Қозонда мусулмонча ишонч телефони фаолият бошлайди

Ишонч телефони меҳнат муҳожирлари учун ёрдам беришни кўзлайди.
Сурат тагсўзи, Ишонч телефони меҳнат муҳожирлари учун ёрдам беришни кўзлайди.

Россия Диний идорасига кўра, 4 апрелдан бошлаб Қозонда биринчи бор мусулмонча ишонч телефони фаолиятини бошлайди.

Ишонч телефони орқали одамлар руҳий ва юридик ёрдам олишлари айтилмоқда.

Телефон қўнғироқларига мусулмон руҳшунос, шариат ва дунёвий масалалар бўйича экспертлар жавоб беришади.

Мутахассислар билан рус ва татар тилларида мулоқот қилиш мумкин бўлади.

Келажакда ушбу лойиҳа бўйича Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирларига тожик ва ўзбек тилларида жавоб берадиган мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Россия Диний қўмита матбуот хизмати айтишича, ишонч телефони ташкил қилишдан мақсад жамиятдаги ижтимоий тарангликни бартараф этиш, аҳолига ислом ва диний қадриятлар ҳақида тўғри маълумот бериш, шунингдек муҳожирларнинг янги жойга мослашишларига кўмаклашиш каби маслаҳатларни назарда тутади.

Айни пайтда ишонч телефонлари нафақат мусулмонларга, балки ислом ва мусулмонлар ҳақида кенгроқ маълумот олишни хоҳлаган бошқа кишиларга ҳам хизмат кўрсатади.

Кейинчалик саволларни интернет ижтимоий тармоқлари орқали бериш имкони яратилади.