Бирмада мусулмонларга қарши янги зўравонликлар

Сурат манбаси, AP
Бирма ҳукумати Рохиня мусулмонларига қарши яна янги зўравонликлар юз берганини тасдиқлаган, бироқ инсонлар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этмоқда.
Инсон ҳақлари ташкилотлари ўзларига қўлга киритган маълумотларга таяниб хабар тарқатишларича, Рахине штатида саккиз Рохиня мусулмони полиция томонидан ўлдирилган.
Маълумотларга қараганда, Рохиня мусулмонлари яшайдиган қишлоқда полиция ходимининг йўқолиши орқасидан хавфсизлик кучларининг маҳаллий аҳоли билан янги тўқнашувлари келиб чиққан.
Бирма ҳукумати мусулмонлар ўлдирилганини рад қилмоқда.
Рахине расмийларига кўра, ҳодисадан кейин 84 Роҳиня мусулмони ҳибсга олинган.
Мустақил ҳуқуқ фаолларининг роҳиняликларга таяниб билдиришича, 13 январда зўравонликлар авжига чиққан.
Рохиняларнинг Ду Чар Яр қишлоғида жуда кўп қон тўкилган.
Қурбонлар сони 10 ва 60 орасида бўлиши мумкин.
Улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.
"Чегара билмас шифокорлар" ташкилоти жароҳатланган инсонлар ҳамон яширинаётган бўлишлари мумкинлиги ва улар тиббий ёрдамга муҳтож бўлишлари мумкинлигини билдирган.
"Ҳаддан ортиқ куч қўллаш"
АҚШнинг Бирмадаги элчихонаси "хавфсизлик кучлари томонидан номутаносиб куч қўлланилгани ҳақидаги хабарлар"дан хавотир билдирган.
2012 йилда Бирманинг ғарбий Рахине штатида буддойилар билан мусулмонлар ўртасидаги зўравонликлар оқибатида камида 200 мусулмон ўлдирилган.
Минглаб мусулмонлар зўравонликлардан қочиб уйларини ташлаб чиқишган ва аксарият қочқинлар ҳануз чодирларда яшаб келадилар.
2013 йилда ҳам мусулмонларга қарши зўравонликлар Бирманинг бошқа нуқталарида кузатилган.
2014 йилнинг январ ойида чегарадан Бангладешга қочиб ўтмоқчи бўлган бир неча мусулмон полиция томонидан ўлдирилганидан кейин вазият яна таранглашган.
Тўқнашувлар натижасида бир полициячи йўқолгани аниқлангач, полиция гуруҳи қишлоққа бостириб кирган ва саккиз роҳиняликни ўлдирган, дейилади хабарларда.












