Исроил ҳарбий учоқлари Сурияга “ҳужум қилган”

Америка мулозимларига кўра, Исроил ҳарбий учоқлари Ливан ҳаво ҳудудидан Сурияга ҳужум уюштирган.
Номи зикр этилмаган мулозимларнинг медиага маълум қилишларича, афтидан нишон қурол-яроқ омборлари бўлган.
Айрим хабарларга кўра, бу аслаҳалар Ливанни Ҳизбуллоҳ гуруҳига жўнатилиши керак бўлган.
Исроил ҳам бу хабарларни тасдиқлаган. Номлари ошкор этилмаслиги шарти билан сўзлаган мулозимларга кўра, ҳаво ҳужумлари Суриядаги қўшни Ливандаги Ҳизбуллоҳ гуруҳига аталган қурол-аслаҳалар тўпламини нишонга олган.
Алҳол, Исроил январ ойида ҳам Сурияга ҳужум уюштирганди.
Айни пайтда Америка президенти Барак Обама Суриядаги фуқаролар урушини бартараф этиш учун ўз қўшинларини жўнатиш ниятида эмаслигини айтган.
Ғарб жосуслик хизматлари яқинда Сурия режими кимёвий қуролларни ишга солгани ҳақида хавотирларини изҳор этган эди.
Бу қуроллар ишлатилиши эҳтимолини Америка аввалроқ “ сўнгги чегарани босиб ўтиш “ бўлиши билан огоҳлантирганди.
Обама жаноблари Жума куни агар кимёвий қуроллар ишлатилганига аниқ далиллар келтирилса, бу “ўйин қоидалари ўзгаришини” англатади деб айтган.
Аммо ҳар қандай амалиёт шошма-шошарликдан холи бўлишини ҳам урғулади.
Мутахассисларга кўра, Америка ва унинг иттифоқчилари ҳаво ҳужумлари дохил Сурия осмони узра учиш таъқиқланган ҳудуд жорий этиш эҳтимолларини кўриб чиқмоқда, аммо Суриянинг иттифоқчиси саналган Россия бу каби чораларга жиддий қаршилик билдирмоқда.
“Душман учоқлари”

Америка мулозимларига кўра, Сурияга ҳаво ҳужуми Пайшанбадан Жумага ўтар кечаси рўй берган, аммо учоқлар Сурия ҳаво ҳудудига кирмаган.
Ливан армияси ўз баёнотида Исроил учоқлари Ливан ҳаво ҳудудида Жума куни соатлаб парвоз қилгани айтилади.
Ливан Президенти Мишел Сулаймон бу учоқлар парвозини қоралаган ва Исроилни халқаро қонунларга зид амалда айблаган.
Аммо баёнотларда Сурияга ҳужум эҳтимоллари аксланмаган.
Аввалроқ, Вашингтондаги Исроил элчихонаси воизи ҳаво ҳужумлари ҳақидаги хабарларни шарҳлашдан бош тортган эди.
Аммо Исроил элчихонаси воизи “ биз айтишимиз мумкин нарса шуки, Исроил ўйин қоидаларини ўзгартирадиган кимёвий қуролларни Сурия режими томонидан террорчиларга, хусусан Ливаннинг Ҳизбуллоҳ гуруҳига тортиқ қилинишини олдини олишга қатъий бел боғлаган”, деб айтган.
Суриянинг БМТдаги элчиси эса ўз мамлакатига қарши Исроил ҳаво ҳужумларидан хабари йўқлигини айтган.
“Америка Сурияга қўшин киритмоқчи эмас”

Коста Рикада сафарда бўлган Президент Обама мамлакатнинг бош қўмондони ўлароқ ҳеч қандай эҳтимолни рад қилмаслигини айтар экан, бунга “вазиятнинг ўзгарувчанлигини” сабаб эканини изҳор этган.
Аммо у Америка қўшинлари “Сурияга тупроғига қадам қўйиши” Америка ва ё Сурия учун яхши бўлади деб ўйламаслигини айтган.
Обама жаноблари бу ҳақда Яқин Шарқ мамлакатлари раҳбарлари билан маслаҳат қилгани ва улар бу қарорни қўллашларини маълум қилган.
Обама жаноблари шунингдек, Сурияда кимёвий қуроллар ишлатилганига доир далиллар борлиги, аммо “қачон ва қандай қилиб” деган саволлар очиқ қолаётганини айтган.
Президент Обаманинг урғулашича, агар аниқ далиллар топилса бу Америка учун “ўйин қоидалари ўзгарганини” англатади.
Барак Обама шунингдек, Сурия исёнкорларини қуроллантириш эҳтимоли борлигини ҳам эътироф этган.
Американинг иттифоқдошлари саналган Қатар ва Саудия Арабистони аллақачон Башар Ал Ассадга қарши курашаётган турфа исёнкор гуруҳларни қурол билан таъминлаб келмоқда.
2011йилнинг баҳоридан бери Башар Ал Ассадга қарши кўтарилган исён ва қуролли қарама-қаршилик 70 мингдан ортиқ инсоннинг ёстиғини қуритган.
Қурбонларнинг том аксарияти учун маъсулият Сурия режими зиммасида экани айтилади.












