АҚШ ва сайлов: Жо Байден айтишича, аёли биринчи хоним бўлишга лойиқ - dunyo, siyoat, yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
АҚШ ва сайлов: Жо Байден айтишича, аёли биринчи хоним бўлишга лойиқ - президентликка демократчи номзод Жилл Байденнинг АҚШ эҳтимолий биринчи хоними сифатидаги фазилатларини мақтади.
Жилл Байден турмуш ўртоғи расман президентликка номзод этиб кўрсатилгач, сешанба куни 1990 йилларда ўзи инглиз тилидан дарс берган бўш синфхонада туриб, Демократик партия катта сьездига мурожаат қилди.
Жо Байденнинг сайловдаги ғалабаси учун гапиргач, унга турмуш ўртоғи ҳам қўшилиб, Жиллнинг АҚШнинг эҳтимолий биринчи хоними сифатида сифатларини мақтади.
"Бутун мамлакатдаги ҳар бирингиз, ўзингизга ишонч уйғотган энг азиз муаллимингизни бир эсланг. Ана ўшандай биринчи хоним... Жилл Байден бўлади," деди Жо Байден.
АҚШнинг биринчи хоними бўлиши мумкин бўлган аёл ҳақида биз нималарни биламиз?
Шахсий ҳаёти
Жилл Жейкобс 1951 йили АҚШнинг Нью-Жерси штатида туғилган; Филадельфия чеккасидаги Толзор даҳасида улғайган беш опа сингилнинг тўнғичи эди.
Жога турмушга чиққунига қадар у собиқ коллеж футболчиси Билл Стивенсоннинг хотини бўлган.
Жо Байден 1972 йили биринчи хотини ва бир ёшли қизини автоҳалокатда йўқотган эди; ўғиллари Бо ва Ҳантер омон қолганди.
Жиллнинг айтишича, у билан Жонинг акаси орқали танишган. Ўша вақтда Жо сенатор, Жилл эса ҳамон коллежда ўқирди.
"Мен юқори курсда ўқир, жинси ва футболка кийган йигитлар билан учрашардим. Жо эшигимизга келганида устида спорт пальтоси ва мокасина бор эди. "Худойим, бу ахир миллион йилда ҳам ишламайди-ку," деб ўйлагандим. У мендан тўққиз ёш катта эди.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост, 1

"Аммо биз Филадельфиядаги кинотеатрга "Эркак ва аёл" фильмини кўргани бордик, бир-биримиз билан яхши чиқишиб кетгандик," деб эслайди Жилл биринчи учлашувлари ҳақида "Vogue"га берган интервьюсида
Унинг айтишича, Жо ундан беш марта ўзига турмушга чиқишини сўрагандан кейин у розилик берган.
"Мен улар [Жонинг болалари] яна бир онадан ажралиб қолишларини истамасдим. Ундай бўлмаслигига 100 фоиз амин бўлишим керак эди," деб тушунтиради Жилл.
Улар 1977 йили турмуш қурдилар. Қизлари Эшли 1981 йили дунёга келди.
Бо Байден 2015 йил майида 46 ёшида мия саратонидан вафот этди.
Байден хоним оиласи ҳақида, сешанба куни Жони президентликка номзоди тасдиқланишигача бошларидан ўтказган қийинчиликлар ҳақида гапирди.
"Агар биз бу миллат тақдирини Жога ишониб топширсак, у биз учун нима қилган бўлса, сизнинг оилангиз учун ҳам шуни қилади - бизни бирлаштиради, бир бутун қилади, оғир дамларда олдинга интилтиради, барчамиз учун Америка ваъдасини адо этади," дейди у.
Муаллимлик касби
69 ёшли Байден хоним ўн йилларча ўқитувчилик қилган.
Унинг бакалаврлик ва иккита магистрлик даражаси бор. 2007 йили Делавэр Университетида педагогика бўйича докторлик даражасини олган.
Вашингтонга кўчгунга қадар у Делавэр штатидаги жамоат коллежида, давлат ўрта мактабида ва психиатрия касалхонасида ўсмирларга дарс берган.
У сешанба куни 1991-93 йилларда ўзи инглиз тилидан дарс берган Брэндиуайн ўрта мактабидаги синфхонада туриб мурожаатини йўллади.
Турмуш ўртоғи вице-президент бўлган вақтда Байден хоним Шимолий Виржиния жамоат коллежида инглиз тили профессори эди.
"Муаллимлик мен қиладиган иш эмас, балки менинг ўзимман," деб, сешанбадаги мурожаатидан аввал "Twitter"да ёзиб қолдирди у.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост, 2

Сиёсат
Эри 2009-17 йилларда вице президент бўлганида Байден хоним АҚШнинг иккинчи хоними эди.
Шу вақт мобайнида у жамоат коллежларини ривожлантириш, ҳарбийлар оилаларини қўллаб- қувватлаш ҳамда кўкрак саратони ҳақида аҳолининг тушунчасини орттириш каби лойиҳалар билан машғул бўлди.
2010 йили у Жамоат коллежлари бўйича Оқ уй саммитига мезбонлик қилди. Саммитда жамоат коллежларининг Америкада ишчи кучини ривожлантиришдаги ролига алоҳида урғу берилган эди.
Жилл, шунингдек, Мишел Обама билан "Кучларни бирлаштириш" лойиҳасини бошлади.
Бу лойиҳадан ҳарбий ветеранлар ва уларнинг оилалари таълим дастурлари ва ишга жойлашиш бўйича ресурслардан фойдаланишини қулайлаштириш кўзланган эди.
2012 йили у катта қизининг ҳарбий оиладаги тажрибасига таяниб, "Унутманг", "Худо аскарларимизни асрасин" номли болалар учун китобларни чоп эттирди.
Жилл 2020 йилги кампанияда турмуш ўртоғининг асосий қўлловчиси бўлди, турли тадбирларда ва маблағ жалб қилиш йиғинларида унинг ёнида турди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













