Би-би-сига айтаман: “Телевизорми ёки дилбузарми?!”

“Ақлли” телевизорларда овозларни ёзиб олиш функцияси мавжудлиги тасдиқланди, деб хабар килади kun.uz . Бундай телевизорлар фойдаланувчилар ҳақидаги шахсий маълумотларни турли ташкилотларга юборар эмиш.
Мана шу хабарни ўқигач, 3 кундан бери ўзимга кела олмаяпман, дилим хира. Оғзи куйган киши, қатиқни ҳам пуфлаб ичади деганларидек, камина ҳам ўз соясидан қўрқадиган бўлиб қолганига анча замонлар бўлган. Демоқчи бўлганим, камина чойхона-пойхонага борганда, улфатлар у-бу нарса ҳақида куйиниб гапирса, дарров “иммунитет” ишга тушиб, шерикларни “келинглар, шу сиёсатдан гапирмайлик..,” деб хушёрликка чақириб туришга шартли рефлекс оттирган. Нима гапим бўлса уйда ТВни юзига баралла овозда айтишга ўрганиб қолганман. Аслида, шунақа “шартаки” инсонман ўзи, ишонаверинг! Кўча-куйда, ишхонада, ҳаттоки хотинга ҳам айтиб бўлмайдиган “дардларимни”, шу телевизор билан бемалол бўлишардим. Ичим бўшагандан кейин, онадан янги туғилгандек, ўзимни енгил тортиб яна кундалик майда-чуйда ишимда давом этардим, шу хабарни ўқишга қадар, албатта.
Одатда, нималар дейишимни тасаввур қилиш ўзингизга ҳавола, чунки менда кабел ТВ йўқ, фақат маҳаллий каналларни томоша қиламан.
Асосий кириш сўзларим “олааа, йўғеэээ, ээээ…қ-о-йииил…”. У ёғи болахонадор бўлиб ўзидан-ўзи бетўхтов қуйилиб келаверади. Ҳар ҳил “узун қулоқ гапларга” қараганда, “Малибу” русмли машинага эшитиш чиплари ўрнатилган деган сўзлар авваллари ҳам қулоққа чалингандек бўлганди. Лекин уларга эътибор бермасдим. Сабаби бундай қиммат машинани камина ҳаттоки тушида ҳам сотиб ололмайди.
Энди-чи, телевизорнинг овозингни ёзиб олиб жўнатиши... буниси ошиб тушди лекин. Чидаб бўлмайдиган хабар...
Демак, эндиликда шу ягона қувончим бўлмиш “сўз эркинлигимни” ҳам кўра олишмаяптими?!
Нима қилишни билмай одам гаранг, бу ёғига қандай қилиб ични бўшатишга... Ундан ташқари, хавотир ҳам босмоқда, ҳали йиллаб айтиб келган “эркин фикрларимни” ёзиб олиб керакли жойга жўнатган бўлмасин тағин, бу дилбузар қурғур. “Ақлли” бўлган ойнайи-жаҳонингга ҳам ўт тушсин! Пешона теринг билан топган пулингга ўзингга қарши айғоқчи “қулоқ” сотиб олсанг-а киши?! Энг ишонган «сирдошинг» оркадан пичоқ уриб турса-я! Бунақада ўзингга бўлган озгина ишончни ҳам йўқотасан киши. Қанақа замонларга қолдик-а ўзи?!
Хуллас, бу рақобатчи компанияларнинг бир уйдирмаси деб умид қилиб қолишдан бошка чорамиз йўқдек кўринади. Ёки бўлмаса уйдаги бор аппаратурани қайнаб турган қозонга ташлашдан бошқа иложи қолмаяпти, шекили?! Сиз нима дейсиз?
Ашаддий телемухлис
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












