'Мулла Умар устомон сиёсатчи эмас, оддий одам эди'

Юсуфзай
Сурат тагсўзи, Юсуфзайгача Мулла Умар ҳеч кимга интервью бермаганди

Тўққиз йил муқаддам АҚШ қўшинлари Афғонистонга қарши ҳарбий амалиётларини бошлар экан, Толибон раҳбари Мулла Умар яширинишга муваффақ бўлганди. Ва ўшандан бери тутқич бермай келади. Раҳимилло Юсуфзай у билан илк учрашган журналист. Луси Виллиамсон Юсуфзай билан учрашган.

1995 йил, Қандаҳор. Икки киши жазирама иссиқдан ўзларини ҳокимнинг уйи соясига олишади. Улардан бири Толибон воизи Абдул Вакил Мутавакил, бошқаси покистонлик журналист Раҳмилло Юсуфзай эди. Юсуфзай: "Қандаҳордаги ҳокимнинг уйи жуда муҳим жой. У ерда ҳовли, ҳовли ичкарисида яхшигина боғи ҳам бор эди. Аммо, бу ерда хавфсизлик у қадар кучли эмас эди. Мен бундан ҳайрон қолгандим". Бу ростдан ҳам ҳайратланарли эди. Чунки, ўша пайт ҳокимнинг уйидан идора сифатида фойдаланаётган шахс - Толибон раҳбари Мулла Умар эди.

У Қандаҳор назоратини қўлга киритган ва ҳозир кўзини Афғонистон пойтахтига тикканди. Ашаддий жангчи, шу билан бир пайтда уятчан қишлоқ оқсақоли бўлган Мулла Умар ўз доирасидан ташқаридаги одамлар билан жуда камдан-кам учрашарди. "Ўшанда мени унга илк бор таништиргандилар. Бу биринчи учрашув эди. Мулла Умар қоп-қора, узун сақол қўйган. Бир кўзини йўқотган эса-да, истараси иссиқ эди. Бошида қора салла ўраганди. У кишида чуқур таасурот қолдирарди". Савол: У нимаси билан таасурот қолдирганди?

Юсуфзай: Кишини хушқаршилаши билан. У жуда мулойим, хушмуомила эди. Ҳаммага ҳурмат билан муносабат қиларди. Атрофда толиблар ўтиришарди. Аммо, у ўзини бошлиққа ўхшаб тутмасди. Бироқ, ҳали ҳам мен билан тўғридан-тўғри гаплашмоқчими-йўқлигини аниқ айтмаганди.

Раҳимилло Юсуфзай билан учрашгунга қадар Мулла Умар ҳеч қачон журналистларга интервью бермаганди.

Мулла Умар
Сурат тагсўзи, Мулла Умар устомон сиёсатчи эмас эди, дея эслайди Раҳимилло Юсуфзай

Юсуфзай: "Мен: "Сизни Би-би-си Пуштун Хизмати учун интервью қилишни истайман. Бу қийин бўлмайди. Ўз она тилингизда гапиришингиз мумкин", дедим. Ва у: "Мен ҳеч қачон интервью бермаганман. Нимани сўрамоқчисиз?" дея сўради. "Бир неча оддий саволлар. Нимани истаяпсиз? Бу ҳаракатга нима учун бошчилик қиляпсиз? Кун тартибингиз қанақа? Шулар. Кейин келиб чиқишингиз, олдинги ҳаётингиз ҳақида ҳам билишни истардим". У эса: "Бу керак эмас", деди. Мен: "Фақат сиз билан суҳбат қилиш учун келдим ва дунё сизнинг кимлигингиз, Толибон нима истаётгани ҳақида билишни хоҳлайди", дедим. У: "Мен шўром билан гаплашиб кўраман", деди. Мен эса: "Сиз ҳатто интервью бериш ҳақида ҳам қарор беролмайсизми?" дедим. Савол: Бу қувлик эмасми?

Юсуфзай: (кулади) "Ҳа, шундай қилдим. Уни қитиқ-патига тегмоқчи эдим. Бу бизнинг ишлаш усулимиз ахир. Аммо, у менинг гапларимдан қутқуга тушмади. Мулла Умар битта кўзи билан сизга қараб туриб, жуда босиқ ва ўйлаб иш тутарди".

Хуллас, Толибон раҳбари Шўро кенгашидаги қавм раҳбарлари билан маслаҳатлашиш фикрида қатъий туриб олганидан сўнг, Раҳимиллонинг Қандаҳордаги меҳмонхонасига бориб, кутишидан бўлак бошқа чораси қолмаганди.

Юсуфзай: "Эртаси кун Абдул Вакил Мутавакил менга: "Ҳокимнинг уйига келинг", деди. Бордим. У: "Сиз бизга ёзиб олиш ускунангиз қандай ишлашини айтишингиз керак, деган қарорга келдик. Саволларни ёзиб берасиз. Уларни мен сўрайман ва сизнинг ўрнингиздан Мулла Умарни мен интервью қиламан", деди. "Сиз уни қандай қилиб мен учун интервю қиласиз", эътироз билдирдим мен. У эса: "Бу унинг илк интервьюси. Хато қилишни истамайди", деган жавобни айтди. Бошқа иложим қолмаганди.

Раҳимилло Толибон воизига овоз ёзиш ускунасини беришга рози бўлади ва саволлари рўйхатини ёзиб беради. Кейинроқ у хавотир билан ташлаб кетган асбобларини олиб кетиш учун келади. Юсуфзай: "У буни бир неча бор уринишлардан сўнг қилган, деб ўйладим. У бир мартада қилмаганди буни. Шунинг учун бўлса керак, у мен билан интервьюга розилик бермаганди". Савол: У сизга ёки интервью учун келадиган одамларга ишонмасди деб ўйлайсизми? Ёки, калтафаҳм кўринишдан қўрққанми?

Юсуфзай: "Қўрққанди, деб ўйлайман. Ўшангача у ҳеч қачон интервью бермаган. Тутилиб қолишдан кўрққан бўлса керак. Чунки, кейин Мулла Умар билан бир неча бор суҳбат қилдим. Суҳбат жараёнида у ўз мақсадини аниқ ифодалаб беролмасди. Дунё ҳақида кўп нарса билмасди. У фактларни бир-бирига уруштира оладиган устомон сиёсатчи эмас эди. У оддий одам эди холос".

Лекин, икки йил ўтиб, ана шу оддий одам Афғонистоннинг аксар қисми назоратини қўлга киритади. Толибон кучлари Кобул ва ундан нарироққа ҳам кириб боришаркан, Раҳимилло уни интервью қилиш учун ўн марталаб қайтиб борди. Юсуфзай: "Унинг идорасида ўзгаришларни кўриш мумкин эди. Илк бор учрашганимда унда биттагина сунъий йўлдош телефони бор эди, холос. Қайтиб борарканман, у ерда бир неча сунъий йўлдош, уй телефонлари, факс машинасини кўрдим. Ундан: "буларнинг барчасини ишлатиб улгурасизми", деб сўрадим. У: "Ҳа", деб жавоб берди. Мулла Умар технология ҳақида бирон нарса билмайдиган оддий қишлоқ руҳонийси бўлганди. Кейин у сунъий йўлдош телефонлари, радио телефонлар, факс машиналарини ишлатишни ўрганди.

Савол: Унинг ўзида ўзгариш кўрганмидингиз?

Америка билан уруш Толибон кун тартибида йўқ эди
Сурат тагсўзи, Америка билан уруш Толибон кун тартибида йўқ эди

Юсуфзай: "Биласизми, у ўсганди. У анчайин билимли одамга айланганди. У дунё ҳақида, нималар содир бўлаётгани ҳақида билишни истарди. Мен ундан: "Дунё ҳақидаги маълумотларни қаердан оласиз?" деб сўрадим. У Би-би-си, тўғрироғи, Би-би-си Пуштун Хизмати, умуман, Би-би-си берадиган ҳар қанақа хабарни тинглашини айтди. Би-би-си унинг дунёга боқадиган ойнаси эди". Савол: У сизга ёққан эдими?

Юсуфзай: "Мен унинг жасоратидан ҳайратлангандим. Бу одам ҳеч нарсадан қўрқмасди. У Шўролар армиясига қарши курашганди. Мужоҳидларга қарши жанг қилганди. Энди эса, америкаликлар ва НАТО кучларига қарши урушарди". Америка билан уруш Толибон асл кун тартибида йўқ эди. Бу уларнинг хижолатли меҳмонлари Ал-Қоида раҳбари Усама бин Лодин туфайли келиб чиқди. Вашингтон Усама бин Лодинни Америкага қарши ҳужумларда масъул дея кўрганди. Бу эса, Мулла Умар учун катта муаммо эди.

Юсуфзай: "У менга сим қоқди-да: "Қаранг, биз Усама Афғонистонни тарк этишини истаймиз", деди. "Усаманинг айтишича, у Чеченистондан таклифнома олган. Менга Чеченистон ҳақида гапириб беринг. Афғонистондан у ерга учиб бориш мумкинми?" деб сўради. Мен: "Қандай қилиб учасиз? Сизга қарши санкция жорий этилган. Афғонистондан бирон-бир учоқ парвоз қилиши мумкин эмас. У уриб туширилади", дедим. "Қуруқлик орқали-чи, бориш мумкинми? Бирон бир йўл борми у ерга олиб борадиган?" деди у. "Ҳа, сизнинг мамлакатингиз - Афғонистондан Тожикистон ва Қирғизистон, кейин Россия ва Қофқоз орқали бориш мумкин", дея жавоб бердим. "Аммо, Усама бин Лодинга ўхшаган юзи таниш одам бора олмайди. Агар унинг юзини яширишнинг иложини қилолсангиз, билмадим", дедим". Савол: У қийин вазиятга тушиб қолганди. Демоқчиманки, меҳмонни кетишини исташи ҳақида айтиш мушкул иш, шундай эмасми?

Юсуфзай: "Жуда мушкул. Биласизми, агар Усама чиқиб кетганида Мулла Умар хурсанд бўларди, деб ишонаман. Лекин, бир нарса унинг юрагини хижил қиларди. У Усама бин Лодинга сўз берганди. Ўз тажрибамдан келиб чиқсам, у: "Унинг кетиши учун бирон жой борми, чунки биз етарлича азоб чекдик", деб айтганди. 9 йил ўтиб ҳам Ғарб кучлари Толибон билан жанг қилмоқда. Раҳимилло 15 йил муқаддам ўзи билан учрашишга кўндирган одам яна ёлғизликда, яширин ҳаёт кечирмоқда. Бу сафар Қандаҳордаги ҳокимнинг уйида эмас, балки чегарадаги катта минтақада, бир пайтлардаги уйи яқинида бўлса, эҳтимол.