Покистон: Шаккокликда айбланган одам дўппослаб ўлдирилди, жасадига ўт қўйилди - Pokiston dunyo musulmonlar yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Ғазабнок оломон 48 ёшли эркакни Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) исми туширилган плакатни йиртганликда айблаган. Уриб, ўлдириб, жасадига ўт қўйган. Куйган жасад ёнида сельфи тушганлари ҳам бўлган.
Шри Ланкалик эркакнинг ишлаб турган жойидан судраб олиб чиқилиб, бу қадар шафқатсизлик билан ўлдирилиши ҳар икки давлатда ҳам бирдек норозилик намойишларига сабаб бўлган.
Зўравонликни Покистон Бош вазирининг шахсан ўзи қоралаб чиққан.
Ҳодиса ўтган ҳафта жума куни юз берган.
Савол ва жавоб: Шаккоклик қонуни дунёда
Алоқадор мавзулар:
"Уятли кун"
Приянта Дияваданага Покистоннинг Сиалкот шаҳридаги корхонада иш бошқарувчи бўлиб ишлаган.
Покистон Бош вазирининг расман маълум қилишича, зўравонлик билан алоқадорликда шу пайтгача 100 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.
Имрон Хон буни мамлакати учун "уятли кун", деб атаган.
Би-би-си қурбоннинг яқинлари билан гаплашган, улар ўзларининг мутлақ умидсизликда эканликларини айтишган.
Нилуши Диссанаяка ҳар икки давлат ҳукуматларини юз берган воқеа юзасидан тўлиқ тергов ўтказиш, эри ва фарзандлари учун адолатни қарор топтиришга чақирган.
"Мен унинг қандай ҳужумга тутилганини интернетда кўрдим...Бу инсонларга хос эмас эди", - деб айтган у.

Зўравонликка нима туртки берди?
Маҳаллий полициянинг билдиришича, зўравонликка Приянта Диявадананинг Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) исми туширилган плакатни йиртиб ташлаганига оид миш-мишлар сабаб бўлган.
Аммо уни оломоннинг қўлидан қутқаришга ҳаракат қилган ҳамкасбининг Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлигига айтишича, воқеа аслида бундай бўлмаган.
Приянта Диявадана, аксинча, бино тозаланиши керак бўлгани учунгина плакатларни бир четга олиб турган.
Қурбоннинг рафиқаси ҳам шаккокликка оид даъволарга қўшилмаган.
Би-би-си билан суҳбатида, "эрининг бегуноҳ одам" бўлганини айтган.
Аёлининг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи Покистондаги турмуш тарзини яхши билган.
Покистоннинг мусулмон давлати экани, у ерда нималар маън қилинганидан керагича бохабар бўлган, оз эмас, кўп эмас, 11 йил ишлаган.
Юзлаб киши иштирокидаги зўравонликнинг кўлами Покистонни ларзага солган, одамларни ҳушёр торттирган.
Покистон Бош вазири "даҳшатли ўзбошимча ҳужум"ни қоралаган.
Имрон Хон барча айбдорларнинг қилмишига яраша жазоланишига ваъда берган.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Шаккоклик
Ислом динини таҳқирлаш Покистонда қонунан шаккоклик саналади, у ўлим жазосини кўзда тутади.
Мазкур қонунга мувофиқ, диний йиғинларга халақит бериш, қабристонларни оёқ-ости қилиш, ўзгаларнинг диний эътиқодларини таҳқирлаш, ибодат жойларини қасддан булғаш ёки бузиш қатъиян маън этилади.
Покистонда шаккокликка оид шунчаки миш-мишлар ҳам норозилик ва оммавий зўравонликка сабаб бўлиши мумкин.
Фаоллар эса, узоқ йиллардан бери диний озчиликларнинг бу каби айбловлар нишонига айланишаётганидан бонг уриб келишади.
Имрон Хоннинг айтишича, юз берган ҳодиса юзасидан Покистон халқи қанчалик ғазаб ва хижолатда эканини етказиш учун орада Шри Ланка президенти билан ҳам гаплашиб олган.
Шри Ланка ҳукумати ҳозирча бу хусусда тузук-қуруқ шарҳ бермаган.
Улар Покистондаги ҳодисага жавобан ўзларидаги мусулмонларга қарши зўравонликларнинг бошланиб кетишидан хавотирдалар.
Приянта Дияваданаганинг жасади Шри Ланкага бугун, душанба куни қайтарилади ва бу пойтахт Коломбада норозилик намойишларига сабаб бўлишига оид қўрқувлар ҳам йўқ эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













