Россия қўшинлари Украина чегарасида машқларни кучайтирган

Сурат манбаси, AFP
Россия армияси Ростов, Белгород, Тамбов ва Курск вилоятлари полигонларида ҳарбий дала машқлари кўламини оширган.
Россия Мудофаа вазирлигига кўра, машқлар март ойи охиригача давом этади ва ундан мақсад нотаниш жой, текширилмаган полигонларда қўшинларнинг ҳаракатини ҳар томонлама синовдан ўтказишдир.
Украина ҳукумати Россиянинг чегарадаги ҳаракатидан хавотирда.
Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Андрей Парубий вазият мураккаблашган тақдирда Россия қўшинлари 2-3 соатда Киевга етиб келиши мумкин, дейди.
Ўз ўрнида Украина Мудофаа вазирлиги қуролли кучларини тўлиқ жанговар ҳолатга келтирилишини эълон қилган.
Олдинроқ муваққат президент Турчинов ҳар қандай ҳолатда ҳам Қримга қўшин киритилмаслиги, Украинанинг жанубий шарқий чегараларини хавф остида қолдирилмаслигини айтган.
Россия томони бунга жавобан Киевнинг Украина хавфсизлигига таҳдид қилувчи ҳаракатлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиши учун Россия ҳаво ҳудудида кузатув ўтказишга рухсат берди.
Чегарадаги Россия қўшинларида фавқулодда фаоллик 26 февралда бошланиб, Ғарбий ҳарбий округда бир ҳафталик машқлар ўтказилган, айтилишича, жанговар ҳолатга тайёрлик текширилган.
Қримдаги Россия ҳарбий базаларида хавфсизлик ҳолатлари кучайгани эса мавжуд ҳужум хавфини олдини олиш билан изоҳланган.
Россия Киевнинг Украина хавфсизлигига таҳдид қилувчи ҳаракатлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиши учун Россия ҳаво ҳудудида кузатув ўтказишга рухсат берган.
"Бу машқлар Украинадаги вазиятга боғлиқ эмас, биз бошка жойларда жумладан Арктикада хам машқлар ўтказяпмиз. Хеч ким , бу Норвегияга хавф туғдиради, деб айтмаяптику", дейди Россия вакили.
"Йирик еттилик" огоҳлантиради
Россия Украинадаги вазиятни баркарорлаштиришга ҳамкор сифатида ёрдам бериш ўрнига, унинг кучсизлигидан фойдаланмоқда, Украина инқирозида ҳарбий қарор йўқ. Лекин Россия улкан иқтисодий ва сиёсий зарар олиш мумкинлигидан хавотир олмаяпти, деб айтган Олмония канцлери.
Олдинроқ Олмония дохил йирик еттилик раҳбарлари мурожаатида айтилишича, Россия Қримдан чиқиб кетмас экан, кейинги чоралар "алоҳида ва биргаликда амалга оширилади.
Чоршанба куни Оқ Уйда Украинанинг муваққат бош вазири Арсений Яценюкни қабул қилган Барак Обама Россия билан бўлаётган баҳсда Украина билан бирга туришга ваъда берган.
Яценюк ҳам ўз чиқишида Украина Россияга ҳеч қачон бўш келмаслигини таъкидлаган.

Сурат манбаси, AFP
Шунингдек, Обама жума куни Лондонда режалаштирилган Жон Керри ва Сергей Лавров музокараларида дипломатик сайъ ҳаракатлар натижа беришига умид қилинаётганини айтади.
Украина депутатлари бугун БМТни Кримдаги вазиятни зудликда кўриб чиқишга чақирганлар. Олий Радага кўра, 250 депутат овоз берган мурожаат БМТ хавфсизлик кенгаши махсус сессия ўтказишига асос беради.
Бундан ташқари, Украина парламенти олтмиш минггача етадиган кўнгиллилардан иборат миллий гвардия тузиш режасини маъқуллаган.
Киев муваққат ҳукумати Россия қўшинларининг кириш таҳдиди борлиги боис, мудофаани мустаҳкамлаш чораларини кўриш лозимлигини айтмокда.
"Чегаралар нотўғри белгиланган"
16 мартдаги референдум олди президент Путин Москвада Крим татарлари рахбарини қабул қилган.
Унинг айтишича, Путин ўзи билан суҳатда СССР тарқалган пайт Украина худудий чегаралари белгиланган тартибларга риоя қилинмай мустақилликка чиққанини билдирган.
Яъни, Қримнинг Россияга қўшиб олинишида Россия томонидан қонунбузарлик йўқлигини айтган Путин.












