Қозоғистонда ичида 100 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ағдарилган

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида Москвадан Тошкентга қараб кетаётган “Мерседес” русумли автобус ағдарилган.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, автобус ичида тахминан 100 нафар ўзбекистонлик бўлган.
Якшанба куни маҳаллий вақт билан 21:25 атрофида автобус йўлдан четган чиқиб кетган ва ағдарилган.
Ҳалокат натижасида 10 нафар йўловчининг жароҳат олгани айтилмоқда.
Қозоғистон ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияга қуруқлик орқали қатнашда асосий йўли ҳисобланади.
Энг арзон транспорт воситаси бўлмиш автобус хизматидан меҳнат муҳожирлари кенг фойдаланади.
Қозоғистон йўлларида одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келувчи йирик автоҳалокатлар тез-тез содир бўлиб туради.
Ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги, рулда ухлаб қолиши, йўл сифатининг ёмонлиги ва аксар йўлларнинг фақат икки йўналишга эгалиги ҳалокатларга бош сабабчи қилиб кўрсатилади.












