Charlie Hebdo карикатурасини кўчириб босган таҳририятга ўт қўйилган

Сурат манбаси, AFP
10 январдан 11 январга ўтар кечаси номаълум шахслар Олмониянинг Ҳамбург шаҳридаги Hamburger Morgenpost рўзномаси таҳририяти биносига ичига ёнилғи тўлдирилган идиш отганлар.
Полиция хабар қилишича, ҳодиса тунги соат 2 лар атрофида рўй берган.
Таҳририят биноси деразасига тош отиб синдирилган, сўнг “Молотов коктейли” деб аталадиган бутилка ирғитилган.
Хабарларга кўра, рўзнома архиви жойлашган хонани аланга қоплаган.
Hamburger Morgenpost журналистларининг айтишича, айрим ҳужжатлар ёниб кетган.
Полиция икки хонага ўт кетгани, бироқ ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлинганини айтган.
Ҳеч ким жароҳатланмаган.
Ҳамбург полицияси ҳодисадан кўп ўтмай, шу яқин атрофда бўлган икки шахсни ҳибсга олган.
Бу одамларнинг таҳририятга ўт қўйиш ҳодисасига алоқаси борми ёки йўқлиги текширилаётганини хабар қилган полиция.
Бундан олдин Hamburger Morgenpost Франциядаги Charlie Hebdo сатирик журналининг Муҳаммад Пайғамбар ҳажв қилинган карикатурасини кўчириб босган эди.
Ўз биносига ўт қўйилгани ҳақида ўзининг веб-сайтида хабар тарқатган Hamburger Morgenpost сўнгги ҳодисанинг француз журнали карикатурасини кўчириб босганига алоқадорлигини боғламасликка қарор қилган.
7 январ куни Париж шаҳридаги Charlie Hebdo журнали таҳририятига ҳужум қилинди.
Калашников автомати билан қуролланган уч киши, жумладан, ака-ука Саид ва Шериф Қуаший журнал таҳририяти қўриқчилари ва бино ичкарисида бўлган инсонларни ўққа тутганлар.
Сўнг ҳодиса жойидан қочиб яширинганлар.
Ҳужум оқибатида 12 инсон, шу жумладан, журнал бош муҳаррири ва бир неча карикатурачиси ҳалок бўлган, 11 киши жароҳатланган.
9 январ куни ака-ука Қуашийларга бирдамлик маъносида Амеди Кулибали супермаркетда инсонларни гаровга олган.
Ўша куни ака-ука Саид ва Шериф Қуашийлар Париждан 50 километр узоқликдаги Даммартен-ан-Гоэл шаҳридаги босмахонада бир инсонни гаровга олганлар, кейинроқ гаровгирлар отиб ўлдирилган эди.
Париж супермаркетидаги махсус амалиёт чоғида Амеди Кулибали ҳам отиб ўлдирилган.
Айни пайтда полиция ҳужум иштирокчиларидан бири Ҳаят Бумеддинни қидирмоқда.
Айрим хабарларга кўра, у аллақачон Франция ҳудудини тарк этиб, Туркия ёки Сурияда бўлиши мумкин.
11 январ куни Париж шаҳрида Франциядаги сўнгги кунлардаги хуружлар қурбонларига бирдамлик мақсадидаги юриш ташкиллаштирилган, бу раллида дунёнинг 40 мамлакати раҳбарлари иштирок этишга қарор қилганлар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












