Афғонистон Толибон қўлида яна террорчилик ўчоғига айланадими? Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Фрэнк Гарднер
- Role, Хавфсизлик масалалари бўйича мухбир, ББС
Афғонистоннинг Кунар вилоятидаги қарағай ўсган олис водийсида ва жиҳодчиларнинг чат гуруҳларида ал-Қоида тарафдорлари Толибоннинг "тарихий ғалабаси" сифатида кўраётган воқеа муносабати билан шодлик ҳукм сурмоқда.
Толибон ва ал-Қоидани 20 йил олдин мамлакатдан вақтинчалик қувган кучларнинг шармандали тарзда чиқиб кетиши бутун дунёда аксил Ғарб кайфиятдаги жиҳодчиларнинг руҳини кўтариб юборди.
Афғонистоннинг бошқарилмайдиган ҳудудларида яшириниш учун имкониятнинг кенгайиши жозибали мукофот. Айниқса, ўзига янги макон қидираётган, Ироқ ва Сурияда халифалигини эълон қилиб, сўнг мағлуб бўлган ИШИД гуруҳи учун яхши янгилик.
Ғарб генераллари ва сиёсатчилари ал Қоида Афғонистонга кучга тўлиб, қайтиб бориши "муқаррар"лигидан огоҳлантирмоқда.
Британия Бош вазири Борис Жонсон фавқулодда инқироз бўйича учрашувдан сўнг гапириб, Афғонистон халқаро террорчи гуруҳлар учун хавфсиз ҳудудга айланиб кетмаслиги учун Ғарб давлатлари бирлашиб ҳаракат қилишлари кераклигини айтди.
- Толибон учун Афғонистон шимолини тўлиқ олиш нега муҳим?
- Дўстумнинг ўғли қутқарилди, Мозори Шариф нисбатан тинч, Толибон Қандаҳорни ҳам олди
- Россия Ўзбекистон, Тожикистондан кейин энди Хитойга ўтдими? Афғонистон ва Толибон
- Афғонистон: Толибон сафида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам жанг қилаяптими?
- Шимолий Афғонистон ва ўзбеклар: Маршал Дўстум қайтишидан кун ўтиб, Толибон унинг она шаҳрига бостириб кирди
Душанба куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик Кенгашини "Афғонистонда глобал террорчилик хавфи илдиз отмаслиги учун барча воситаларни ишга солишга чақирди".
Аммо Толибоннинг қайтиши ал-Қоиданинг ҳам қайтиб, мамлакат Ғарб давлатларига ва бошқаларга қарши террор ҳужумлари уюштириш учун платформага айланишини англатадими?
Бундай бўлиши муқаррар эмас, йўқ.
Легитимлик ва тан олиниш илинжи
Толибон мамлакатни тўлиқ бошқарган 1996-2001 йилларда Афғонистон амалда яккамохов давлат эди.
Фақат учта давлат - Саудия Арабистони, Покистон ва Бирлашган Араб Амирликлари Толибон ҳокимиятининг қонунийлигини тан олганди.
Ўз аҳолисига шафқатсиз муносабатдан ташқари Толибон 2001 йили 11 сентябрида АҚШдаги террор ҳужумини уюштириб, қарийб 3000 одамнинг умрига зомин бўлган Усома бин Лоденнинг ал-Қоида ташкилотига ҳам бошпана берган эди.
Бутун дунёдан ёлланган тахминан 20 000 одам ал-Қоиданинг ўқув лагерларида тайёргарликдан ўтказилиб, уларда қотиллик кўникмалари шакллантирилган, бу лагерлар "террор университетлари"га айланганди.
Бугун эса Толибон, сайланмаган бўлса ҳам, ўзини "Афғонистон Ислом Амирлиги"нинг чин эгаси деб билади ва халқаро тан олинишни истайди.
Улар ўзларини ҳукуматнинг 20 йиллик коррупцияси, ички зиддиятлари ва исрофгарлиги ортидан мамлакатда тартиб ва тинчликни тиклаш учун келган деб кўрсатишни истаётган кўринади.
Доҳада ўтказилган муваффақиятсиз тинчлик музокаралари давомида Толибонга агар улар ал-Қоида билан буткул алоқани узсаларгина истаганлари тан олиниш бўлиши тушунтирилган.
Аллақачон узганмиз, деди Толибон. Йўқ ундай эмас, дейилади БМТнинг яқинда эълон қилинган ҳисоботида ва икки гуруҳ ўртасида қабилавий ва оилавий ришталар борлиги кўрсатилди.
Толибоннинг бутун мамлакатни қўлга олиши асносида уларнинг орасида афғон бўлмаган, "хорижликлар" кўзга ташлангани бир неча марта хабар қилинди.
Албатта, Толибон вакилларининг прагматик, мўътадилроқ сўзлари билан жойларда вахшийларча ўч олиш амалга оширилаётгани ўртасида номувофиқлик бор.
12 август куни Толибон Кабулга томон илгарилаётган пайтда АҚШнинг Кобулдаги вакили твит ёзди: "Толибоннинг Доҳадаги баёнотлари уларнинг Бадахшон, Ғазни, Ҳелманд ва Қандаҳордаги қилмишларини акс эттирмайди. Зўрлик, қўрқитиш ва уруш орқали ҳокимиятга эга чиқишга уриниш халқаро яккаланишга олиб боради".
Ғарб жиҳодчиларни жиловлашда қийналиши мумкин
Толибон Афғонистонни ўзининг Шариатнинг муросасиз талқинига асосланиб бошқармоқчи.
Аммо ал-Қоида ва ИШИДдаги жиҳодчиларнинг амбициялари Афғонистон билан чекланмайди. Янги Толибон ҳукумати уларни жиловлашга уриниши мумкин, аммо мамлакатда улар сездирмай ҳаракатланиши мумкин бўлган жойлар кўп.

Сурат манбаси, Getty Images
Осиё Тинч уммони фондидан доктор Сажжан Гоҳел Кунарда борлиги ишонилган ал-Қоида 200 500 нафарча аъзоси сони ошиши мумкин, деган фикрда.
"Кунар вилояти қуюқ ўрмонли водийлари, ноқулай тузилиши боис, уни эгаллаш Толибон учун катта стратегик аҳамиятга эга эди. Ал-Қоида аллақачон у ерда ҳозир ва кенгайишни истайди."
Агар шундай бўлса, Ғарб учун уни тийиш жуда қийин бўлади.
Ўтган 20 йил давомида Ғарб Афғон жосуслик хизматининг хуфяларига ва АҚШ, Британия ҳамда афғон махсус кучларининг тезкор реакцияларига суяниб келган эди.
Буларнинг бари қўлдан кетди, Афғонистон жосуслик учун "қаттиқ нишон"га айланди.
Агар террор тренинг лагерлари аниқланса, Вашингтон узоқдан дрон ҳужумларидан фойдаланиши мумкин.
Доктор Гоҳелнинг айтишича, кўп нарса Покистоннинг хорижлик жангариларни ўз ҳудуди орқали ўтиб кетиши олдини ола билишига боғлиқ.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















