Янгиликлар. Ўзбекистон: Яхши хабар – энди Ўзбекистондан арзон учиш мумкин, ўғил 80 ёшли онасини урди ва газ учун навбат талашганларни милиция нима қилди? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Samolyot

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, "Centrum Air" дунёнинг 15 та давлатига учади. Уларнинг орасида Туркия, Саудия Арабистони, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон ва Жанубий Корея ҳам бор

"Ўзбекистон Ҳаво йўллари"га арзон маҳаллий муқобили топилдими? "Йўқ бўлсин. Ўлиги ҳам, тириги ҳам керак эмас". Милиция жанжалкашларга куч қўлладими?

Алоқадор мавзулар

Яхши хабар

Ўзбекистондан энди арзонга учиш мумкин.

Мамлакатда кечаётган ҳафтада арзон нархларда ташувларни амалга оширувчи янги авиакомпания иш бошлади.

"Centrum Air" Тошкентдаги ҳабидан ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро парвозларни амалга оширади.

Бир ҳафтанинг ичида авиаширкат ихтиёрига иккита Airbus A320-232s ва иккита Boeing 737 йўловчи ташувчи самолётлар етиб келган. Учинчи A320 ни эса, шу ҳафта охирида қабул қилиб олиши айтилаётир.

Ширкат шу йилнинг охиригача ўз ихтиёридаги самолётлари сонини 20 тага етказмоқчи. Келаси уч йил ичида эса, ўз парвозларини жами 100 та самолётда амалга ошириш ниятида.

"Янги авиакомпания очиш тўғрисидаги қароримиз президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар муваффақияти, транспорт ва туризм соҳаларида хусусий сектор салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган кучли қўллаб-қувватловни акс эттиради. Арзон авиакомпаниянинг ташкил этилиши янада кўплаб одамларга ҳаво қатнови имтиёзларидан фойдаланиш имконини беради ва маҳаллий, минтақавий ҳамда халқаро миқёсда алоқаларни ривожлантиришга ёрдам беради", - деб айтган авиакомпания Бош директори Абдулазиз Абдураҳмонов.

"Centrum Air" дунёнинг 15 та давлатига учади. Уларнинг орасида Туркия, Саудия Арабистони, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон ва Жанубий Корея ҳам бор.

Маҳаллий парвозларни эса, Ўзбекистоннинг беш шаҳри - Нукус, Ургенч, Наманган ва Фарғонага амалга оширади.

"Centrum Air"нинг чипталари дастлаб маҳаллий парвозлар учун $20 доллар, халқароси учун эса, $40 доллардан бошланади.

"Ўзбекистон Ҳаво йўллари"нинг мамлакатда монопол авиаширкатга айланиб қолаётгани ва авиачипталарнинг қанчалик қимматлиги сўнгги йилларда ўзбекистонликларнинг жиддий шикоятларига сабаб мавзулардан бир экани кўрилган.

Орада айрим расмийларнинг вазиятни тўла ўрганмасдан Ўзбекистон ички бозорини хорижий авиаташувчиларга очиб бериш "Ўзбекистон Ҳаво йўллари"нинг касод бўлишига етаклашига оид сўзлари эса, ижтимоий тармоқларда танқидлар билан ҳам қарши олинганди.

Жанжалкашларга нима бўлди?

Logo

Сурат манбаси, Sof.uz

Сурат тагсўзи, Масъулларнинг билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан жанжал иштирокчилари баробарида Ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади

Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, Андижоннинг Асака туманидаги газ заправкасида жанжал келиб чиққан.

Ҳайдовчилар газ заправкасида навбат учун талашишган.

Жанжалкашларнинг куч ишлатилиб Ички ишлар бошқармасига олиб кетилгани эса, юз берган жанжал манзарасида маҳаллий нашрларда сарлавҳаларга чиққан хабарга айланган.

Вазиятга вилоят Ички ишлар бошқармаси ойдинлик киритган.

Бошқарманинг маълум қилишича, Патруль-пост хизмати ходими жанжални тинчитиб, тартиб ўрнатмоқчи бўлган.

Бироқ жанжал сабабчилари бўлган икки шахс ходимни ҳақоратлаб, унинг қонуний талабларига бўйсинишмаган, қаршилик кўрсатишган.

Сатҳда тартиб ўрнатилгач, тартиббузарларга нисбатан жисмоний куч ишлатилган ҳолда туман Ички ишлар бошқармасига олиб келинган. Улар билан тегишли тартибда профилактик суҳбат ўтказилган, дейди бошқарма.

Масъулларнинг билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан жанжал иштирокчилари баробарида Ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.

Ўзбекистондаги аномал совуқ манзарасида эса, бутун мамлакат бўйлаб газ заправкаларининг фаолияти соатлаб чеклаб қўйилган, вақтинчалик ёпилганди ҳам.

Ҳукм ўқилди

Qoraqalpog'iston

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Ўзбекистондаги айрим нашрларнинг ёзишича, ҳукм ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментида кескин баҳсу мунозараларга ҳам сабаб бўлган

Қорақалпоғистондан олинаётган хабарларга кўра, 80 ёшли онаси ва имконияти чекланган акасини калтаклаган шахс нисбатан суд ўз ҳукмини эълон қилган. Уни 15 суткага қамашга қарор қилган.

Маълум бўлишича, мазкур шахс 80 ёшли онаси ва имконияти чекланган акасини мунтазам равишда калтаклаб, уларни қийноққа солиб келган.

Жиноят ишлари бўйича Хўжайли тумани суди мазкур шахсни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183 ва 187-моддалари бўйича айбдор, деб топган.

Мазкур моддалар эса, "майда безорилик" ва "жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш"ни назарда тутади.

Бундан ташқари, у жамоат жойида маст ҳолида безорилик қилгани, ўзини тартибга чақирмоқчи бўлган ички ишлар бошқармаси ходимига бўйсунмаслик билан мазкур кодекснинг яна бир моддаси талабини бузгани айтилади.

Буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, мазкур шахсга умумий тарзда 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ўзбекистондаги айрим нашрларнинг ёзишича, ҳукм ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментида кескин баҳсу мунозараларга ҳам сабаб бўлган.

Кекса онаси ва имконияти чекланган акасига қилган ишини назарда тутиб, унга 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосининг камлигини айтишган.

Хўжайли тумани ҳокимлиги эълон қилган видеода эса, кекса онахоннинг "Йўқ бўлсин, ўлиги ҳам, тириги ҳам керак эмас. Бу бечора (имконияти чекланган акаси)ни ҳар кун уради. Ичиб келса, кўзига ҳеч нарса кўринмайди", деган сўзларини тинглаш мумкин бўлгани ҳақида ёзишмоқда айрим нашрлар.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek