3 май - Матбуот эркинлиги куни: Ўлдирилган онам учун адолат истаб, курашмоқдаман

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Мэтю Каруана Гализия
- Role, Халқаро Матбуот эркинлиги куни
Бир неча ойда бир марта қотиллик қурбонига айланган онамнинг ўлими юзасидан тергов олиб бораётган шахс билан бир хонада ўтираман.
Оиламиз у билан илк бор бундан олти йил муқаддам - у онамни ҳибсга олишга келганида тўқнаш келган эди.
Ўшанда онам Бош вазир лавозими учун номзодларнинг бири ҳақида ҳажвий мақола чоп этган ва номзоднинг тарафдорларидан бири бу ҳақда полицияга арз қилган эди.
- Би-би-си Ўзбек хизмати ва Ўзбекистон электрон ОАВ миллий ассоциацияси меморандум имзолади
- Ўзбекистон матбуот эркинлиги бўйича яна охирги энг ёмон 20 давлат ичида
- 2018: Очилган Ўзбекистон ва ёпилган Фэйсбук - матбуотдаги трендлар
- Ўзбекистон - 2018: Матбуот эркинлиги учун икки хил йил
- Ҳибсдаги блогерлар: Ўзбекистон Каримов даврига қайтмоқдами?
Шу тариқа детектив ярим тунда қўлида ҳибсга олиш тўғрисидаги ордер билан уйимизга келган эди. Онамни фақат ўз фикрини ноқонуний тарзда изҳор этиш, дея аташ мумкин бўлган жиноят учунгина олиб кетишни исташган эди.
Ўша пайтлар мен дунёнинг бошқа четида ишлардим ва одамлар тунги соат 01.30 да отамнинг кўйлагини кийиб олган онамнинг полиция маҳкамасидан озод этилаётгани тасвирга туширилган видеоларни менга жўната бошлаганди.
Бир неча соатдан сўнг онам бу таҳқир тўғрисида яна интернетда ёза бошлаган ва бир вақтнинг ўзида ҳам янги Бош вазирнинг восвослиги, ҳам ўзининг ташқи кўринишини кулги остига олган эди.
«Кўринишим бутунлай тартибсиз бўлганидан узр сўрайман. Одамкушлар тўдаси ярим тунда сени ҳибсга олгани келганда… сочингни тараш, юзингга упа сепиш ва ўзингга мос кийим танлаш хаёлингга келадиган энг сўнгги фикр бўлади,» деб ёзган эди у.
Энди эса, ўша тунда онамни олиб кетган айни детектив унинг қотиллиги юзасидан давом этаётган терговга бошчилик қилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳалок бўлган куни онам, Дафна Каруана Гализия, вазирлардан бирининг сўрови билан музлатиб қўйилган ҳисоб рақамини қайтадан очтириш мақсадида банкка кетаётган эди.
У эндигина 53 ёшга кирган ва ўзининг 30 йиллик журналистлик фаолиятининг чўққисига кўтарилган эди.
Кучи тротил эквивалентида ярим килога тенг бўлган портловчи қурилма машина ўриндиғи остига жойлаштирилиб, масофадан туриб ишга туширилган эди.
Ҳукумат тарафдорлари онамнинг ўлимидан хурсандлигини яширмай, бу хабарни очиқчасига нишонлаган ва бу ҳолат менга Турк-Арман газетаси муҳаррири Ҳрант Динкнинг отиб кетилиши воқеасини эслатиб юборганди.
Бошқалар эса бу қотилликни менинг ўзим режалаштирганим ёки онам ўз ихтиёри билан жонини хатарга қўйганини тахмин қилганди.

Дафна Каруана Гализиянинг ўлдирилиши
- 2017 йил, октябр: Журналист Дафна Каруана Гализия машинасига ўрнатилган бомбанинг портлаши оқибатида ҳалок бўлади
- Бош вазир Жозеф Мускат бу қотилликни «ёввойилик» дея тасвирлайди. Яқинидан айрилган оила Малта ҳукумати раҳбарларининг дафн маросимида иштирок этишига йўл қўймайди
- 2017 йил, декабрь: Қотилликка алоқадорликда гумонланиб, уч нафар эркак қўлга олинади ва прокурорлар уларнинг ёлланма қотиллар экани эҳтимоли юзасидан тергов ишларини бошлайди
- 2018 йил, июль: Малта ҳукумати томонидан тайинланган текширув натижасида Дафна Каруана Гализия томонидан Бош вазир ва унинг рафиқаси номига илгари сурилган коррупция даъволари рад этилади
- 2018 йил, август: Дафна Каруана Гализиянинг оиласи Малта ҳукумати унинг ўлимининг олдини олиб қола олармиди ёки йўқлиги юзасидан оммавий текширув ташкил этишни талаб қилади

Нега бундай қотилликлар шунчалик муҳим аҳамиятга эга?
"Далиллар ва фикрларнинг эркин оқими, журналистлар уюшқоқлиги ва маҳорати янада адолатли ва эркин бўлган жамиятларни яратади," таъкидлаган эди укам европалик дипломатлар йиғинида.
Онамизнинг ҳалок бўлишидан сўнг қалбимизни ёритиб турган ягона нарса турли инсонлар изҳор қилаётган дастак, қайғу, ҳамдардлик ва афсус ҳислари бўлди.
Бундай эътибор мени ҳайратга солди ва туйқус бир дўстимнинг айтганлари ёдимга тушди: «Яхши одамлар ҳар ерда бор; фақат сен уларни топишинг лозим.»
Ҳар ким очиқ ва эркин, қонун ҳамма учун баробар ва инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган жамиятда яшашни истайди. Бироқ бошқа орзулар каби бу истак ҳам бир ёнади ва сўнади.
Онамнинг ўлимидан сўнг ака-укаларим, отам ва мен олдимизга қўйган мақсад жуда улкан: унинг қотиллиги юзасидан адолатни қарор топтириш, тергов ишларининг адолатли ўтишини таъминлаш ва бундай фожиа бошқа ҳеч қачон такрорланмаслигига ишонч ҳосил қилиш.
Энди эса, ҳаммаси учун жуда оз вақт қолди.
Оила даврасида, баъзида, биз бошқалар, айниқса, юқори мансабларда ўтирган шахсларнинг лоқайдлиги ва сусткашлигидан сабр косамиз қанчалик тўлиб бораётгани ҳақида суҳбатлашамиз.
Уларнинг худбинлиги ва ялқовлигига қарши кескин муносабат билдирмасликдан ўзимизни базўр тиямиз.

Сурат манбаси, Getty Images
Машинага ўрнатилган бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлган турк журналисти Угур Мумчининг фарзандлари менга полиция бошлиғининг терговдаги сусткашликларни қандай хаспўшлаганини айтиб берган эди: «Қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Қаршимизда ғиштин девор турибди.»
Уларнинг онаси бу важга шундай жавоб қайтарган экан: «У ҳолда, девор йиқилмагунча, ғиштларни бирин-кетин олинг.»
Биз ҳам онамиз ўлимидан бери айнан шундай қилмоқдамиз.
Биз маданиятнинг ўзгаришига таъсир ўтказяпмиз ва шунчаки давлатни ўз бурчини адо этиш ҳамда адолатни таъминлашга мажбурлаш орқали сўз эркинлигига бўлган ҳурматни оширмоқдамиз.
Биз «кишанга солинган ҳурлик» касалига қарши курашаётганларга қўшилдик ва дунёни инсон ҳуқуқларини янгича қарашда ҳурмат қилишга ўргатиб келмоқдамиз.

Сурат манбаси, Getty Images
«Эркинлик онг озодлигидан бошланади,» деган эди ёзувчи Ямин Рашид 2017 йил Малдив оролларидаги уйи ташқарисида пичоқлаб ўлдирилишидан беш кун муқаддам.
«Онг озодлигига эришмай туриб, бошқа эркинлар билан нима ҳам қила оласиз?»
Худди онам сингари унинг ўлими ҳам бизнинг мамлакатларимизда бундай эркинликларга нисбатан заррача ҳурмат мавжуд эмаслигини намоён этган эди.
Эркинлик учун курашиш фақат биздек ўлдирилган ва зиндонга ташланган журналистларнинг оила аъзолари ва дўстларига боғлиқ эмас.
Бундай оғир юк бизнинг гарданимизга тушган, аммо уни ёлғиз ортмоқлашга ожизмиз. Бизга дунёнинг ҳар еридан яхши одамлар қўшилиши зарур.

Жаҳон матбуот эркинлиги куни
- Жаҳон матбуот эркинлиги куни 1993 йилда БМТ томонидан жорий этилган ва ҳар йили 3 майда нишонланади
- Жаҳон матбуот эркинлиги кунининг бу йилги мавзуси ёлғон хабарлар замонидаги журналистлик ва сайловлардир
- Бу куннинг мақсади жаҳондаги матбуот эркинлигини нишонлаш, муҳофаза қилиш ва баҳолаш, жумладан, ўз хизмат бурчини бажариш давомида ҳалок бўлган журналистлар хотирасига ҳурмат бажо келтиришдан иборат
- Халқаро Журналистлар Федерациясига кўра, ўтган йилда 95 нафар журналист ва матбуот ходимлари қасддан содир этилган қотиллик, бомба ҳужумлари ёки отишмалар қурбонига айланган

Биздек инсонлар кўп эканини яхши биламан. Саудиялик колумнист Жамол Хашоқжи бутун дунё қалбини эгаллаганини бир эслаб кўринг.
Биргина шахснинг унга нисбатан нафрати журналистнинг ўлдирилишига кифоя бўлган эди.
Барча қотилликлар, жумладан, онамнинг ўлимида ҳам давлатнинг жавобгар шахсларни қонун олдида жазога тортишга етарлича ҳаракат қилмаётгани яққол кўзга ташланади.

Сурат манбаси, Getty Images
Шундай қилиб, биз илк ғиштни олиш билан ҳаракатни бошладик: Малта ҳукуматидан нега у мамлакатдаги энг муҳим журналистнинг ўлими олдини олиб қололмагани юзасидан оммавий текширув ташкиллашни талаб қилдик.
Шундан сўнг иккинчи ғиштни кўчириш билан ҳаракатда давом этамиз.
Ҳар куни қанийди онам ватани учун ўз жонини қурбон бермаганда эди, дея ўйлайман.
Қамоққа ташланган озарбайжонлик журналист Хадича Исмоилова айтганидек: «Агар биз чиндан севсак, ўз яқинларимизни аслича бўлишини истаймиз. Ва Дафна шундай эди - жангчи ва қаҳрамон.»
Онам ўзининг ўлими Малта ва бутун дунёда минглаб жасорат амалларини руҳлантирганини энди ҳеч қачон билмайди.
Ва мен ҳар биримизнинг у ёки бу йўлдаги амалларимиз бошқа жасур журналистлар бошига онамнинг тақдири тушишидан сақлаб қолсайди, дея доим ўйлайман.

Мақола ҳақида
Мэтю Каруана Гализия тадқиқотчи журналист ва 2017 йил октябр ойида машинага қўйилган бомба портлаши ортидан ҳалок бўлган журналист Дафна Каруана Гализиянинг ўғлидир.















