Миср инқирози: Жамлоқларга қарши амалиётни жаҳон қораламоқда

Мисрдаги тинч норозилик намойишчиларининг жамлоқларига қонли босқин халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланмоқда.
Қудратдан четлатилган Мурсий жанобларининг тарафдорлари уюштирган норозилик намойишларига қарши ҳарбийларнинг амалиёти давомида 500дан ортиқ инсон қурбон бўлган.
Ўтган ой бошларида намойишчилар икки жамлоқ барпо этишган ва Мурсий жанобларини қудратга қайтариш талабларида собит қолишаётган эди.
Миср шаҳарларида фавқулодда ҳолат жорий этилган.
Би-би-сининг Қоҳирадаги мухбирига кўра, мисрликлар пайшанба куни бутунлай ўзгарган мамлакатда тонг оттирганлар.
Эрталаб коммендантлик соати тугаган бўлса ҳам, Қоҳира кўчалари бўм-бўш.
Фаррошлар масжид олдида жамлоқ қолдиқларини тозалашмоқда. Аскарлар масжид атрофини текширишмоқда.
Қурбон бўлганларнинг жанозалари бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шу билан бирга, "Мусулмон Биродарлар" норозилик намойишларини яна давом эттиришлари эҳтимоли катта.
"Улар 80 йил бу имкониятни, эркинликни кутишганди. Буни адолатсиз тортиб олиб қўйишганини ҳис қилишмоқда" дейди Би-би-си мухбири.
Америка Давлат котиби Жон Керри ҳарбийларнинг сўнгги амалини “ муроса ҳаракатларига жиддий путур етказадиган ўта ачинарли амал” дея таърифлаган.
Оврўпо Иттифоқи ташқи ишлар раҳбари Кетрин Аштон ва БМТ Бош котиби Пан Ки Мун ҳам намойишчиларга қарши зўравонликни қоралашган.
Франса ва Олмония Британия билан биргаликда Миср элчиларини чақириб зўравонликка чек қўйишни талаб қилганлар.
Франса Президенти Франсуа Ҳолланд Миср армияси жорий этган фавқулодда ҳолатни имкон қадар тезроқ бекор қилиш лозимлигини урғулаган.
Дания эса Миср ҳукумати билан биргаликда амалга ошираётган икки лойиҳани тўхтатиб қўйган ва Оврўпо иттифоқини худди шундай йўл тутишга чақиришини билдирган.
Туркия Бош вазири Тойиб Эрдўғон эса БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Араб лигаси Мисрдаги вазиятга нисбатан амалий чора кўришга чақирган.
Жаноб Эрдўғон қонли ҳаракатларни "Миср халқига нисбатан геноцид" деб атаган ва Ғарбни ўзининг сукути билан армиянинг намойишчиларга қарши ҳаракатларини янада кенгайтиришга йўл очиб беришда айблаган.
Мусулмон Биродарларига кўра, Чоршанба куни ҳарбийлар томонидан уюштирилган босқин амалиёти чоғида 2000 дан ортиқ инсон қурбон бўлган.
Бу рақамларни мустақил манба томонидан тасдиқлашнинг имкони йўқ.
Муваққат Бош вазир Ҳазем Беблавий намойишчиларга қарши амалиётни ҳимоя қилиб чиққан.
Унга кўра, хавфсизликни тиклашнинг бошқа имкони бўлмаган.
Айни пайтда муваққат ҳукумат собиқ президент Муҳаммад Мурсийнинг қамоқдаги муддатини 30 кунга оширишга қарор қилган.












