Янгиликлар. Илҳом Алиев Қорабоғ арманларига: Озарбайжон фуқаролигини қабул қилинг ёки кетинг! - Видео Dunyo Yangiliklar

Озарбайжон президенти Тоғли Қорабоғ арманларига кескин кетди.
Россия тинчликни сақлаш кучларининг юк машиналарида бўладими, автобусда, бемалол кетишлари мумкинлигини айтди.
"Арманистонга йўл очиқ", - деди Озарбайжон президенти.
У мамлакати Тоғли Қорабоғ арманларини Арманистон билан боғловчи ягона йўлни тўсиб қўйганлигини ҳам рад қилди ва Озарбайжон фуқароларининг барча ҳуқуқи борлигини айтди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Озарбайжон давлат ахборот агентликлари кечаётган ҳафтада президент Илҳом Алиев билан батафсил интервьюни чоп этди.
Ўзларини эко-фаоллар, деб атовчи бир гуруҳ одамлар эса, қарийб бир ойдирки, Лочин йўлаги орқали Тоғли Қорабоғни Арманистон билан боғловчи биттаю битта йўлни тўсиб туришибди.
Қорабоғ арманлари эса, буни "қамал", деб аташаётир.
Озарбайжон ичидаги бу анклавда асосан этник арманлар яшашади.
Агар, йўлни тўсиб турган намойишчилардан бирининг сўзларига таянилса, "асосий мақсадлари конлар ноқонуний ўзлаштирилишининг олдини олиш, атроф-муҳитни тоза сақлаш ва россиялик кузатувчилар жойлашган Озарбайжон ерларида ўз кузатув гуруҳларининг ишлаши учун шароит яратишдир".
Озарбайжон кучлари ва анклав аҳолисини биргина Россия тинчликни сақлаш кучлари тўсиб туради. Улар Тоғли Қорабоққа 2020 йилги қисқа уруш ортидан юборилган.
Арманистондан келувчи ягона йўл ёпилиши ортидан Қорабоғ маркази Степанакертдаги дўконлар бўм-бўш, дейди яқинда у ерда бўлиб қайтган мухбиримиз Райхон Демтри.
Бозорларда янги етиштирилган маҳсулот деярли йўқ.
Болалар касалхонасидаги оналардан бири эса, дори-дармон тақчиллигидан шикоятда.
Арманларнинг ўзлари Қорабоғни Арцах дейишади.
Улар ҳозир четдан ёрдам сўрашмоқда.
"Кўплаб оналар дорихонама-дорихона югуриб, болаларига сунъий сут топишолмаётганидан даҳшатда. Фарзандларимиз касал бўлиб қолишидан қўрқамиз. Чунки айрим зарур дори-дармонлар умуман йўқ", - дейди степанакертлик аёллардан бири.
2020 йилда Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ учун урушда минглаб одам нобуд бўлди.
Озарбайжон 90-йиллардан бери Арманистон томонидан босиб олинган анклав атрофидаги ҳудудларнинг катта қисмини қайтариб олди.
Аммо Қорабоғдаги этник арманларнинг мақоми ҳануз ҳал этилмаган.
Арманлар стратегик иттифоқчилари бўлган Россия йўлни очиқ тута олмаганидан ғазабда.
Якшанба куни намойишчилар Арманистоннинг Гюмри шаҳридаги Россия ҳарбий базаси томон юришди.
Қорабоғда йўлнинг тўсилиши фақат атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ эмас.
Буни Озарбайжон ҳукумати ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Уларга кўра, Арманистон бу йўлдан ҳарбий юк ташишда фойдаланган. Лекин Арманистон бу даъволарни рад этади.
Озарбайжон томонининг айтишича, йўл оддий одамлар учун очиқ.
Бироқ ҳозирча бу йўлдан фақат Қизил Хоч автомобиллари ва "Тез ёрдам" машиналари ўта олишмоқда, дейди мухбиримиз.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














