Покистон: Карикатураларга қарши намойиш қилган исломчилар сиёсий саҳнага қайтмоқда Pokiston Islom Siyosat

ТЛП асосчиси Ходим Ҳуссайн Ризвининг вафоти санаси муносабати билан уни хотирлашди
Сурат тагсўзи, ТЛП асосчиси Ходим Ҳусайн Ризвийнинг вафоти санаси муносабати билан уни хотирлашди
    • Author, Шумайла Жафaрий
    • Role, BBC Лаҳор

Покистон Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) карикатуралари қайта чоп этилгани учун Францияга қарши норозиликларда пешқадам бўлган муросасиз исломий "Теҳрик-э-Лабайк Покистон" (ТЛП) партиясига қўйилган тақиқни ўтган ойда бекор қилди.

Қамоқдаги ТЛП етакчиси, шунингдек, унинг юзлаб тарафдорлари озод қилиндилар ва энди партияга асосий сиёсатда иштирок этишига рухсат берилади. Кўпчилик бу қадам нафақат Покистон сиёсати, балки бутун минтақа ва дунё учун муайян оқибатларга олиб келишидан хавотирда.

31 октябрь куни полиция зобити Ирфон Аҳсан Покистоннинг Панжоб вилоятидаги Вазиробод шаҳрига хавфсизликни таъминлаш учун жўнатилди. Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В)нинг карикатуралари сатирик журналда қайта нашр этилгани учун ҳукуматдан француз элчисини мамлакатдан қувишини талаб қилиб, у ерда бир ҳафтадан бери ТЛПнинг юзлаб намойишчилари тўпланган ва улар пойтахт Исломобод томон йўлга чиқишлари керак эди.

Намойишчилар, шунингдек, терроризмга қарши қонунларга кўра қамалган ўз етакчилари Саъд Ризвийни озод қилишни талаб қилишди.

Ирфон Аҳсаннинг укаси Усмон Аҳсаннинг сўзларига кўра, акаси тушлик пайтида дори-дармон сотиб олишга борганида, ТЛП тўдаси уни ўғирлаб кетган. Икки кундан сўнг унинг бурдаланган жасади яқин атрофдаги шифохонадан топилган.

"Бу бизни жуда хафа қилади, чунки уни ўлдирганлар ўзларини Ислом посбонлари деб атайди, аммо улар қандай Исломга эътиқод қилишларини билмайман, - дейди Аҳсан Би би сига. - Улар бир одамни озод қилиш учун қанчадан-қанча оилаларни вайрон қилишди, бир қизчани етим қолдирдилар".

ТЛП биринчи марта бундай шафқатсизликда айбланаётгани йўқ. Полициянинг маълум қилишича, биргина жорий йилнинг ўзида ТЛП тарафдорлари 10 нафар полициячини ўлдирган, яна 1300 нафари қийноққа солинган ва яраланган.

ТЛПлар кимлар?

Гуруҳга 2015 йилда қизиққон уламо Ходим Ҳусайн Ризвий асос солган. Бу Ислом ва Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В)ни ҳақорат қилганлик учун ўлим жазосини назарда тутувчи мамлакатнинг куфрга оид баҳсли қонунларини қўллаб-қувватловчи муросасиз исломий гуруҳдир.

ТЛП яратилган йили голландиялик сиёсатчи Герт Велдерс Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) карикатураларини чизиш бўйича танлов эълон қилганидан сўнг, гуруҳ асосчиси "Голландияни ер юзидан йўқ қилиш" билан таҳдид қилган.

Ходим Ҳусайн Ризвий 2020 йил ноябрь ойида пандемия вақтида Францияга қарши норозилик намойиши пайтида касалланиб вафот этди. У Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В)нинг карикатураларини дарс вақтида кўрсатгани учун мактаб ўқитувчисининг боши кесилганидан сўнг уларнинг қайта нашр этилишини ҳимоя қилган Франция президенти Эммануэл Макроннинг баёнотларидан ғазабланди.

Ризвийнинг ўрнига унинг ўғли Саъд Ризвий келди ва у гуруҳнинг Покистон Франция билан алоқаларини узиши керак, деган талабларини қўллаб-қувватлади. Апрель ойидаги норозилик намойиши чоғида улар пойтахт Исломободга олиб борувчи йирик магистраль йўлларни тўсиб қўйган эди. Ҳукумат Ризвийни юзлаб тарафдорлари билан бирга ҳибсга олди ва террорчиликда айблади.

ТЛП намойишлари пайти хавфсизликни таъминлашга жалб этилган Ирфон Аҳсаннинг оиласи аъзолари унинг сурати билан
Сурат тагсўзи, ТЛП намойишлари пайти хавфсизликни таъминлашга жалб этилган Ирфон Аҳсаннинг оиласи аъзолари унинг сурати билан

Ўзгараётган тўлқинлар

Аммо деярли етти ой ўтгач, ҳукумат ўз позициясини бутунлай ўзгартирди. Гуруҳга қўйилган тақиқ бекор қилинди, унинг раҳбари Саъд Ризвий ва ТЛПнинг юзлаб бошқа аъзолари озод қилинди. Ҳукумат бу қандай шароитда амалга оширилганини ошкор қилмади, бироқ баъзи ОАВ хабарларига кўра, бу қарорда ҳарбий бошлиқ генерал Қамар Жавед Бажва муҳим роль ўйнаган.

Ҳукумат ўзини Ислом пайғамбарининг муҳиблари санайдиган одамлар билан тўқнаш келмаслик учун тақиқни бекор қилганини айтади. Баъзи таҳлилчилар ўзини пайғамбар шаънининг қўриқчиси деб кўрсатган гуруҳга қарши куч ишлатиш уларга сиёсий қимматга тушишидан қўрқишади.

Ахборот вазири Фавад Чаудрининг айтишича, сўнгги воқеалар энг катта таҳдид Ҳиндистон эмас, балки ички экстремизм эканлигини кўрсатди. "Давлатнинг ТЛП ишида орқага чекинишга мажбур бўлгани экстремизм бомбаси соати чиқиллаётганини англатади", дейди у Исломободдаги матбуот анжуманида.

ТЛП ўз мавқеини Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В)нинг шарафи ҳақидаги чуқур ҳиссий муаммо атрофига қурди ва бу бутун дунёдаги мусулмон тоифалари томонидан қўллаб-қувватланди. Гуруҳ ўзининг дунёга машҳурлиги билан фахрланади ва Буюк Британия ва Европада таъсири борлигини даъво қилади.

ТЛПнинг медиа мувофиқлаштирувчиси Саддам Бухорийнинг айтишича, ўтган йили асосчиси Ходим Ҳусайн Ризви вафот этганида, унинг жанозасига бутун Европадан диндорлар келган.

Покистон Тинчлик Тадқиқот Институтининг хавфсизлик бўйича таҳлилчиси Амир Рананинг айтишича, ҳукуматнинг ТЛПга қандай муносабатда бўлиши Покистоннинг Европа билан ташқи сиёсатдаги мувозанатини аллақачон бузган ва ТЛПнинг асосий ўйинчига айланиши глобал миқёсда катта оқибатларга олиб боради.

"Дунё Покистон ичида нималар бўлаётганига аҳамият бермаслиги мумкин, аммо ТЛП Европа ва Ғарбдаги Покистон диаспорасига ҳамда хориждаги жамоаларга таъсир ўтказаётганидан хавотирлар бор, - деди у. - Уларнинг фикрича, бу у ерда ҳам баъзи хавфсизлик муаммоларини келтириб чиқариши мумкин".

ТЛП дастакловчиларининг Лаҳордаги намойиши. Улар бутун мамлакат бўйлаб юриш қилдилар
Сурат тагсўзи, ТЛП дастакловчиларининг Лаҳордаги намойиши. Улар бутун мамлакат бўйлаб юриш қилдилар

ТЛП ҳозиргача Исломнинг Барелвий мазҳабининг асосий мафкураси бўлган Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В)нинг шаъни масаласида муваффақиятли ўйнади. Покистон Барелвилар ҳукмронлик қиладиган давлат, аммо улар йирик сиёсий кучга айланишни истаса, ўз таъсирини оширишнинг янги йўлларини топишига тўғри келади.

Баъзи шарҳловчиларнинг фикрича, ТЛПнинг оммабоплиги бошқа сиёсий партияларни ўта ўнг томонга силжишга мажбур қилмоқда, бу эса мамлакатни экстремизм томон етаклаш учун йўл очади.

Доктор Ҳасан Аскарий Ризвийнинг фикрича, Покистон сиёсати аллақачон ўнгга мойил бўлган. Маълум соҳаларда оммалашиб бораётганига қарамай, ТЛП сайловларда ҳал қилувчи куч бўла олмайди.

"Гуруҳ коалициянинг бир қисми бўлиши мумкин, биз эса кутишимиз ва улар қанчалик ўз позициясини ўзгартириши ёки ҳимоя қилиши мумкинлигини кўришимиз керак", дейди у.

Баъзи таҳлилчиларнинг фикрича, ТЛП ҳал қилувчи кўпчиликни қўлга кирита олмаса-да, сиёсий таъсир ўтказишга етарли даражада овоз олиши мумкин. Бу ҳол Покистон сиёсий манзараси учун энг яхши янгилик бўлмаслиги мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek