Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонга: Йўтал сиропларини болаларга берманг! O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган тўрт сироп савдосини тўхтатишни маслаҳат берган эди

Сурат манбаси, WHO

Сурат тагсўзи, Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган тўрт сироп савдосини тўхтатишни маслаҳат берган эди

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти баёнот беришича, Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика ширкати ишлаб чиқарган йўтал сиропларини болаларга бермаслик лозим.

Ташкилотга кўра, нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари, балки бутун дунё дори бозорларига Marion Biotech йўтал сироплари тарқаб кетган, мамлакатлар раҳбарияти сифати кафолатланмаган дори-дорини инсонлар қўллаши олдини олиш чораларини кўрмоқлари лозим.

Ўзбекистонда расман эълон қилинган 20 гўдакнинг ўлимига сабабчи деб кўрилаётган Ambronol ва DOK-1 Max дорилари ҳодисаси бутун дунё диққатини ўзига тортди.

Алоқадор мавзулар:

Янги 2023 йил бошигача 19 бола ўлими хабари расман тасдиқланган, 9 январь куни эса Наманган вилояти расмийлари 21 декабрь куни уч ёшли бола оламдан ўтганини тасдиқладилар.

Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги таҳлилларига кўра, Ambronol ва DOK-1 Max сироплари таркибида заҳарли модда этилен гликоль бўлган.

Сиропларни шамоллашга қарши даво деб нотўғри ҳисоблаган ота-оналар ёки дорихоначиларнинг маслаҳатлари билан болаларга рухсат этилганидан юқори дозалар сироп дозалари берилган, дейилади Ўзбек расмийлари текширувида.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти хабар қилишича, Marion Biotech ширкати шу вақтгача ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларнинг хавфсизлик ва сифати бўйича сўровига жавобан ЖССТга кафолат тақдим этмаган.

Ўзбекистондаги болалар ўлимлари хабарлари тарқалганидан кейин Ҳиндистон Соғликни сақлаш вазирлиги Marion Biotech компаниясининг дори-дармон ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатган, Уттар-Прадеш штати ширкатнинг лицензиясини қайтариб олган.

Қатор маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари Marion ширкатига муносабат сўраб мурожаат қилишган, лекин шу вақтгача ширкат бирор баёнот бергани йўқ.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати 20 бола ўлими юзасидан очилган тергов доирасида тўрт шахс ҳибсга олинганини хабар қилди.

Ўзбекистонда болалар ўлимига сабабчи кўрилаётган йўтал сиропи

Сурат манбаси, SCREENSHOT/DXX

Ўзбекистондаги фожеали ҳодисалар Африканинг Гамбия давлатидаги камида 70 бола ўлимидан кейин кузатилди.

2022 йил июлида ёши бешдан кичкина болаларда буйрак шикастланиши ҳолатлари кўпайди, ҳукумат камида 70 гўдак вафот этганини хабар қилди.

Октябрь ойида Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган тўрт хил сиропни сотишни тўхтатишни тавсия берди.

Гамбия парламенти қўмитаси 2022 йил декабрида эълон қилган текшируви натижасига кўра, болалар ўлими Ҳиндистондаги бошқа бир фармацевтика ширкати маҳсулотларига боғлиқ.

Нью-Деҳлида жойлашган Maiden Pharmaceuticals компанияси ишлаб чиқарган ва Гамбия дорихоналарида сотилган йўтал ва шамоллашга қарши сиропларда диэтилен гликол ва диэтилен гликол моддалари кўплиги аниқлангани ҳақида хабар бердилар Гамбия расмийлари.

Гамбия расмийлари Ҳинд ширкатини "заҳарланган дорилар"ни экспорт қилишда айблади ва компанияни судга тортишга чақирди.

Ҳиндистон расмийлари эса фармацевтика ширкати маҳсулотлари текширувлари ҳеч қандай бузилишни аниқламаганини эълон қилдилар, Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотини аҳволни синчиклаб ўрганмасдан туриб ўзларини ёмонотлиққа чиқараётганликда айбладилар.

Ўзбекистонда сироплар билан боғлиқ ўлимлар мамлакат медицинаси ва фармацевтикасидаги аҳвол нақадар жиддийлигини кўрсатди.