олег Тягнибок ҳукуматдан Бандерага "Украина қаҳрамони" унвонини қайтариб беришни талаб қилди.

Кўплаб россияликлар Бандерадан нафратланишади.

Президент Владимир Путин уни "Гитлернинг шериги" деб атаган эди.

Россия русларга нисбатан неонацистлар таҳдиди бўлгани учун Украина шарқидаги бўлгинчиларни қўллаб-қувватлашини айтади.

Иккинчи Жаҳон Уруши акс-садолари

Юриш иштирокчилари "Свобода" ва "Правый Сектор" гуруҳлари байроқларини кўтариб олгандилар.

Мазкур икки гуруҳ собиқ Москвапараст президент Виктор Януковични ағдариш ҳаракатига етакчилик қилганди.

Юришда иштирок этганларнинг баъзилари миллатчиларнинг Иккинчи Жаҳон Уруши пайтидаги либосларини кийиб олгандилар.

Юришда, ҳаммаси бўлиб, икки ярим мингга яқин одам иштирок этди.

Сурат манбаси, AP

Россиянинг даъво қилишича, Киевдаги маршда Россия Телевидениесининг бир неча журналистига ҳужум қилинган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги айтишича, Кремлпараст LifeNews телеканалининг икки аёл мухбирига ниқоб кийган шахслар "ҳужум" қилганлар.

Ҳужумчилар уларнинг камерасини бузиб ташлаганлар ва мобил телефонларини ўғирлаганлар, дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

"Бу Украинада матбуотнинг таъқиб остига олинишига яққол бир мисолдир," - деб айтди вазирлик сўзчиси Мария Захарова.

Украинанинг Юниан Ахборот Агентлиги маълум қилишича, ҳодиса юзасидан бир шахс ҳибсга олинган.

Бандера Украинада зиддиятли шахс ҳисобланади.

Жаноб Янукович унга берилган "қаҳрамон" мақомини бекор қилганди.

Аксилсовет қаршилик ҳаракатига етакчилик қилган эса-да, Бандера уруш пайтида нацистлар томонидан қамоққа ташланганди.

У Совет КГБси томонидан 1959 йилда Мюнхенда отиб кетилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02