Янгиликлар, Россия: Путин президентлик учун курашини бошлади - Видео Rossiya Dunyo Yangiliklar Янгиликлар ва таҳлил

Москвадаги Марказий Сайлов комиссиясида улкан экран ўрнатилди. Саҳнада ўтирган Путиннинг юзи улкан экранда кўринмоқда. Москва, 2024 йил 31 январь

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, 31 январь куни Владимир Путин расман ўзининг президентлик кампаниясини бошлади. Маросимда Россиянинг кўплаб машҳур кишилари қатнашдилар
    • Author, Стив Розенберг
    • Role, Би-би-сининг Россия муҳаррири
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Кремл қаршисидаги кўргазмалар залида Владимир Путин саҳнага чиқиб келади.

Йиғилган одамлар тик оёқда туриб давомли қарсак чаладилар.

Кутилмаган ҳеч нарса йўқ. Аксарияти Россиянинг машҳурлари бўлган ва Путиннинг март ойида ўтажак президентлик сайловида номзодини қўллайдиган меҳмонлар.

Алоқадор мавзулар:

Кремль етакчиси бешинчи муддатга яна сайланиш учун ҳаракат қилмоқда. Бу ердаги оломон бундан жуда мамнун.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"У фавқулодда етакчи, ўта жасур ва доно шахс", дейди режессёр Андрей Кончаловский.

"Россия халқи уни бугунгичалик бирдамлик билан қўлламаган эди, - дея даъво қилади қўшиқчи Надежда Бабкина. - Ким қарши чиқса, муваффақиятсизликка учрайди."

Бу тадбирдан (машҳурларнинг бу каби оммавий қўлловидан) кўзланган мақсад Путинни ўз лигасида намойиш қилишдир (Путиннинг Премьер Лигаси).

Шунга қарамай, унутманг, бу лигани унинг ўзи тузган ва ўзи бошқаради. Россиянинг сиёсий тизими Путиннинг тизимидир, унинг ўз ўйин қоидаларидир, унинг ўз сайловидир. Путиннинг энг дангалчи мухолифлари аллақачон қуйи лигаларга ўтказиб юборилган. Улар ё хорижда қочқин ва ё қамоқда ўтирибдилар.

Ана шулар сайлов натижаларини анчайин аввалдан аниқ кўрсатади.

Russia Today нинг Бош муҳаррири Маргарита Симонян, Moscow, January 31, 2024.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Russia Today нинг Бош муҳаррири Маргарита Симонян Президент Путинни қўллаб-қуватлаётган машҳурлардан бири

Аммо ишлар доим ҳам силлиқ кетмайди.

Бундан 30 йилча муқаддам Россия телеканалларидан бирида сайлов натижалари илк бор эълон қилинишини кузатгандим - парламент сайловлари эди. Ўшанда ким ғолиб бўлишини ҳеч ким аввалдан билмасди.

Бир мунажжимни олиб чиқиб башорат қилдиришга уринишганини ҳеч унутмайман. 30 йил олдин россияликларда демократия, эркинлик ва мамлакат келажаги борасида ўз қарашлари бор эди-да.

Аммо бугунги Россия сайловлари учун мунажжим ҳам, биллур шарлар ҳам керак эмас. 2024 йилги сайловда ким ғолиб бўлишини аввалдан айта оламан: Путиннинг мутлақ ғалабаси.

Бундай ишонч билан гапиришимга асос борми ўзи?

Стив Розенбергдан иқтибос

Сурат манбаси, .

Биринчидан, сайлов бюллетенида унинг номи ёлғиз бўлмаса ҳам, Путин рақиблари орасида унинг қамоқдаги Алексей Навальнийга ўхшаш мухолифлари йўқ. Путин Навальнийга қарши? Бу каби мусобақага Путин Премьер Лигасида ўрин йўқ.

Тўғри, Кремлнинг бошқа бир танқидчиси Борис Надеждин сайловда қатнашишга уринмоқда. Аммо Надеждин Навальний эмас. У Путинни ниҳоятда эҳтиёткорлик билан танқид қилади. Шунингдек, унинг президент маъмурияти билан алоқалари борасида гап-сўзлар юради.

Агар у сайловда қатнаша олса, бунинг сабаби Кремль Путин танқидийроқ рақибга қарши бориши унинг манфаатига хизмат қилади деб ҳисоблаганидан бўлади.

Иккинчидан, Россияда Кремль ТВни назорат қилади. Унда Путиннинг чиқишларига мутлақ кўп вақт ажратилади ва уларда у асосан мақталади, камдан-кам ҳолатда танқид қилинади, қайта сайланиш учун роса дастёр восита.

Борис Надеждин имзолар солинган қутиларга қараб ўтирипти, ортида журналистлар, фото ва видео операторлар. Central Election Commission, Moscow, Russian Federation on 31 Jan 2024

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Украина уруши танқидчиси Борис Надеждин сайловда ўз номзодини илгари суриш учун етарли имзо тўплаганини айтади

Путиннинг сайланишини муқаррар қиладиган яна бир сабаб.

Россиялик ёш телемухбир Александр Путиннинг йил якуни бўйича матбуот анжуманида "Биз ҳаммамиз президентликка номзод бўлиш қарорингизни қўллаб-қувватлаймиз. Чунки сиз эсимни таниганимдан бери ҳокимият тепасида турибсиз", деди.

Мен Кремлда Путиндан бошқа ҳеч кимни тасаввур қила олмайдиган Александр каби кўплаб русларни учратганман. Улар Путинга бутдек сиғингани учун эмас. Улар шунчаки бошқа муқобилни кўрмайдилар.

Мен россияликларнинг: "Путин бўлмаса, ким?" деган гапларини кўп эшитганман.

Кремль ана шуни режалаштирган. У Россияни қарийб чорак аср давомида президент ёки бош вазир сифатида бошқарган одамнинг ҳар қандай потенциал рақибини йўқ қилиб, сиёсий майдонни тозалади. Бу билан у "у ҳолда ким?" деган савол жавобсиз қолишини таъминлади.

Москвадан 225 километр узоқликдаги Ржев шаҳри аҳолиси билан сайлов ҳақида суҳбатлашганимда, кўпчилик раҳбарни алмаштирмасдан ўзгаришлар хоҳлаётгандек эди.

"Умид қиламанки, вазият яхши томонга ўзгаради, ҳозир турғунлик", дейди Илья исмли йигит. "Агар сиз янги одамни сайласангиз, у ҳукумат юкини кўтара олмаслиги мумкин. Путинга ўхшаган тажрибали одам, ҳатто ҳозиргидек оғир вазиятда ҳам мамлакатни ривожлантира олади".

"Сайловлардан умидим катта, - дейди пенсионер Лидия. - Уруш тугайди ва иқтисодиёт яхшиланади деб умид қиламан. Лекин мен Путинни ҳурмат қиламан".

"Бу ишни қиладиган бошқа одам йўқми?" деб сўрайман.

"Ҳозир эмас, - деб жавоб беради Лидия. - Балки Путин кимнидир кейинроқ топар. Лекин менимча, у узоқ вақт ҳокимиятда қолади".

Ҳатто Украинадаги уруш ва Россиянинг катта ҳарбий йўқотишлари ҳам Россия президенти ва бош қўмондонидан ҳафсалани пир қилмаган кўринади.

Бу Путиннинг кенг кўламли босқинни бошлаш қарори эди. Аммо баъзи руслар уруш пайтида ўз раҳбарини қўллаб-қувватлаш, унинг сабаблари ёки оқибатлари борасида савол бермасликни ўз бурчи деб ҳисоблашади. Бошқалар урушни Россия эмас, Ғарб бошлаган деган расмий версияни қабул қилади.

Мен Ржевда Кремлда ўзгаришларни жуда хоҳлайдиган аёлни учратдим. Собиқ телемухбир ва маҳаллий кенгаш депутати Екатерина Дунцова яқинда ўзи президентликка даъвогарлик қилишга уриниб кўрди. У Украинада тинчликка, сиёсий маҳбусларни озод қилишга ва «инсоний» Россияга чақирди.

Екатерина Дунцова 2023 йил 25 декабрида интервью пайти

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Президентликка ўз номзодини илгари суролмаганидан кейин собиқ тележурналист Екатерина Дунцова янги сиёсий партия ташкил этиши ҳақида айтди

Россия Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларида хатолик борлигини айтиб, унинг номзодини рад этди.

"Менимча, бу ердаги сиёсий тизим мени қандайдир бегона объект сифатида кўради ва мен билан нима қилишни билмайди, - деди Дунцова хоним. - Кутилмаганда пайдо бўлганим учун тизим менинг кимлигимни тушунмади. Шунинг учун мени узоқроқ тутишга қарор қилишди".

Энди у янги партия тузмоқчи. Тизим унга қарши чиқишидан қўрқмасмикан?

"Биз ҳеч қандай ноқонуний иш қилмаймиз. Қонунга мувофиқ ишлаймиз. Қўрқувга келсак, қўрқув устун бўлмаслиги керак. Мен қилаётган ишимга ишонаман. Бу эътиқод қўрқувни жиловлайди".

Путиннинг сайловолди тадбирида мен RT бош муҳаррири Маргарита Симонян билан гаплашаман.

"Раҳбар чорак аср ёки ундан кўпроқ вақт давомида ҳокимиятда... назорат ва мувозанатсиз. Бу хавфли эмасми?" деб сўрайман.

"Бу сиз йиллар давомида тарғиб қилган мантра, - деб жавоб беради у. - Агар бирор киши узоқ вақт ҳокимиятда бўлса, бу ҳар тўрт йилда бир марта раҳбарни алмаштирганингиздан кўра ёмонроқ бўлади дегани эмас. Камбоджадаги Пол Пот уч йил ичида аҳолининг учдан бир қисмини йўқ қилди".

Тасалли берувчи фикр.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002