Дайжест: Ўзбекистон иқтисоди ниманинг ҳисобига ўсмоқда? Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи бўлиб қолишдан манфаатдор

Жаҳон Банки янги ҳисоботи маълумотлари

Сурат манбаси, .

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Жаҳон Банки 2024 йилдаги иқтисодий ўсишга бағишланган янги ҳисобот эълон қилди, унда Европа ва Марказий Осиёдаги 20 мамлакат орасида Ялпи Ички маҳсулот ўсиши энг юқори бўлиши кутилаётган уч мамлакатдан бири Ўзбекистон деб кўрилади.

Жаҳон Банки 2024 йили ЯИМ ўсиши Грузияда 7,5%, Тожикистонда 7,2%, Ўзбекистонда эса 6 фоизни ташкил этади, деб башорат бермоқда.

Ўсиш сабаблари, банкки кўра, маошлар ортгани натижасида хусусий истеъмолнинг кучайгани, давлатнинг аҳолига тўловлари кўпайгани ва инфляциянинг секинлашганидир.

Жаҳон Банкига кўра, ватанидан четда даромад топиб мамлакатига пул юбораётган муҳожирларнинг ўтказмалари 2020 йилдаги Ковид пандемиясидан олдинги даражадан ортди, бу ҳам иқтисодиётлар ўсишига ўз улушини қўшаяпти.

"Минтақа мамлакатлари юқори даражадаги инфляция, Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатлари ва минтақанинг асосий экспорт бозори бўлган Европа Иттифоқидаги иқтисодий фаоллик даражасининг секин ўсиши ортидан юзага келган сўнгги шокларни муваффақиятли енгиб ўтдилар", деди Жаҳон Банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани.

Иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатаётган омиллардан яна бири туризм экани қайд этилади.

Жаҳон Банки таҳлилларига кўра, хорижий сайёларнинг сони Ковид пандемиясидан олдинги даражадан ҳам юқорилаган.

Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомини сақлаб қолишдан манфаатдор

Акмал Саидов ва Содиқ Сафоев

Сурат манбаси, Telegram/Xalqaro hamkorlik tashabbuslari haftaligi

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи давлат сифатида қолади, деб айтди.

Акмал Саидов бу ҳақда Тошкентда ўтган Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги деб номланган тадбирда айтган.

"Мен Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш имкониятларини ўрганиш бўйича парламент комиссияси раҳбариман. Биз ушбу ташкилотнинг мингдан ортиқ турли ҳужжатларини синчиклаб ўрганиб чиқдик ва бугун шундай хулосага келдик - Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомини сақлаб қолишдан манфаатдор", деган Акмал Саидовнинг сўзларидан иқтибос келтирди Fergana Media веб-нашри.

Акмал Саидов айтишича, Қозоғистон ЕОИИга қўшилишдан жуда кам фойда олган.

Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририда мустаҳкамлаб қўйилган ва уларга қатъий амал қилинади, деди Акмал Саидов Fergana Media мухбирига.

Ўзбекистоннинг Россия етакчилигидаги ташкилотга қўшилмаслиги баёноти Қозоғистоннинг BRICS ташкилотига қўшилиши таклифини қабул қилганлари, бироқ унга қўшилмасликлари баёноти ортидан янгради.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Содиқ Сафоев: Ўзбекистон минтақавий мавқеъга эга давлатга айланаяпти

Тошкентдаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги деб номланган тадбирда Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев ва Қуйи Палата спикери биринчи ўринбосари Акмал Саидовга "Ўзбекистон ўн йилдан кейин қандай бўлиши керак?", деган савол берилди.

"Бутун дунё олдида турган муаммолар бевосита Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Масалан, экология муаммоси, тўртинчи саноат инқилоби ва бошқалар. Трансмиллий, трансчегаравий таҳдидлар минтақани, шу жумладан Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтамаётган, безовта қилаётган масала. Лекин бизда ички муаммолар ҳам бор. Мисол учун, иш ўринлари яратиш, инвестицияларни кўпайтириш, таълим сифатини янги поғонага кўтариш. Буларсиз ҳеч бир мамлакат ривожлана олмайди. Ўн йилдан кейин Ўзбекистон қандай бўлиши керак, дедингиз. Аввало, бу саволга мамлакатимиз стратегиясини ишлаб чиқиш орқали жавоб беришга ҳаракат қилганмиз. У — "Ўзбекистон 2030" стратегияси. Унинг мазмунини мухтасар қилиб айтсак, Ўзбекистонни сиёсий-иқтисодий жиҳатдан модернизация қилишни ўз ичига олади. Агар биз шунга эришсак, рақобатбардош, энг ривожланган давлатлар сафига кирамиз. Иқтисодий, сиёсий трансформация даврида ўзлигимизни йўқотмаган ҳолда Ўзбекистонни ривожлантириш устувор вазифа. Инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳурмат қилинган, моддий ва номоддий эҳтиёжлар тўлиқ таъминлаган мамлакатга айланиш барчамизнинг орзумиз", деди Содиқ Сафоев.

Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раиси ўринбосари, собиқ ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев, Ўзбекистон минтақавий мавқеъга эга (регионалная держава) давлатга айланаяпти, деди.

"Ўзбекистон ўз мавқеъи бўйича Марказий Осиё ва ундан кенгроқ ҳудудларга таъсир кўрсата олади. Буни мисоллари кўп. Айтайлик, Марказий Осиёда муҳитнинг ўзгариши. Биз бугун Марказий Осиё руҳи ҳақида гапиряпмиз. Агар 5-6 йил олдин минтақада стратегик мавҳумлик, қаёққа қараб кетаётганимиз, ҳарбий можаролар бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирилган бўлса, бугун барча инсонлар айтяптики, Марказий Осиё дунёдаги ягона тинч ва барқарор ривожланаётган минтақа", деди жаноб Сафоев.

"Ўзбекистон ўн йилдан кейин қандай бўлиши керак?", деган саволга Акмал Саидов Ўзбекистон минтақадаги етакчилик ролини сақлаб қолади дея жавоб берди.

Ўзбекистоннинг кейинги ўн йиллигини жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан айро кўриш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам БМТ томонидан қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича "Ўзбекистон 2030" стратегияси қабул қилинган. Ҳужжатни миллий йўл харитаси деб баҳолаш мумкин. Шу стратегия асосида 2030 йилгача Ўзбекистонни дунёдаги ўрта даражада ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш мақсад қилинган. Бунда иқтисод, сиёсат ва маданият биргаликда ривожлантирилади. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчилик ролини 10 йилдан кейин ҳам сақлаб қолади деб ўйлайман", деди Акмал Саидов.

11 октябр. Дайжест: Ифлос ҳаво Тошкентда 3000 инсон бевақт ўлимига сабаб бўлмоқда

Тошкентнинг чангга ботган кўчаси

Сурат манбаси, BBCuzbek.com

Сурат тагсўзи, Сўнгги йилларда пойтахт Тошкент "чангга ботди"

Жаҳон Банки Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида пойтахт ҳавоси сифатига бағишланган ҳисобот эълон қилди.

Ҳисобот "Тошкент шаҳридаги ҳаво сифатини баҳолаш ва Ўзбекистонда ҳаво сифатини бошқаришни такомиллаштиришнинг "йўл харитаси" деб номланган.

Алоқадор мавзулар:

"Дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ҳаво сифати билан боғлиқ касалликлар ва бевақт ўлим ҳолатларининг аксарияти диаметри 2, 5 микрон (ПМ2, 5) бўлган муаллақ заррачалар туфайли юзага келади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) уларни аҳоли саломатлигига энг катта хавф туғдирадиган ифлослантирувчи сифатида тан олган", дейилади ҳисоботда.

"Ўзбекистон ҳукумати ҳам ҳаво сифатини бошқариш жараёни маҳаллий, миллий ҳамда минтақавий даражада ҳамкорликдаги, комплекс ва тармоқлараро саъй-ҳаракатларни талаб қиладиган жиддий муаммо эканлигини тан олади. Хусусан, 2024-йил 21-майда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТ тавсияларига мос келадиган бино ичидаги атмосфера ҳавоси сифати бўйича янги ПМ2, 5 стандартини қабул қилди. Бу мамлакатдаги ҳаво сифатини яхшилашга қаратилган дастлабки мақсад ва муҳим қадам", дейилади ҳисоботда.

Жаҳон Банки ҳисоботида Ўзбекистонда ҳаво сифатини яхшилашнинг "йўл харитаси" келтирилган.

"Йўл харитаси" ҳаво сифати стандартлари ва тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни янгилаш, ҳаво сифатини бошқариш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ҳамда зарур мувофиқлаштириш механизмини яратишни ўз ичига олган устувор ҳаракатларни тавсия қилади.

Ҳисоботда ҳаво сифатини яхшилаш бўйича давлат сиёсати чора-тадбирлари, жумладан, ҳавонинг ифлосланишига энг катта ҳисса қўшаётган саноат, транспорт ва иссиқлик соҳаларида кўрилиши зарур чора-тадбирлар, шунингдек, шамол ташиб юрадиган чангни камайтириш чоралари тавсия этилган.

"Док-1 Макс" жабрланувчилари мурожаат билан чиқдилар

Док 1 дориси

Сурат манбаси, Screenshot/DXX

Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компаниясининг «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дори воситаларидан фарзандларидан айрилган ва боласи саломатлигини йўқотган ота-оналар суд ҳукми ижро этилмаётганини билдирдилар.

Хусусан, суднинг жабр кўрган оилаларга товон пули тўлаш масаласи қандай амалга оширилиши номаълум қолмоқда.

2022 йилнинг охирги тўрт ойи мобайнида Ўзбекистоннинг турли бурчакларида гўдаклар «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дори воситаларини қабул қилганларидан сўнг шифохонага тушдилар.

Ўзбекистон расмийлари хабар қилган маълумотларда ичида заҳарли модда бўлган дорилар 78 болани ўлдирган, камида 18 бола ногирон бўлиб қолган.

Шу йил февралида «Док-1 Макс» иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди, 23 шахсга нисбатан жазолар белгиланди.

Суд вафот этган 68 бола ва саломатлиги ёмонлашган тўрт бола оиласига 1 миллиард сўмдан, қолганларга 500 миллион ва 200 миллион сўмдан товон пули тўлаш қарорини чиқарган.

Аммо Ўзбекистондаги gazeta.uz нашрига мурожаат қилган ота-оналарнинг айтишларича, атиги 2,5 миллиард сўм жабрланувчилар оилаларига тақсимлаб берилган, қолган товон пулини қандай ундириш номаъқул қолмоқда.

Туркия дарсликларида Марказий Осиё Туркистон деб аталади

Туркий Давлатлар ташкилоти раҳбарлари

Сурат манбаси, President.uz

Туркия Маориф вазирлиги тарих бўйича дарслик дастурларига муҳим ўзгартириш киритишга қарор қилингани ҳақида хабар берди.

Энди "Марказий Осиё" атамаси "Туркистон" номи билан алмаштирилади.

TRT канали ёзишича, экспертлар ушбу қадам янги авлодда миллий ўзлик ва ватанпарварликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини айтганлар.

Ўзбекистон 2019 йили аъзо бўлиб кирган Туркий Давлатлар ташкилоти ўзаро алоқалари янада мустаҳкамланиб бораётганини қайд этадилар, ташкилотнинг сўнгги норасмий учрашуви Озарбайжон Қорабоғида бўлди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002