ЎИҲга аъзоликда айбланганларга чиқарилган ҳукм ўз кучида қолди

Ўзбекистон дунёда диний эркинликлар энг кўп топталувчи мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон дунёда диний эркинликлар энг кўп топталувчи мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Қашқадарё вилояти маҳкамаси "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"га мансубликда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган шахсларга чиқарилган жазони ўз кучида қолдирган.

Бир ярим ой муқаддам "Эзгулик" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти чиқарган хабарга кўра, олти шахс 9 йилдан 15 йилга қадар озодликдан маҳрум этилганди.

Жазога тортилганлар орасида икки нафар ёш аёл бўлиб, улардан бири Лолахон Қудратовага 11 йил, Нигора Эрназаровага 9 йил қамоқ жазоси тайинланган эди.

"Эзгкулик" хабарида таъкидланишича, уларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг Терроризм, конституциявий тузумига тажовуз қилиш ҳамда диний экстремистик ташкилотлар тузиш ва уларда иштирок этиш бўйича ҳукм ўқилганди.

Ўтган сешанба куни олти нафарга тайинланган дастлабки ҳукм устидан берилган аппелация шикояти яна Қашқадарё жиноят судида кўриб чиқилган, бироқ ҳакам уни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида ажрим чиқарган.

Аёл айбланувчилар яқинларининг Би-би-сига маълум қилишларича, дастлабки маҳкамадан сўнг улар Ўзбекистон президенти, Бош прокуратураси, Миллий Хавфсизлик Хизмати ва бошқа тегишли жойларга шикоятлар билан мурожаат қилишган, аммо "биронта жойдан шикоятларига эътибор бўлмаган".

Аппелация маҳкамасида айбдорлар ва уларнинг ҳимоячилари ҳакамдан терговни олиб борган гуруҳ аъзоларини маҳкамага чақириб, айбланганларнинг "лоаққал битта айбини исбот қилиб беришларини талаб қилишган".

Бироқ ҳакам уларнинг талабини қониқтирмаган.

Адвокатларнинг маълум қилишларича, маҳкамада сўзлашга изн берилган Лолахон Қудратова "ҳеч қачон" намоз ўқимагани ва унинг оиласида ҳам намозхонлар бўлмаганини айтган, аммо ҳакам: "Сиз нега намоз ўқимасликка ташвиқот қиласиз?", - дея у келтирган важларни рад этган.

Нигора Эрназарова эса унга қайси айби учун "шунча йил қамоқ жазоси берилаётганини тушунтириб беришни" сўраган, бироқ ҳакам унинг талабини ҳам инобатга олмаган.

Бошқа айбланувчилар уларга нисбатан қўйилган айбловларга "биронта далил, исбот ёки ашёвий далил" кўрсатилмаганини, "терговчилар оқ қоғозга калтаклаб" имзо қўйдириб олганликларини айтганлар.

Бироқ бу даъволар ҳам ҳакам тарафидан инобатга олинмаган.

Айбланувчилар яқинлари энди "халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига ва БМТ инсон ҳуқуқлари комиссариатига шикоят билан мурожаат" ниятида эканликларини билдирганлар.