'Бир ҳўкиз, бир сигир ва 10 кило ёнғоқ учун қотилни қўйиб юборишди'

Сурат манбаси, BBC World Service
Ҳакамларининг порахўрлигидан безиган минглаб афғонлар адлия тизимини шафқатсиз деб билишса-да, бугун адолат излаб Толибонга юз тутишмоқда.
Бунга Афғонистондаги мухбиримиз Билол Сарварий ўзи гувоҳ бўлганини айтади.
Мухбиримизга кўра, Афғонистоннинг шарқий Кўнар вилоятининг Чапа Дара туманида бўлиб, адолатни қарор топтириш учун бири афғон ҳукумати томонидан тайин этилган ҳакам ва иккинчиси Толибоннинг қозисига мурожаат қилган икки киши билан учрашиб, бу каби хулосага келган.
Қудратга келганидан 12 йил ўтиб ҳам, Афғонистоннинг улкан яйдоқ қишлоқ ҳудудларида президент Ҳомид Карзай ҳукуматининг нафаси сезилмайди.
Бу ерларда асосан Толибон ҳаракатининг соя ҳукумати ва адлия тизими амал қилади.
Баркандай қишлоғи Чапа Дара туманидаги Печ водийсининг ичкарисида жойлашган. Мен бу ерда ўтган уч йилнинг ўзида бошидан иккита фожеани ўтказган 57 ёшли Гул Замон билан учрашдим, - дея ўз ҳикоясини бошлайди мухбиримиз.
Гул Замоннинг айтишича, арзимаган бир жанжал сабаб, кимлардир унинг укаси Муҳаммад Замонни отиб ўлдиришади.
"Қотилларнинг жазоланишини истаб, уч йилдан буён туманда мен эшигини қоқмаган бирор бир ҳакам ва ёки маҳкама мулозими қолмади. Ҳаттоки, оддийгина арзу додимга қулоқ тутиш учун ҳам пора сўрашди. Уларга беришга бир мирим ҳам бўлмагани учун, қўриқчилар мени маҳкама биносидан худди боши гангиган молдек қувиб чиқаришди", - дейди Гул Замон.
У кишининг айтишича, ўзи шунча хору сарсон бўлиб юрган пайтда укасининг қотиллари мазза қилиб эркинлик гаштини суриб юришган.
"Тасаввур қилинг, орадан уч йил ўтиб, ўша қотиллардан бири келиб, бошқа бир укамни ҳам ўлдирди. Лекин ҳеч бўлмаганда бу гал уни ҳибсга олишди. Биз энди адолат қарор топса керак деб умид қилгандик".
Аммо..
Қотиллик иши юзасидан дастлабки маҳкама тинглови тайин этилган кун ҳам етиб келади.
"Ҳакам маҳкамада қўриқчи бўлган укаси орқали менга эвазига нима беради, деб сўрабди. "Беришга бир мирим йўқ", деганимдан сўнг, худди шу саволни айбланувчидан ҳам сўрабди", - дейди Гул Замон.
У кишининг айтишича, ўзидан фарқли тарзда судланувчи ҳакамга битта ҳўкиз, битта сигир ва 10 кило ёнғоқ таклиф қилган.
"Сўзсиз, шундан сўнг ҳакам ҳам унинг фойдасига ҳукм чиқарди. Укаларимнинг қотили ҳеч нарса бўлмагандек қўйиб юборилди", - дейди суҳбатдошим.
Унинг сўзларидан аён бўлишича, ўша қотиллардан бири кейинчалик Толибон ҳаракати сафларига қўшилиб кетган.
"Одамлар ҳакамлардан ҳам, бутун Адлия тизимидан ҳам тўйиб кетишган. Энди, сўнгги бош уриб борадиган остонам аввал президент Ҳомид Карзай, кейин эса, Толибон бўлса керак", - дейди Гул Замон.
"Бекорга сарфланган вақт"

Сурат манбаси, BBC World Service
Қишлоқдоши Фазил Муҳаммад билан ҳам Гул Замоннинг боғида суҳбатлашдим.
У кишининг менга айтишича, ер устидан келиб чиққан можарода тўрт оила аъзосидан айрилади.
Аввалига мен ҳам адолат истаб, давлатнинг ҳакамларига бордим. Лекин пора сўрайвериб, жонимдан тўйдириб юборишди, - дейди суҳбатдошим.
"Маҳкамама маҳкама ойлаб сарсон бўлгач, Толибонга мурожаат қилишга қарор қилдим".
"Тўғри толибларнинг тумандаги қароргоҳларига кириб бордим. Қози ва муллалари ўтиришган экан. Дардимни тўкиб солдим. Эртасигаёқ айбдор иштирокида ишимни кўриб чиқишди", - дейди Фазил Муҳаммад.
Суҳбатдошимнинг айтишича, Толибоннинг қозилари "Қуръон" ва Шариатга асосланиб, ўз ҳукмларини чиқаришган-қўйишган.
"Улар айбланувчига зудлик билан ерни қайтариши шартлигини айтишди. Сўзсиз, айбланувчи қозининг ҳукмидан норози бўлди. Аммо улар ғинг деган эътирозга ўрин қолдиришмади. Можаро бир ҳафтанинг ичида ҳал бўлди".
"Қозилар, ҳаттоки, ернинг менга тегишли экани ва кимки унга кўзини олайтирадиган бўлса, Толибонга юзма-юз бўлиши битилган хат ҳам қилиб беришди. Ҳозир биров еримда ўтлаб юрган қўйимга ҳам кўз қирини ташлашга қўрқади", - дейди Фазил Муҳаммад.
Ҳатто ҳоким ҳам тан олгандан кейин...
Чапа Дара тумани ҳокими Хон Муҳаммад Сафий ҳам адлия тизимининг номи бору, ўзи йўқ, дейди.
"Туманимизда на-да ҳакам ва на-да прокурор бор. Ҳаммаси пойтахтдан туриб, фаолият олиб боришади. Одамлар тўғри шикоят қилишади. Чунки ишлари чўзилгандан чўзилиб кетади. Толибоннинг кунда-шундалик ҳужумлари ва хавфсизлик ёмон экани боис, бирор бир ҳакам шу ернинг ўзига келиб, ишлашни хоҳламайди", - дейди ҳоким.
Кўнар вилояти маркази Асадободда эса, давлат ҳакамлари адлия тизимидаги порахўрликлар ҳақида гапиришни исташмади.
Аммо ўзаро суҳбатимиз чоғида вилоятнинг камида тўрт туманида ҳакаму қораловчиларининг фақат номи борлигини рад этишмади.
"Агар Гул Замон ўзига нисбатан ҳақсизлик қилишди, деб ўйласа, зудлик билан иккинчи, учинчи маҳкамага бориб кўриши ёки қўлидаги барча ҳужжату далиллари билан пойтахт Кобулга келиши керак эди", - дейди Афғонистон Олий маҳкамаси юқори мартабали расмийси.
"Бизга далил ва гувоҳлар керак. Ҳакамлар кимнингдир оғзаки гапига ишониб, ҳукм чиқаришмайди. Айниқса, ҳис-ҳаяжонга берилувчан одам бўлса".
Энг асосий ҳукумат тизимларининг амалда эмаслиги эса, Афғонистон қишлоқ ҳудудлари бошқарувида инқирозий бир ҳолатни пайдо қилган.
Бугун минглаб одамлар ўзлари шафқатсиз, аммо самарали деб топган шаръий адлия тизимидан паноҳ излаб, Толибонга юз тутишмоқда.

Сурат манбаси, BBC World Service












