Ўш: Минтақадаги ягона Ифтор бозорига нима бўлди? Ўзбеклар ва дунё - Qirg‘iziston mintaqa dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
- Author, Шоҳруҳ Саипов
- Role, Ўш, Қирғизистон
Ўшдагидек Ифтор бозори Марказий Осиёнинг ҳеч бир ерида йўқ. Минтақада ягона бўлган бу бозор фақат ҳар Рамазон ойида ишлайди. Овқатлари мазаси, сифати ва чўнтакбоплиги билан тилга тушган. Бу ердан кунига мингга яқин одам савдо қилган. Ҳозир бу бозорга нима бўлди?
Сўнги ойларда коронавируснинг кўпайиб, одамлар соғлигига хавф туғдираётгани, афтидан бу, Ифтор бозорига таъсир этмаётгандек.
Сотувчилар ва харидорларда юз ниқоблари деярли кўзга ташланмайди.
Ўзаро масофа сақлаётганлар ҳам кам, ҳар ким ҳам санитар қоидаларга амал қилаётгани йўқ.
Йўл четида қад ростлаётган кўп қаватли бино қурилиши атрофи тўсилган.
Бу эса, пиёда йўлагини торайтириб, сотувчилар ва харидорлар учун анча ноқулайлик яратган.
Бу йил Ифтор бозорига келаётган одамлар сони кўпайса-кўпайганки, озаймаган.
Муҳандис Алишер имкон бўлди дегунча ушбу Ифтор бозорига келиб, уйига озиқ-овқат ва ширинликлар харид қилади.
У очиқда сотилаётган пишириқлардан хавфсирамайди.
"Бу ерда ҳар куни янги тоамлар сотилади. Одамнинг кўплигини кўраяпсизми, улардан ошиб, эртанги кунга қолиши мумкин эмас. Рамазоннинг шарофати билан атайин пиширилиб, сотиладиган антиқа таомларни мазза қилиб истеъмол қилишга нима етсин. Бунинг гашти ўзгача", дейди суҳбатдошим.

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Ўтган йили дунё бўйлаб кенг тарқалган коронавирус хавфи ортидан, Қирғизистонда ҳам карантин жорий қилинган, шу сабаб, Ифтор бозори ишламаган.
Масжидлар ҳам ёпилиб, одамлар тоат-ибодатларини уйларида адо этганлар.
Маҳфуза опа Ғаниева ҳар йили Рамазон ойида Ифтор бозорида савдо қилади.
У ҳам ўтган йилги карантин боис, Рамазонда савдо қилолмай, уйида ўтирган.
Бу йил эса, яна ўзи уйда пиширган гўшт маҳсулотларини бозорга олиб чиққан.
"Рамазон ойига пўстдумба, рулет, ҳасип, ўпка, сигир тили, лиқ-лиқ, қази-қарталар пишириб олиб чиқиб сотаяпман. Бу таомларнинг барчасини ҳар куни янги, тоза мол гўштларидан тайёрлаб, ўзим пишираман", дейди суҳбатдошимиз.
Рамазон ойида Ўшга ташриф буюрган мехмонлар Ифтор бозорига қиё боқмай кетмайдилар.
Бишкеклик Адил билан Булат ҳам Ифтор бозорининг ўзгачалигига суқланади.
"Ўшда маданият бошқача. Шаҳарнинг ўз безаги (колорити) бор. Биз учун бу нарсалар антиқа", дея ҳайратланишади мехмонлар.
Ифтор бозори

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Қирғизистоннинг жанубий пойтахти ҳисобланган Ўш вилояти мусулмонлари бу йилги муқаддас Рамазон ойини кўтаринки кайфият билан кутиб олишди.
Шаҳарликлар ушбу муборак ойга қарийб бир ой аввалдан тайёргарлик кўра бошлаган.
Хусусий касб эгалари аввалдан ишларини режалаштириб, Рамазон ойида асосан тоат-ибодатда бўлишни ният қилган бўлса, тадбиркорлар ушбу ойда ўз маҳсулотларини янада кўпроқ сотиб, фойда олишни кўзлаганлар.
Аҳоли орасида "Андижон" кўчаси дея номланувчи мавзеъда жойлашган бу бозорда маҳаллий аҳоли, тадбиркорлар ўзлари пишириб, уйда тайёрлаган турли хил озиқ-овқат маҳсулотларини сотадилар.
Унда сабзовотлардан тайёрланган салатлар, гўшт маҳсулотлари, иссиқ нон, қуруқ мева, ширинликлар ва бошқа турли хил пишириқларни ҳарид қилиш мумкин.
Шаҳарнинг марказий кўчаси четида жойлашган Ифтор бозори фақат Рамазон ойи мобайнида фаолият кўрсатади.
Қарийб ўн йилдирки амалда, одамларнинг ўз ташаббуслари билан пайдо бўлган.
Бозор ҳар куни ифторлик вақти ёки таъбир жоиз, "оғиз очиш"га 4-5 соат қолганда иш бошлайди.
Бу ердан кунига мингга яқин одам савдо қилади.
Бунга сабаб, бозорда сотилаётган маҳсулотларнинг чўнтакбоп ва ҳатто уйда пиширилганидан кўра мазалироқ эканидир.

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Кўпчилик шаҳарликлар шу боис ҳам, ифтор дастурхони учун лозим таомларни худди шу ернинг ўзидан харид қилиб қўя қолишни афзал кўришади. Буни ўзларига эп билишади.
Йўл четидаги пиёдалар йўлагида ёғоч ва темир расталарга маҳсулотларини қўйиб сотаётган савдогарлар харидор чақириб тинмайди.
Иссиқ тандирдан узилган гўштли нон иси бутун мавзеъни қоплайди ва бир зумда қўлма-қўл бўлиб кетади.
Тандирда пиширилаётган осма гўштнинг антиқалиги, ёққа қовурилаётган балиқнинг ҳиди эса ҳаридорлар эътиборини тортмай қўймайди.
Маҳаллий расмийлар ҳар йили Ифтор бозорини марказий кўчада машиналарнинг ҳаракатланишида тирбандлик пайдо бўлаётгани сабаб, бошқа жойга кўчиришга ҳаракат қилиб келадилар.
Бироқ бозор сотувчилари норозилиги ортидан, улар билан музокалар ўтказилиб, ҳар гал ўз ўрнида қолаверади.
Қирғизистондаги дин эркинлиги

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Бу йил қолган Марказий Осиё давлатлари каби, Қирғизистонда ҳам Рамазон ойи ва рўза 13 апрелда бошланган.
Қирғизистон Мусулмонлар Идораси ҳам Рамазон Ҳайити 13 май куни бўлишини расман эълон қилган
Аммо идора ойнинг кўринишига қараб, бу сана балки бир кунга фарқ қилиши мумкинлиги билан ҳам огоҳлантирган.
Бу мамлакатдаги барча Жомеъ масжидларида Таровеҳ намозлари ўқилди.
Ўш шаҳридаги аксарият масжидларда Қуръон кунига бир порадан, баъзиларида эса уч порадан хатм қилиниб, якунланмоқда.
Қирғизистонда ёш болаларнинг масжидларда жума ва Таровеҳ намозларини ўқишларига қандайдир чекловлар йўқ.
Шунингдек, Ўш шаҳридаги аёллар мадрасаларида ҳам эрталаблари Қуръон хатм қилинмоқда.
Рамазон ойида шаҳарнинг турли мавзеъларида расмийлар ва тадбиркорларнинг хайрия, эҳсон, ифторликлар беришлари бир анъанага айланган.
Аҳолиси олти миллиондан сал кўпроқ Қирғизистоннинг қарийб 83 фоизи мусулмон ҳисобланади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













