Нобел билан мукофотланган Надия Мурод ким?

Nadiya Murod

Сурат манбаси, EPA

"Исломий Давлат" жангарилари томонидан қийноққа солинган ва зўрланган ироқлик язидий Надия Мурод кейинчалик язидийларни озод этиш ҳаракати юзига айланган ҳамда инсоният олдидаги хизматлари учун юксак мукофотга сазовор бўлди.

Мурод хонимни 2014 йилда ИШИД асирга олиб, у уч ой давомида жангарилар қўлида зўрланади. "Исломий Давлат" бостириб киргунга қадар язидий аёл оиласи билан Ироқ шимолида яшар эди.

У қул сифатида сотилиб, бир неча марта қўлдан қўлга ўтади ва тутқунлик давомида жинсий ва жисмоний зўрликка юз тутади.

2014 йил ноябрь ойида асирликдан қочишга муваффақ бўлган аёл Язидий одамларининг озод этилиши ва қулликка барҳам бериш йўлида ҳаракат бошлайди ҳамда бутун дунёни зўрлашни уруш қуроли сифатида эътироф этиб, унга қарши қатъий чоралар кўришга чақиради.

Надия Мурод тинчлик бўйича Нобел мукофотини қўлга киритган биринчи ироқлик сифатида тарихдан жой олди.

Тутқунлик

Исломий Давлат жангарилари Ироқ шимолида, Сурия чегарасига яқин жойда жойлашган қишлоғига бостириб кирганда у энди 21 ёшда эди. Жангарилар Исломни қабул қилишдан бош тортганлар, хусусан, Надиянинг олти ака-укаси ва онасини қатл этади.

Асирга тушгандан сўнг у "Исломий Давлат"нинг «пойтахти» бўлмиш Суриянинг Мосул шаҳрига олиб кетилади.

Бу ерда аёл Ислом динини қабул қилишга мажбурланади ва қул сифатида бир неча бор сотилади.

2017 йили у ўз бошига тушган оғир синовлар тўғрисида шундай ёзган эди: «Баъзи вақтлар бўлардики, зўрланишдан бошқа ҳеч нарса кўрмас эдим. Бу одатий кун тартибига айланган эди.»

У асирликка олинган илк вақтидан бошлаб қочишга урингани, аммо яна қўлга тушиб қолгани ҳақида 2016 йилдаги Би-би-си билан суҳбатида ҳикоя қилиб берган эди.

Қочиш

Унинг сўзларига кўра, ИШИД жангарилари қўлидан қочишга уринган ҳар қандай аёл янада оғир қийноқларга дучор бўлади. Қочиш давомида қайта қўлга тушиб қолгандан сўнг Мурод хонимни кичик хонага қамаб қўйишган ва у жазо сифатида жамлоқдаги барча эркаклар томонидан зўрланган.

Мурод хоним буни жангарилар «жинсий жиҳод» деб аташи ҳақида сўзлайди.

У бундай азоблардан сўнг қочиш борасида бошқа ўйлашга ҳам қўрқиб қолганини маълум қилади.

Орадан бироз вақт ўтиб, Мосулда уни тутиб турган эркак Мурод хонимни яна кимгадир «сотишини» айтади. Вазиятдан фойдаланган аёл жамлоқдан чиқиб олишга муваффақ бўлиб, учраган биринчи эшикдан ёрдам сўрайди.

Бу уйда яшовчи ўзининг ИШИДга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилган оила уни шаҳардан чиқиб олишида ёрдам қўлини чўзади. Сўнг аёл Ироқ Курдистонини кесиб ўтиб, бошқа язидийлар билан бирга қочқинлар жамлоғидан бошпана олади. Кейинроқ Мурод хоним Европага бош олиб кетди ва ҳозирда Германияда яшаб келмоқда.

Эътироф

У "Исломий Давлат" қўлида асирликда қолиб келаётгани ишониладиган минглаб аёлларнинг озодлиги йўлидаги ҳаракатини давом эттириб келмоқда.

Мурод хоним 2016 йилда Европа Кенгаши томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича Ватслав Ҳавел мукофотига муносиб кўрилган. Кенгаш, шунингдек, унинг Страсбургда сўзлаган нутқи асосида "Исломий Давлат"ни қилмишлари учун жазоловчи халқаро суд ташкил қилишга чақирган.

Ўша йилнинг ўзида Надия Муродни Европа Парламенти Фикр Эркинлиги учун Сахаров мукофоти билан ҳам тақдирлаган.

2017 йилда аёл БМТнинг одам савдоси қурбонлари бўйича илк яхши ният элчисига айланган.

Ваҳшийликлар қурбонига айланган инсон илк бора шундай алоҳида эътирофга лойиқ кўрилмоқда, дея маълум қилган эди БМТ ўша пайтда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek