Украина: Бўлгинчилар мустақиллик учун курашни давом эттирмоқчилар

Сурат манбаси, EPA

Украина шарқидаги исёнчиларнинг нуфузли раҳбарларидан бирининг Би-би-сига айтишича, ўз-ўзини бошқариш борасидаги янги қонун уларни мустақиллик талабидан воз кечишга кўндира олмайди.

Андрей Пургиннинг айтишича, исёнчилар Украинадаги марказий ҳукумат билан қандайдир сиёсий алоқа ўрнатиш илинжида эмаслар ва федерал ё бошқа сиёсий келишувга рози бўлмайдилар.

Лекин, у украин парламенти вакилларининг Россияпараст исёнчиларни авф этиш ва уларга ўз-ўзини бошқариш ваколатини бериш ҳаракатларида "ижобий" жиҳатлар борлигини айтди.

Унинг айтишича, бу ижобий жиҳатлар ўзаро мулоқотда қўл келиши мумкин, бироқ, исёнчилар "рус дунёси"га эришиш ниятларидан кечмайдилар.

Донецк ва Луганск вилоятларидаги бўлгинчиларга мустақил ҳокимият ваколатини берувчи янги қонунни баъзи украин депутатлари "таслим бўлиш" дея қоралашган.

....Украина шарқида ўн минглаб одамлар уйларини ташлаб қочганлар

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, ....Украина шарқида ўн минглаб одамлар уйларини ташлаб қочганлар

5 сентябрда эришилган оташкесим бўлгинчилар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида ойлаб давом этган қонли зиддиятни тўхтатди. Ўтган 12 кун ичида онда-сонда юз бериб турган отишмалар ҳисобга олинмаса, оташкесимга бўйсунилмоқда.

Ўзини Донецк Халқ Республикаси деб атаган ҳудуднинг бош вазири муовини жаноб Пургинга кўра, Украина парламентининг янги қонуни амалда "музокаралар столига таклиф"дир.

"Биринчи ижобий жиҳати шуки, бизни энди террорчи дея тасвирлашмаяпти. Иккинчидан, бу қонунга кўра, биз ташқи сиёсат ва иқтисодий алоқаларни ўрнатиш ҳуқуқига эгамиз", - деди у.

Жаноб Пургинга кўра, Украина парламенти Украина учун қонунларга овоз беради, исёнчиларда эса "ўз қонунларини ишлаб чиқарувчи олий кенгаш мавжуд".

У, шунингдек, Оврўпони ими-жимида Украинадаги русийзабон аҳолини йўқ қилиш ниятида бўлишда айблади.

"Русийзабон фуқароларнинг ҳуқуқлари учун минглаб одамлар жон берди. Улар рус дунёсининг бир қисми бўлиш ҳуқуқи, рус бўлиш ҳуқуқи учун жон бердилар. Украина Оврўпонинг энг чириган, қашшоқ ва порахўр мамлакати", - деди у.