ОАВ: Муҳаммад пайғамбар(с.а.в.)нинг ашаддий ҳажвчиси автоҳалокатга учраб, ўлди dunyo, Islom dini, musulmonlar, yangiliklar

Ҳажвчининг ўлими ҳақида маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар беришган

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Ҳажвчининг ўлими ҳақида маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар беришган

Швециялик ҳажвчи Ислом дини пайғамбарини ҳажв қилган карикатураси учун ўлим таҳдидлари остида бўлган. Полиция томонидан хосан ҳимоя қилинган.

75 ёшда бўлган Ларс Вилкс ўз карикатурасида Муҳаммад пайғамбар(с.а.в.)нинг бошини итнинг танасига қўйиб тасвирлаган.

Ҳажвчининг ўлими ҳақида маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар беришган.

Хабарларга кўра, автоҳалокат Швециянинг жанубий Маркарид шаҳри яқинида юз берган.

Ларс Вилкс кетаётган фуқаровий полиция автомобили юк машинаси билан тўқнашган.

Автоҳалокатда ҳажвчидан ташқари яна икки полиция ходими ҳам қурбон бўлган.

Юк машинаси ҳайдовчисининг омон қолгани, аммо турли кўринишдаги тан жароҳатлари олгани айтилади.

Карикатура

Ларс Вилкснинг кўплаб мусулмонларнинг қаҳру ғазабини келтирган карикатураси 2007 йилда чоп этилган.

Карикатура Дания газетасида нашр қилинганларидан йил ўтиб, бўй кўрсатган.

Вазиятни юмшатиш учун ҳатто Швеция Бош вазири йигирмадан ортиқ мусулмон давлати элчилари билан шахсан кўришишга мажбур бўлган.

Орадан қисқа вақт ўтмай, ал-Қоиданинг Ироқдаги тармоғи карикатурачининг ўлими учун $100000 доллар мукофот пули тиккан.

2015 йилда Ларс Вилкс иштирок этган Копенгагендаги сўз эркинлигига бағишланган мунозара ҳам қуролли ҳужумга тутилган.

Ҳужум бир режиссёрнинг ҳаётига зомин бўлган.

Ҳажвчи ўшанда ҳужумдан нишон ўзи бўлганини тахмин қилган.

Автоҳалокат

Полиция якшанба кунги автоҳалокатда қурбон бўлганларнинг шахсларини расман очиқламаган.

Аммо Ларс Вилкснинг ҳаёт йўлдоши Dagens Nyheter газетасига унинг ўлимини тасдиқлаган.

Полициянинг баёнотида автоҳалокат сабаблари ҳануз ноаён экани айтилган.

Бу бирор бир кишининг иши эканини фараз қилиш учун ҳозирча бирор бир асос йўқлиги таъкидланган.

Ўтган йил Швецияда Ислом динининг муқаддас китоби ҳам устма-уст таҳқирланган.

Қуръони Каримни ёқиш амалига қарши юзлаб одам кўчага чиққан, улар полиция билан тўқнашишган.

Зўравонликлар бир неча соат давом этган, намойишчилар машиналарга ўт қўйишган, дўконларнинг ташқи ойналарини синдиришган.

Туркия ва Исломий Ҳамкорлик Ташкилоти Қуръон нусхасининг ёқилишини кескин қоралаб, буни "провакация"га тенглаштирганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek