Иқлим ўзгариши бўйича янги битимга эришилди

Сурат манбаси, Reuters
Перу пойтахти Лимада 190 давлат вакиллари иқлим ўзгариши муаммосини қандай ҳал қилиш бўйича 48 соатли музокаралардан сўнг келишувга эришганлар.
Делегатлар кейинги йил Парижда ўтадиган саммитда тақдим қилинадиган миллий мажбуриятлар асосини тасдиқлаганлар.
Янги келишув истиқболда Киото протоколи ўрнини эгаллаши таклиф қилинган.
Анжуманнинг асосий вазифаларидан бири, атмосферага чиқарилаётган заҳарли газлар миқдорини камайтиришдир.

Сурат манбаси, Reuters
Олимлар фикрича, бу глобал исиш кўрсаткичини 2 даража паст ушлаб туришга имкон бериши керак.
Глобал иқлим исишига атмосферага кўп миқдордаги иссиқхона газлари чиқарилаётгани сабаб бўлаётгани айтилади.
Бунинг оқибатида табиий офатлар кўпайгани, қишда ҳаддан зиёд совуқ, ёзда эса ҳаво ҳарорати меъёрдагидан кўтарилиб кетаётганини айтадилар глобал иқлим исишига қарши кураш фаоллари.
Октябр ойида Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари 2030 йилгача муддатга белгиланган иқлим ва энергетик келишувга эришганлар. Ундан мақсад ички заҳарли газлар миқдорини 40 фоизгача қисқартириш назарда тутилади.
Ноябр ойида Хитой ва АҚШ раҳбарлари ҳам ўзларининг иқлим ўзгаришига оид режаларини билдирганлар. Хитой 2030 йилдан кейин заҳарли газларни ташқарига чиқаришни оширмасликка рози бўлган. АҚШ 2025 йилга бориб зарарли газлар миқдорини 2005 йилга солиштирганда 28 фоизгача камайтириш режасини билдирганди.

Сурат манбаси, AP
Перудаги анжуман чоғида лойиҳа матни борасида турфафикрлилик музокараларга сабаб бўлган. Дунёнинг бой ва камбағал давлатлари ҳавога чиқаётган углерод газининг миқдорини камайтиришга оид мажбуриятларни аниқлашда бир қарорга келишлари қийин бўлган. Ривожланаётган давлат вакиллари қудратли мамлакатларни иқлим ўзгариши бўйича зиммаларидаги мажбуриятларни бажаришни хоҳламаётгани ва унинг зарарларини қоплашдан бош тортаётганликда айблаганлар.

Сурат манбаси, Reuters
Анжуманга раислик қилган Перу Атроф муҳитни асраш вазири Мануэл Пулгарнинг журналистларга айтишича, якуний лойиҳа муаммони енгиллаштиради. Келишув матни нуқсонлардан холи бўлмаса ҳам, у томонларнинг нуқтаи-назарларини акс эттиради".
"Биз ўзимиз хоҳлаган нарсага эришдик, заҳарли газларни қисқартириш бўйича асосий масъулият бой мамлакатлар зиммасида қолади", деган Ҳиндистон вакили Пракаш Жавидакар.
Бундан олдинроқ АҚШ Давлат котиби Жон Керри музокарачиларга қарата ҳар бир мамлакат масъулиятни ҳис қилиши кераклигини айтган.
"Биламан, ривожланаётган мамлакатлар учун бу қийин. Лекин, бир нарсани эсда тутайлик, захарли чиқиндиларнинг ярмидан кўпи бугунда айнан ривожланаётган мамлакатлардан чиқаяпти, шундай экан, улар ҳам чора кўриши зарур", - дея таъкидлаганди Керри жаноблари.
Хитой каби давлатлар бой мамлакатлар кўпроқ мажбуриятга эга бўлиши керак деган қарашдалар.
Шунингдек, анжуманда бой мамлакатлар ривожланаётган давлатларнинг иқлим ўзгариши оқибатларини ҳал қилишда молиявий кўмаклашиш схемаси тузилган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












