Янгиликлар: Қозоғистон Россияга қарши кетдими, Россия Қозоғистонга? Qozog‘iston O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Сурат манбаси, official
Қозоғистон устма-уст сарлавҳаларга чиқди.
Нима бўлди?
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Бугун Путинга "Йўқ", дейиш хавфлими? Россия ва Марказий Осиё. Видео
- Янгиликлар. Бунақаси кўрилмаган: Минтақага Россия таҳдиди кучайдими - Қозоғистон чегараларини мустаҳкамлашга киришди...
- Ташқи таҳдидга қандай қарши туриш мумкин, Қозоғистон Россиядан қўрқмайдими ва Россия Марказий Осиёни ким сифатида кўради?
- Ўзбекистон. Кун саволи: Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади?
Режа?..

Сурат манбаси, Getty Images
Қозоғистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиқмоқчими?
Мавзу шу кунларда Россиядаги етакчи нашрларнинг ҳам эътиборига тушди.
КХШТ Россия шамсияси остидаги ташкилот саналади, ҳарбий-сиёсий блок, ўзининг Тезкор мадад кучларига эга.
Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан, НАТОга эҳтимолий муқобил сифатида асос солинган.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти жорий пайтда уч Марказий Осиё давлати - Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонни ҳам ўз ичига олади.
Ўзбекистон ҳозир мазкур ташкилотга кирмайди, 2012 йилда ўзининг ундаги иштирокини иккинчи бор тўхтатган.
Аммо сўнгги йилларда Россия Ўзбекистонни яна қайтариш илинжида бўлган ташкилот.
Таҳлилчилар орасида Россиянинг постсовет ҳудудидаги энг йирик геосиёсий лойиҳаларидан бири сифатида ҳам кўрилади.
Аксарият етакчи минтақавий таҳлилчилар Москва айнан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти орқали бутун Марказий Осиё устидан ўзининг ҳарбий-сиёсий назоратини ўрнатиш истагида эканини айтиб келишади.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи бу гал Украина ва Озарбайжон фойдасига ҳал бўлган сўнгги Тоғли Қорабоғ уруши манзарасида кузатилаётгани билан ҳам ўзига алоҳида эътибор тортган.
Сўнгги икки Тоғли Қорабоғ уруши эса, Россия ва унинг Шимолий Кавказдаги анъанавий иттифоқчиси саналган Арманистон ўртасидаги муносабатларга жиддий раҳна солмай қўймаган.
Арманистон яқинда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги доимий вакилини чақириб ҳам олган.
Арманистон Бош вазири шу йил май ойида мамлакатининг КХШТдан чиқиши эҳтимоли ҳақида ҳам сўз юритганига оид хабарлар чиққан.
Нима гап?

Сурат манбаси, Skrinshot
Маълум бўлишича, бу ҳақдаги хабарлар турли маҳаллий интернет нашрларида тарқалган.
Улар қандайдир манбаларга таяниб, Қозоғистон ва Арманистон ҳукумат ҳамда махсус хизматлар орқали КХШТдан чиқиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказаётгани ҳақида ёзишган.
Аммо айни мазмундаги хабарлар Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг раддия билан чиқишига ҳам сабаб бўлган.
Кеча, 25 сентябрь куни вазирлик расмий вакилининг мамлакати Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиқиш ниятида эмаслигини баён қилганига оид хабарлар олинган.
Айбек Смадияровнинг маълум қилишича, бу ҳақдаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ.
"Қозоғистон ва Арманистон гўёки (КХШТ дан чиқиш тўғрисида - таҳр.) музокаралар олиб бораётганига оид хабарлар тарқалмоқда. Бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Бор-йўғи бир неча кун олдин КХШТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Ва у ерда улар ташкилотни ривожлантиришнинг кейинги йўллари, ушбу ташкилот доирасида қандай ўзаро ҳамкорлик қилиш масаласини муҳокама қилиб олишди. Шунинг учун биз бу йўналишда ишлаяпмиз ", деб айтган Смадияров душанба куни пойтахт Остонада бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида.
Аммо хабарларда Қозоғистон номи нега Арманистон билан ёнма-ён тилга олинаётгани сабаби ноаён қолган.
Қозоғистоннинг раддияси ҳақида хабар берган "Коммерсантъ"га таянилса, Қозоғистонни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиқишга Америка Қўшма Штатларидаги қозоғистонлик фаоллар чақиришган.
"Коммерсантъ" ўзининг хабарида буни тизерга ҳам олиб чиққан.
"Ўтган ҳафта, АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтган 19 сентябрь куни қозоғистонлик фаоллар БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳи яқинида митинг ўтказдилар. Намойишчилар Украинани қўллаб-қувватлашларини ҳам билдиришди", - деб ёзган нашр.
Аммо Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг айни мазмундаги хабарларга муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.
Қозоғистоннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиқиши мумкинлигига оид хабарлар бундан аввал ҳам бўй кўрсатган, улардан барчаси вазирлик томонидан бирдек рад этилган.
Қозоғистон ва КХШТ

2022 йилги тартибсизликларга айланиб кетган оммавий намойишлар манзарасида айнан Қозоғистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бутун фаолияти давомида илк ва ҳозирча сўнгги бор ўзининг ҳарбий контингентидан фойдаланган, президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўрови билан у ерга тинчликни сақлаш кучларини юборган давлат бўлади.
Айрим етакчи минтақавий таҳлилчилар буни ўшанда "Нур-Султондаги (ҳозирда яна Остона - таҳр) сиёсий режим устидан тўлақонли таъсир ва назорат Россия қўлига ўтганининг рамзий белгиси"га ҳам нисбат беришгани ҳам бор гап.
Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисоди саналади, табиий энергия захираларига бой ва минтақанинг Россияга чегарадош ягона давлати бўлади.
Кремлнинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари фонида айнан Қозоғистон Путин ва Россиянинг бошқа номдор сиёсатчилари номини энг кўп тилга олаётган давлатлардан бири экани кўрилади.
Россия томонидан ери, давлатчилиги қайта-қайта ошкора савол остига олинган постсовет давлати бўлади.
Расмий Остонанинг Украина, унинг бўлгинчи ва ишғол остидаги ҳудудлари мустақиллиги, аннексияси юзасидан Россия мавқеига зид чиқишлари эса, икки ўртадаги даҳанаки жангни янада қизитган.
Қолган минтақа давлатлари билан қиёсланганда, сўнгги йилларда Россия билан ўзаро муносабатларининг қанчалик танглашгани бобида айнан Қозоғистон четда эътиборга тушган.
Охирги пайтларда Ғарбнинг Қозоғистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўлловчи баёнотларининг сони ҳам ортган.
Улар Путиннинг империалистик амбициялари йўлида айнан Қозоғистон Марказий Осиёнинг аҳолиси энг катта давлати бўлган Ўзбекистон учун "буфер" вазифасини ҳам бажариб келишини таъкидлашади.

Сурат манбаси, TASS
Сўнгги йилларда эса, аксарият таҳлилчилар Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти фаолияти ёки унинг йўқлигидан блокка аъзо давлатларнинг кўплаб сиёсатчилари норози экани ҳақида ошкора гапириш, ёзишга ўтишган.
Уларнинг айтишларича, тўлақонли ҳарбий бирлашманинг шаклланишига аъзоларининг ҳал қилинмаган ҳудудий низолари ва етакчиси, энг кучли аъзоси Россиянинг ҳарбийси баробарида ўз таъсир доирасини ҳар томонлама кенгайтириш истаги тўсқинлик қилган.
Айрим етакчи минтақавий экспертларга кўра эса, Россия ҳарбий-сиёсий блоклари билан Марказий Осиёни қанчалик ўз назорати остига олишга интилмасин, уларнинг бошқа геосиёсий векторлар билан ҳамкорлигига чек қўя олмайди.
Жумладан, Марказий Осиё минтақасини Москва иштирокидаги ҳарбийлашувига имконият бермайди.
Улар бунинг сабабини минтақа давлатлари Москва билан чекланган ҳамкорлик тарафдори бўлиб қолаверишлари билан изоҳлашади.
Худди шу манзарада расмий Москванинг Россия валюта ва деривативлар бозорида эркин савдо қилиш ҳуқуқи берилган, Ўзбекистон ҳам киритилган 30 дан ортиқ "дўст" давлатлар рўйхатида Қозоғистоннинг йўқлиги яна кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган воқеъликка айланган.
Қозоғистондаги айрим маҳаллий нашрлар буни «Қозоғистон Россиянинг "қора рўйхати"да: манипуляция ёки хато", - деб сарлавҳаларга олиб чиқишган.
Россия томони бунга ҳалича изоҳ бермаган, расмий Остона ҳам ҳозирча жим.
Шу йил бошида эса, Қозоғистондаги "Ақ Жол" партиясининг келажакда мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириши масаласини кўтариш ниятида эканига оид хабар минтақадаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмай қолмаган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













