68 гўдак ва Док-1 Макс: “Ажал сиропи” иши бўйича ҳукм ўқилди, марҳум болалар яқинлари жами 75 миллиард сўм олади

Сурат манбаси, Skrinshot/DXX
26 февраль куни етти ой давом этган Док-1 Макс сиропи билан боғлиқ жиноят иши бўйича суд қарори ўқиб эшиттирилди. Асосий фигурантлар 16 йилдан 20 йилгача қамалди, марҳумларнинг яқинларига 1 миллиард сўмгача товон пули ундириладиган бўлди
Душанба куни Тошкент шаҳар судида 68 боланинг ўлимига олиб келган Док-1 Макс ва Амбронол дори воситалари билан боғлиқ суд иши якунига етган.
Судья Мусо Юсупов қарийб бир соат ўқиб эшиттирган қарорда мазкур ишдаги асосий фигурантлардан бўлмиш Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ раҳбари Сардор Кариевга 18 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлангани маълум қилинди.
Унинг икки ўринбосари 16 йилдан озодликдан маҳрум этилган.
Док-1 Макс дорисини Ўзбекистонга олиб кирган Quramax Medical МЧЖ директори Рагневдра Пратар 20 йилга қамалди.
Тайинланган жазоларни умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Суд қарори билан Док-1 Макс туфайли вафот этган 56 нафар боланинг қонуний вакилларига 1 миллиард сўмдан товон тўлаб бериладиган бўлди.
Яна тўрт нафар жабрланувчига 500 миллион сўм, 8 нафар жабрланувчига эса 200 миллион сўмдан товон пули ундириб берилиши билдирилган.
Шу тариқа болаларнинг қонуний вакилларига тўланиши зарур бўлган товон пулининг умумий миқдори 75 миллиард 600 миллион сўмни ташкил этади.Ушбу маблағ Кариев ва Пратар дохил етти судланувчи ҳисобидан солидар тартибда ундирилиши белгиланган.
- Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонга: Йўтал сиропларини болаларга берманг!
- Ўзбекистон: Болаларни порахўрлик ўлдирдими?
- Ҳиндистонда ҳибслар: Ўзбекистон хавфли сохта дориларга қандай рухсат берган? Янгиликлар Дунё
- “Ўлим дориси”, Ўзбекистон: “Одамлар сироплардан қўрқиб қолди” - хавфли дорилар қандай йиғиб олинмоқда? Видео янгиликлар
Етти ойга чўзилган суд
65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани айтилган Док-1 Макс йўтал сиропи ва Амбронол сироп дори воситаси билан боғлиқ иш ўтган йил август ойида суд томонидан кўриб чиқила бошланган эди.
Суднинг дастлабки босқичида ҳалок бўлган болалар сони 65 нафар бўлган бўлса, ноябрь ойига келиб, 66-ўлим ҳақида хабар берилди.
Январь ойида эса умумий ҳисобга яна икки ўлим қўшилиб, препаратдан заҳарланиш оқибатида жами 68 бола ҳалок бўлгани маълум бўлган.
Заҳарланиш ортидан 16 бола оғир, 2 бола енгил жароҳат олгани айтилган.
Бу вақтга келиб, судланувчилар сони ҳам 17 нафардан 23 нафарга етган - 18 эркак ва 5 аёл.
Мазкур суд нафақат болалар ўлимига сабабчи кўрилган жиноят ишини кўриб чиққани, балки унда жабрланувчи ота-оналар йирик товон пуллари даъво қилгани билан ҳам эътиборга тушган.
Масалан, 5 яшар фарзандини даволатиш учун $35 мингдан ортиқ маблағ харажат қилганини иддао қилган ота 8 миллиард сўм товон пули сўраган бўлса, фарзанди вафот этган наманганлик ота 500 миллиард сўм товон пули талаб этгани хабар қилинган.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Ҳимоячилар жабрланувчилар ҳаддан зиёд йирик миқдорда товон пуллари талаб қилаётгани ҳақида гапирган.
Давлат айбловчиси эса суддан ҳалок бўлган 68 бола ва оғир жароҳат олган 16 боланинг қариндошлари учун 100 миллион сўмдан, 2 нафар енгил жароҳат олган бола учун 20 миллион сўмдан пул ундириб беришни сўраган.
Ҳаммаси қандай бошланган эди?
2022 йил 21 декабрь куни Интернет ижтимоий тармоқларида Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачининг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Даврон Жуманиёзов номига йўллаган ташвишли хати тарқалди.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
15 декабрга оид хатда сўнгги икки ойдан бери марказга келаётган болаларда буйрак билан муаммолар кўпроқ учрай бошлагани ва бу ҳолатга Док-1 Макс препарати сабаб бўлаётгани ҳақида сўз боради.
Ички хатда даҳшатли рақамлар келтирилган: ўтган икки ой ичида ушбу препаратни ичган 21 боланинг 15 нафари ҳаётдан кўз юмган.
"Бемор болаларда, асосан, анурия кузатилган. Булардан 17 тасида касаллик ниҳоятда оғир кечди. Ҳатто, бир нечта гемодиализ сеансларини ҳам ўтказишга тўғри келди. 15 нафарида ўлим ҳолати кузатилди", дея ташвиш билдирилган марказ бош врачи Маматқул Азизов имзолаган хатда.
Бу хабар тез орада ижтимоий тармоқда акс-садо берган.
Декабрь охирига келиб, сироп қабул қилиш ортидан ҳалок бўлган болалар сони 19 нафарга етган.

Сурат манбаси, .
Ҳиндистонда жойлашган ишлаб чиқарувчи - Marion Biotech айни сиропни ишлаб чиқаришни тўхтатган, Ҳиндистон ҳукуматининг тегишли идоралари "ажал сиропи" хабари бўйича текширув бошлаган.
ССВ препарат таркибида заҳарли модда - этиленгликоль топилганини хабар қилган, 2023 йил январи бошида Док-1 Макс таркибидаги бу модда миқдори меъёрдан 300 баравар юқори экани маълум бўлган.
Ўзбекистонда Quramax Medical МЧЖ томонидан импорт қилинган Док-1 Макс сиропи билан бирга мазкур компания 2022 йил мамлакатга олиб кирган барча дори воситалари сотуви тўхтатилган.
ДХХ Quramax Medical МЧЖ ва "Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази" МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186−3-моддаси 4-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатган.
Февраль ойида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ раҳбари Сардор Кариев дохил қатор мансабдор шахслар мазкур жиноят ишига боғлиқ равишда ҳибсга олинган.
Болаларни нима ўлдирган?

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Давлат қораловчиси 12 февраль куни ўтган суд музокарасида кимёвий экспертиза хулосаларини тилга олган.
Ушбу хулосаларга кўра, Док-1 Макс ва Амбронол дори воситалари таркибида пропиленгликол моддаси ўрнига инсон соғлиғи ва ҳаёти учун хавфли бўлган этиленгликоль ва диэтиленгликол моддаси аниқланган.
Давлат қораловчиси музокара давомида болалар ушбу моддалар билан заҳарланиш ортидан вужудга келган ўткир буйрак, жигар етишмовчилиги натижасида вафот этганлиги ва оғир тан жароҳати олганлиги ҳақида гапирган.
2022 ва 2023 йиллар давомида йўталга қарши сифатсиз сироплар туфайли нафақат Ўзбекистон, балки Гамбия, Индонезия ва Ҳиндистонда 300 дан зиёд бола ҳалок бўлган.
Ушбу рақамни тақдим этган Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти мазкур сироплар таркибида аниқланган диэтиленгликоль ва этиленгликоль моддалари, ҳатто, оз миқдорда қабул қилинганда ҳам ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган, ҳукуматларни сифатсиз ва қалбаки дори воситаларига қарши фаолроқ курашишга чақирган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














