Россиядаги "Тошкент" дўконига аслида қандай ҳужум бўлган?

Россиядаги кўплаб савдо нуқталарининг муҳожирлар қўлига ўтаётгани рус миллатчиларини ғазаблантираётган омиллардан бири саналади

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Россиядаги кўплаб савдо нуқталарининг муҳожирлар қўлига ўтаётгани рус миллатчиларини ғазаблантираётган омиллардан бири саналади

Россиядаги фаолларга кўра, бир неча кун олдин Санкт-Петербургдаги "Тошкент" дўконига қўлбола портловчи моддалар билан ҳужум қилинган ва у ерда ёнғин чиққан.

Аммо ўзини дўкон ходими, деб таништирган Ойбек Имомов исмли шахс номидан тарқатилган сўнгги электрон мактубда мазкур хабар бироз бўрттирилгани таъкидланади.

Айни дамда, ушбу раддия ҳам аслида дўконга номаълум ашё ташлангани ва натижада ёнғин чиққанини эътироф этади.

Мазкур хабарни ўрганган Россиядаги фаол Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, ҳозир бу дўкон ходимлари яна қайта ҳужум бўлишидан қўрқиб, ҳатто жиноий иш қўзғатмасликка қарор қилишган.

"Бир неча ёшлардан иборат ҳужумчилар ушланмаган" - дейди Баҳром Ҳамроев -"Дўкон вакиллари эса қайта ҳужум эҳтимолидан қўрқиб қолишган, шу боис энди арз қилишмоқчи эмас".

Маълум бўлишича, ушбу дўконда, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилган ва марказий осиёлик муҳожирлар савдо қилишган.

Дўконнинг қайта иш бошлаган ё бошлмагани ҳамда етказилган зарар миқёси аниқ эмас.

Россияда охирги икки йилда ирқчилик ҳужумлари нисбатан камайгани айтилади.

Бироқ кузатувчиларга кўра, иш излаб келаётган миллионлаб муҳожирларга нисбатан адоватли қарашлар ҳамон кучли.

Сўнгги пайтлари собиқ Совет Иттифоқи республикаларидан келаётган муҳожирларнинг Россияда ишлаш ва яшашлари борасида баҳслар кучаймоқда.

Айримлар уларнинг сонини чеклаш лозимлигини айтишса, бошқалар иқтисоди юксалаётган Россия учун ҳали яна миллионлаб муҳожир кераклигини таъкидлашади. Ҳатто виза тизими каби чекловларни киритиш хусусида ҳам фикрлар янграган.

Аммо Бош вазир Владимир Путинга кўра, собиқ СССР республикалари билан ўртада виза тизими жорий этиш мақсадга мувофиқ эмас ва виза киритилса, шундоқ ҳам рус тили тобора кам гапирилаётган ушбу ҳудудларни Россия бутунлай қўлдан бериб қўйиши эҳтимоли кучаяди.

Россиядаги расмий рақамларга кўра, муҳожирлар орасида турли жиноиятларни содир этиш кўп. Аммо инсон ҳуқуқлари фаоллари бу рақамларни савол остига олишади ва кўп ҳолларда ҳуқуқлари чекланган ва ёки рус тилини яхши тушунмайдиган муҳожирлар ноҳақ айбларга ҳамда қийноқларга юз тутишини айтадилар.

Россиядаги марказий осиёликларнинг таъкидлашича, аксилмуҳожирот кайфиятлари кучайиши мамлакат раҳбарлари айтаётган гапларга ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

"Йирик раҳбарлар Россиянинг энг юқори ва давлатни бошқарувчи халқи - рус миллати, деган гапларни айтишадии. Бу нима дегани?" - дейди Москвадаги фаол Баҳром Ҳамроев.